Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида
битим
«Аваза» миллий туристик зонасида болаларни санаторий-соғломлаштириш даволаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркманистон Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
2015 йил 8 октябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида соғлиқни сақлаш ва спорт соҳасида 2016 — 2018 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисида Дастурга амал қилиб,
соғлиқни сақлаш ва санаторий-курорт даволаш соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва чуқурлаштиришга бўлган ўзаро интилишга асосланиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мазкур Битимдан кўзланган мақсад соғлиқни сақлаш соҳасида ва Туркманистоннинг санаторий-соғломлаштириш марказларида, шу жумладан, «Аваза» миллий туристик зонасида Ўзбекистонлик болаларни санаторий-курорт даволашни ташкиллаштиришда Томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳисобланади.
Мазкур моддада кўрсатилган болаларнинг сони Томонлар ўртасида келишув асосида белгиланади.
2-модда
Мазкур Битимни амалга ошириш мақсадларида ўзбек томони:
Туркманистоннинг санаторий-соғломлаштириш марказларига даволаш учун юбориладиган Ўзбекистонлик болалар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахсларнинг рўйхати тузилишини ва зарур ҳужжатларни илова қилган холда туркман томонига тақдим этилишини олдиндан таъминлайди;
Туркманистоннинг санаторий-соғломлаштириш марказларига даволаш учун юбориладиган болаларнинг умумий сонидан келиб чиқиб ҳамроҳлик қилувчи шахсларнинг зарур сонини белгилайди;
даволаш учун юбориладиган болалар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахсларнинг чиқиш ҳужжатлари ўз вақтида расмийлаштиришни таъминлайди;
болалар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахсларнинг темир йўл транспорти билан тегишли манзилга ва орқага қайтиш масаласини ишлаб чиқади;
мазкур Битим доирасида амалга ошириладиган тадбирларни Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкиллаштиради.
3-модда
Мазкур Битимни амалга ошириш мақсадларида туркман томони:
ташкилий масалаларни ҳал қилишга ҳамда Туркманистоннинг санаторий-соғломлаштириш марказларида, шу жумладан, «Аваза» миллий туристик зонасида бўлган болалар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратишга кўмаклашади;
йўлланманинг тасдиқланган нархидан 50 фоизгача бўлган миқдорда чегирма беради, тасдиқланган нархдан чегирманинг миқдори ҳар бир ҳолатда Томонларнинг келишувига биноан белгиланади;
болалар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар учун кириш визаларини расмийлаштириш ва вақтинча рўйхатга қўйишга консуллик, миграцион ва бошқа йиғимларни ундирмаган ҳолда кўмаклашади;
болалар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахсларни тегишли манзилга оборувчи ва олиб келувчи транспорт воситаларининг ўзбек-туркман Давлат чегарасидан соддалаштирилган ҳолда ўтишига кўмаклашади;
болалар ва ҳамроҳлик қилувчи шахслар Туркманистон ҳудудида бўлган вақтида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича чоралар кўради.
4-модда
Ҳар бир Томон мазкур Битим қоидаларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни мустақил равишда қоплайди, башарти ҳар бир аниқ ҳолатда бошқача тартиб келишилмаса.
5-модда
Томонларнинг ўзаро келишувига кўра мазкур Битимга алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган, унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
6-модда
Мазкур Битим қоидаларини қўллаш ва талқин қилиш билан боғлиқ барча келишмовчиликлар Томонлар ўртасида маслаҳатлашувлар ҳамда музокаралар орқали ҳал қилинади.
7-модда
Мазкур Битим имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва бир Томон бошқа Томоннинг мазкур Битимнинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисидаги ёзма хабарномасини олган санадан бошлаб 2 (икки) ой ўтгунга қадар амал қилади.
Тошкент шаҳрида 2018 йил 23 апрелда ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида бўлган икки асл нусхада тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Матнлар ўртасида тафовутлар юзага келган тақдирда, Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)