Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 15 августдаги ПФ-5511-сон Фармони ҳамда «Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 13 июлдаги ПҚ-3852-сон қарори)
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 апрелдаги 214-сонли «Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 15 августдаги ПФ-5511-сон Фармони ҳамда «Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 13 июлдаги ПҚ-3852-сон қарори ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорга илованинг 1-банди «б» кичик бандининг иккинчи хатбоши ушбу қарор кучга кирган кундан эътиборан уч ой ўтгач амалга киритилади.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири А.Х. Тухтаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 16 январь,
36-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 январдаги 36-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида» 2018 йил 18 майдаги 370-сон қарорида:
а) Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти 23-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«23. Қуйидаги фаолият турлари учун турар-жой зоналарида жойлашган объектларни қайта ихтисослаштириш учун рухсатнома бериш тақиқланади:
Вазирлар Маҳкамасининг «Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳа ишлари ва инвестиция лойиҳаларини такомиллаштириш учун қўшимча чоралар ҳақида» 2016 йил 22 январдаги 15-сон қарорига 2-иловада (Мураккаблик тоифаси бўйича объектлар классификацияси) келтирилган III тоифага мансуб фаолият турлари;
тўй ва шунга ўхшаш маросимлар ўтказиладиган, 100 тадан ортиқ ўтириш жойи бўлган очиқ турдаги умумий овқатланиш корхоналари, кино ва видеофильмлар намойиш қилинадиган стационар ва вақтинча павильонлар, очиқ турдаги ёзги эстрада, кинотеатрлар ва рақс майдончалари.
Қуйидаги объектлар бундан мустасно (ушбу банднинг учинчи хатбошида кўрсатилган объектлар комплексида бўлмаслик шарти билан):
соғлиқни сақлаш муассасалари объектлари ва дорихоналар;
дам олиш ва туризм муассасалари объектлари;
юлдузлик даражасидан (тоифасидан) қатъи назар меҳмонхона хўжалиги объектлари;
маданий-маърифий муассасалар объектлари;
жамоат бинолари ва маъмурий бинолар;
таълим муассасалари объектлари;
илмий-тадқиқот муассасалари объектлари;
маиший хизмат кўрсатиш корхоналарининг йил бўйи фаолият юритадиган объектлари, кир ювиш корхоналари, кийим тикиш ательелари, сартарошхоналар, ҳаммомлар ва шу кабилар;
сув хўжалиги қурилиши, мелиорация ва ирригация объектлари;
почтамптлар, телеграфлар, саралаш узеллари;
алоқа бўлими мавжуд бўлган автоматлаштирилган телефон станциялари;
қаватлар сонидан қатъи назар кўп квартирали кўп қаватли уйлар ва ётоқхоналар (якка тартибдаги уй-жойлардан иборат маҳаллалар ҳудудида фақат аҳоли пунктларининг бош режалари ва уларнинг қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларида назарда тутилган ҳолатларда жойлаштирилади);
ушбу банднинг учинчи хатбошида қайд этилганлардан ташқари умумий овқатланиш шохобчалари, шу жумладан ресторанлар;
савдо шохобчалари, шу жумладан супермаркет, йирик кўп тармоқли ва ихтисослаштирилган дўконлар, савдо уйлари;
ёпиқ сув ҳавзалари ва сув ҳавзали жисмоний-соғломлаштириш мажмуалари;
иссиқлик таъминоти учун автоном қозонхоналар;
кўп қаватли ер ости ва ер усти гаражлар»;
б) Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентида:
3-банднинг иккинчи хатбошидан «реконструкция қилиш ва» сўзлари чиқариб ташлансин;
8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«8. Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишлари якунлангач, лойиҳа ташкилотлари:
Вазирлар Маҳкамасининг «Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳа ишлари ва инвестиция лойиҳаларини такомиллаштириш учун қўшимча чоралар ҳақида» 2016 йил 22 январдаги 15-сон қарорига 2-иловада (Мураккаблик тоифаси бўйича объектлар классификацияси) келтирилган III тоифаларга мансуб объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини бевосита ўзлари санитария-эпидемиология ва ёнғинга қарши назорат хизматлари ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари билан келишадилар;
ушбу банднинг иккинчи хатбошида қайд этилган объектлардан бошқа объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) давлат хизматидан фойдаланиш учун ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ сўровномани, архитектура-режалаштириш топшириғи реквизитларини кўрсатган ҳолда электрон шаклда тўлдирадилар.
