Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида» 2018 йил 27 июндаги ПФ-5466-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, ёшларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш ҳамда уларнинг тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
«Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури доирасида давлат-хусусий шериклик шартларида «Yosh tadbirkorlar» коворкинг марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплексларини қуриш ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага;
«Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармасининг иштирок этиши тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 27 ноябрь,
962-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги 962-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Кейинги таҳрирга қаранг.
«Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури доирасида давлат-хусусий шериклик шартларида «Yosh tadbirkorlar» коворкинг марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплексларини қуриш ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом «Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури (кейинги ўринларда Давлат дастури деб аталади) доирасида давлат-хусусий шериклик шартларида «Yosh tadbirkorlar» коворкинг марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплексларини қуриш ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
давлат шериги — туман (шаҳар) ҳокимликлари;
давлат-хусусий шериклик — хусусий инвестицияларни жалб қилиш, ресурсларни бирлаштириш мақсадида давлат шериги ва хусусий шерикнинг аниқ муддатга «Yosh tadbirkorlar» коворкинг марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплексларини қуриш ҳамда фаолиятини ташкил этишдаги ўзаро самарали ҳамкорлиги;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаси — «Yosh tadbirkorlar» коворкинг марказлари ва (ёки) «Yoshlar mehnat guzari» комплексларини қуриш ҳамда фаолиятини ташкил этиш бўйича инвестициявий, инновацион, инфратузилмавий ва бошқа тадбирлар мажмуи;
давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим (кейинги ўринларда битим деб аталади) — давлат шериги ва хусусий шерикнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини, шунингдек, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини ижро этишнинг бошқа шартларини белгилаб берадиган давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида тузилган ёзма шартнома;
тадбиркорлик субъектлари — Давлат дастури доирасида тадбиркорлик ва даромад келтирадиган меҳнат фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар тадбиркорлиги субъектлари (18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган ёшлар), 50 фоиз ва ундан кўпроқ муассислари ёшлардан иборат бўлган тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, яратиладиган иш ўринларининг 70 фоизидан кам бўлмаган қисмини 5 йил давомида ёшларни иш билан таъминлаш учун тақдим этиш мажбуриятини ўз зиммасига оладиган тадбиркорлик субъектлари, жумладан, хорижий инвесторлар;
хусусий шерик — давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузган ёки битим тузиш истагини билдирган тадбиркорлик субъектлари;
«Yosh tadbirkorlar» коворкинг марказлари (кейинги ўринларда коворкинг марказлари деб аталади) — ёшлар тадбиркорлиги субъектларига имтиёзли шартларда бинолар, офис техникаси ва сарфлаш материалларини ижарага бериш, уларни Интернет жаҳон ахборот тармоғи билан таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишга бошқача кўмак бериш, жумладан, бизнес режалар ишлаб чиқиш, маслаҳат, юридик, бухгалтерия ва бошқа хизмат турларини кўрсатиш, форумлар, маҳорат дарслари ва семинарлар ташкил этишга мўлжалланган мажмуа;
«Yoshlar mehnat guzari» комплекслари (кейинги ўринларда меҳнат гузарлари деб аталади) — чакана савдо ва маиший хизматлар кўрсатиш фаолиятини ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларига имтиёзли шартларда ижарага жой ажратиш орқали ёшларни иш билан таъминлашга мўлжалланган мажмуа.
3. Давлат шериги ва хусусий шерикнинг коворкинг маркази ва (ёки) меҳнат гузарини ўзаро манфаатдорликда ташкил этиш бўйича таклифлари давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузиш учун асос ҳисобланади. Мазкур битим намунаси Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан келишилади.
4. Ушбу Низом тасдиқлангунга қадар коворкинг марказлари ва меҳнат гузарлари ташкил этиш мақсадида бўш турган ер участкаларини ва бўш турган давлат мулки объектларини бепул асосда олган тадбиркорлик субъектлари билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузиш ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.
5. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ўз муассислигида ташкил этилган тадбиркорлик субъекти томонидан коворкинг марказлари ва меҳнат гузарларини қуриш учун Жамғарма маблағлари билан тўлиқ молиялаштирган ҳолда иштирок этишга ҳақли.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Коворкинг марказлари ва меҳнат гузарларини қуришга йўналтириладиган маблағлар хусусий шерикнинг солиқ солинадиган базасидан чегириб ташланади.
2-боб. Хусусий шерик томонидан давлат-хусусий шериклик лойиҳасини таклиф этиш тартиби
7. «Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури доирасида давлат-хусусий шериклик шартларида «Yosh tadbirkorlar» коворкинг марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплексларини қуриш ҳамда фаолиятини ташкил этиш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
8. Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида коворкинг марказлари ёки меҳнат гузарларини қуриш (жойлаштириш) истагини билдирган хусусий шерик туман (шаҳар) ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилади.
