Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Минерал ўғитларни етказиб бериш соҳасида узоқ муддатли ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Томонлар давлатлари миллий қонунчилигига мувофиқ савдо соҳасида ҳамкорлик қилиш орқали икки мамлакат ўртасидаги мавжуд дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш истагида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикасидан Қирғизистон Республикасига минерал ўғитларни етказиб бериш масалаларида хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратадилар.
Мазкур Битим доирасидаги ҳамкорлик Томонлар давлатларининг халқаро мажбуриятлари ва миллий қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
2-модда
Мазкур Битим доирасида Томонлар ўртасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасидан Қирғизистон Республикасига минерал ўғитларни тўғридан-тўғри етказиб бериш соҳасида узоқ муддатли асосда амалга оширилади.
3-модда
Куйидагилар Томонларнинг мазкур Битимни амалга ошириш учун масъул бўлган ижро органлари ҳисобланади:
Ўзбекистон томонидан — Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти;
Қирғизистон томонидан — Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Давлат моддий захиралари фонди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4-модда
Ўзбекистон томони Ўзбекистон Республикасидан Қирғизистон Республикасига ҳар йили 100 минг тоннадан кам бўлмаган миқдорда азотли минерал ўғитларни етказиб бериш квотасини белгилайди, жумладан:
аммиакли селитра — 60,0 минг тонна;
карбамид — 40,0 минг тонна.
5-модда
Ўзбекистон томонидан минерал ўғитларни харид қилиш ўзаро келишилган нархлар асосида Қирғизистон томонининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
6-модда
Томонлар Ўзбекистон Республикасидан Қирғизистон Республикасига минерал ўғитларнинг тўсиқсиз импорти (экспорти) учун шароитлар яратишга кўмаклашишга келишиб олдилар.
7-модда
Мазкур Битимни талқин қилиш ёки қўллашда юзага келадиган келишмовчиликлар, шунингдек, низоли ёки форс-мажор вазиятларнинг келиб чиқиши Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ёки музокаралар йўли билан ҳал этилиши лозим.
8-модда
Томонларнинг ўзаро келишувига кўра мазкур Битимга алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган, унинг ажралмас қисмлари ҳисобланадиган ва Битимнинг 9-моддасида белгиланган тартибда кучга кирадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
9-модда
Мазкур Битим имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва етти йил давомида амал қилади. Ушбу муддат тугаганидан сўнг, башарти Томонлардан бири навбатдаги етти йиллик муддат бошлангунига қадар олти ой ичида ёзма равишда дипломатик каналлар орқали Битимнинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни хабардор қилмаса, унинг амал қилиши кейинги етти йиллик муддатларга ўз-ўзидан узаяверади.
Тошкент шаҳрида 2017 йил 5 октябрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, қирғиз ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битим қоидаларини талқин этишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)