Сўровномага лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектурага оид қисми (тушунтириш хати (тушунтириш хатида лойиҳа-смета ҳужжатида ёнғин хавфсизлигига, санитария-эпидемиология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этиш бўйича ва бошқа йўналишларда бажарилган ишлар акс эттирилади), бино ва иншоотнинг фасадлари, қаватлар режалари, қурилиш объектининг бош режаси) электрон шаклда илова қилинади.
Лойиҳа ташкилотларидан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотларни, шунингдек, бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш қатъиян тақиқланади»;
қуйидаги мазмундаги 141 ва 142-бандлар қўшилсин:
«141. Ишчи орган сўровнома келиб тушгандан сўнг бир иш куни мобайнида лойиҳа-смета ҳужжатларини ҳудудий санитария-эпидемиология ва ёнғинга қарши назорат хизматлари ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларига (кейинги ўринларда хулоса берувчилар деб аталади) кўриб чиқиш учун идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик тизими «YERELEKTRON» ААТ орқали электрон шаклда юборади.
Хулоса берувчилар уч иш куни мобайнида лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича ўз хулосаларини ишчи органга «YERELEKTRON» ААТ орқали электрон шаклда юборадилар. Бунда хулоса (қарор) ижобий ёки салбий бўлиши мумкин. Салбий хулосада лойиҳа-смета ҳужжатидаги камчиликлар асосланган ҳолда қайд этилади.
Агар салбий хулосада лойиҳа-смета ҳужжатига тузатишлар киритиш тўғрисида талаблар назарда тутилган бўлса, ишчи орган хулоса олинган кундан кейинги иш кунидан хулосани лойиҳа ташкилотига лойиҳа-смета ҳужжатини қайта ишлаш учун юборади.
Лойиҳа ташкилоти ўн иш куни мобайнида лойиҳа-смета ҳужжатларига тегишли тузатишлар киритади ва уни ишчи органга такроран юборади.
Ишчи орган тузатишлар киритилган лойиҳа-смета ҳужжатларини олгандан сўнг кейинги иш кунидан лойиҳа-смета ҳужжатларини ижобий хулоса олиш учун тегишли хулоса берувчиларга такроран юборади.
Хулоса берувчилар лойиҳа-смета ҳужжатларини икки иш кунида кўриб чиқадилар ва ижобий хулосани «YERELEKTRON» ААТ орқали электрон шаклда ишчи органга юборадилар.
142. Хулоса берувчилардан ижобий хулосалар олингандан сўнг ишчи орган навбатдаги Кенгаш йиғилишига лойиҳа-смета ҳужжатларини киритади»;
15-банддаги «сўровнома келиб тушгандан сўнг навбатдаги Кенгаш» сўзлари «ўзининг навбатдаги» сўзлари билан алмаштирилсин;
1-илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Маъмурий регламентга
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш
СХЕМАСИ
»;
в) Қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентида:
15-банддаги «бир иш куни» сўзлари «беш иш куни» сўзлари билан алмаштирилсин;
1-илованинг 3-босқич «Бажариш муддатлари» устунидаги «бир иш куни» сўзлари «беш иш куни» сўзлари билан алмаштирилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 июлдаги 603-сон қарори билан тасдиқланган Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари ҳузуридаги ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашларининг намунавий таркибидаги «ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари» сўзлари «вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи» сўзлари билан алмаштирилсин.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.01.2019 й., 09/19/36/2488-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.04.2022 й., 09/22/200/0327-сон)