Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Судьяларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 13 июлдаги ПФ-5482-сон Фармонининг ижросини таъминлаш, шунингдек, судьяларни янада ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва АТ «Халқ банки»нинг судьялар ва уларга тенглаштирилган шахсларга мамлакатимизда ишлаб чиқарилган бюджет енгил автотранспорт воситаларини (кейинги ўринларда автотранспорт воситалари деб аталади) сотиб олиш учун қуйидаги шартларда имтиёзли кредитлар бериш ҳақидаги таклифларига розилик берилсин:
Кейинги таҳрирга қаранг.
кредит муддати — уч ойлик имтиёзли давр билан 5 йил;
дастлабки бадал — сотиб олинадиган автотранспорт воситаси қийматининг 25 фоизи;
кредит бўйича фоиз ставкаси — Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг кредит бериш санасида амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан ошмаган миқдорда.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. «Ўзавтосаноат» АЖ Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тақдимномаси бўйича судьялар ва уларга тенглаштирилган шахсларга имтиёзли кредитлар асосида сотиб олиши учун тегишли автотранспорт воситаларининг зарур миқдорда ўз вақтида ажратилишини таъминласин.
3. Қуйидагиларга:
АТ «Халқ банки»га Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан биргаликда судьялар ва уларга тенглаштирилган шахсларга автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар берилишини таъминлаш мақсадида Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасининг бўш турган маблағларини депозит ҳисоб рақамларга келишилган йиллик фоиз ставкасида жойлаштириш масаласини ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий судига:
автотранспорт воситаларини имтиёзли кредитлар асосида сотиб олишни хоҳловчи судьялар ва уларга тенглаштирилган шахсларнинг эҳтиёжини аниқлаш ва уларга имтиёзли кредитлар расмийлаштирилиши учун тақдимномалар бериш;
АТ «Халқ банки» билан биргаликда банкнинг ҳудудий филиаллари жойлашишидан келиб чиқиб, салоҳиятли қарз берувчиларни тақсимлаш;
судьялар ва уларга тенглаштирилган шахслар ўртасида автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар олиш шартлари ва тартиби тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилишини ташкил этиш тавсия этилсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 20 декабрь,
1036-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.12.2018 й., 09/18/1036/2358-сон, 13.12.2019 й., 06/19/5893/4150-сон)