Аризага қуйидагилар илова қилинади:
а) юридик шахслар учун — давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, жисмоний шахслар учун — паспорт нусхаси;
б) коворкинг маркази ёки меҳнат гузарини қуриш (жойлаштириш) учун режалаштирилаётган ер участкаси ёки давлат мулки бўлган бўш турган объект тўғрисидаги маълумотлар;
в) ер участкасига (бинога) бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома (агар коворкинг маркази ёки меҳнат гузари хусусий шерикнинг мулки негизида ташкил қилиш билан боғлиқ бўлса);
г) заруратга кўра, коворкинг маркази ёки меҳнат гузарини қуриш учун эскиз лойиҳавий таклиф ҳужжатлари.
9. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларига тушган аризалар икки иш кунида қуйидагиларга асосан кўриб чиқилади:
тақдим этилган ҳужжатларнинг ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган талабларга мувофиқлиги;
таклиф этилаётган давлат-хусусий шериклик лойиҳаси ҳисоб-китобларининг асосланганлиги ҳамда иқтисодий самарадорлиги;
давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишда хусусий шерикнинг молиявий ҳолати, хусусан ўз маблағлари ва (ёки) у томонидан жалб этилган кредитлар ва бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилишининг таъминланиши;
коворкинг марказлари туман (шаҳар) марказида, меҳнат гузарлари эса ишсиз ёшлар сони кўп бўлган аҳоли пунктларида ташкил этилиши.
Тақдим этилган аризада талаблар бузилганлиги ҳақидаги билдиришнома ёзма шаклда, шу жумладан, электрон ахборот тизими орқали хусусий шерикка етказилади (жўнатилади). Билдиришномада қандай талаблар бузилганлиги, қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари ва хусусий шерик кўрсатилган талаблар бузилишини бартараф этиб, ҳужжатларни туман (шаҳар) ҳокимлигига такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилади.
Хусусий шерик талаблар бузилишини бартараф этишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат ёзма ёки электрон билдиришнома олинган кундан бошлаб уч иш кунидан кам бўлиши мумкин эмас.
Камчиликлар бартараф этилиб такрор тақдим этилган ариза қабул қилинган кундан бошлаб ушбу Низомнинг 9-бандида белгиланган тартибда қайта кўриб чиқилади.
3-боб. Коворкинг марказлари ва меҳнат гузарларини қуриш учун ер участкаларини ажратиш тартиби
11. Коворкинг марказлари ва меҳнат гузарларини қуриш учун аҳоли пунктлари таркибига кирадиган ер участкалари ажратилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. Туман (шаҳар) ҳокимлиги коворкинг маркази ёки меҳнат гузари қурилиши учун ер участкасини ажратиш бўйича материалларни икки иш куни мобайнида Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда — «Давергеодезкадастр» қўмитаси деб аталади) ҳудудий органларига юборади.
13. «Давергеодезкадастр» қўмитасининг ҳудудий органлари ўн беш кун мобайнида ер участкасини ажратишга доир материалларни тайёрлайди ва қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатли органлар (ташкилотлар) билан келишади ҳамда ушбу материалларни туман (шаҳар) ҳокимлигига юборади.
14. Туман (шаҳар) ҳокимлиги ер участкасини ажратишга доир материаллар тушган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида:
коворкинг маркази ёки меҳнат гузарини қуриш мақсадида ер участкасини хусусий шерикка доимий фойдаланиш учун ажратиш тўғрисида қарор қабул қилади;
ер участкасини ажратиш тўғрисидаги қарорни «Давергеодезкадастр» қўмитасининг туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси филиалига юборади ҳамда хусусий шерикни хабардор қилади.
15. «Давергеодезкадастр» қўмитасининг туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси филиали туман (шаҳар) ҳокимининг ер участкаси ажратиш тўғрисидаги қарори олинган кундан бошлаб икки иш кунида тақдим этилган материаллар асосида ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказади, шунингдек, хусусий шерикка ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома беради.
16. Ер участкасини ажратишга доир материалларни тайёрлаш ва келишиш билан боғлиқ харажатлар хусусий шерик билан битим тузилгандан кейин у томонидан қопланади.
17. Хусусий шерикка ажратилган ер участкаси негизида барпо этилган бино ва иншоотлар мулк ҳуқуқи асосида расмийлаштирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4-боб. Коворкинг марказлари ва меҳнат гузарларини қуриш учун давлат мулки бўлган бўш турган объектларни «ноль» харид қиймати бўйича реализация қилиш тартиби
18. Коворкинг марказлари ва меҳнат гузарларини қуриш учун давлат мулки бўлган бўш турган объектлар (кейинги ўринларда объект деб аталади) берилади.
19. Туман (шаҳар) ҳокимлиги икки иш куни мобайнида коворкинг маркази ёки меҳнат гузари қурилиши учун объектни хусусий шерикка «ноль» харид қиймати бўйича беришни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда Давлат рақобат қўмитаси деб аталади) ҳудудий бўлинмасига тегишли материалларни юборади.
20. Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий бўлинмаси тегишли материалларни олган вақтдан бошлаб уч иш куни мобайнида объектни балансда сақловчига (кейинги ўринларда балансда сақловчи деб аталади) мулкни Бухгалтерия ҳисоби миллий стандартларига мувофиқ инвентаризациядан ўтказиш тўғрисидаги ёзма талабни юборади.
21. Балансда сақловчи ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда объект бўйича инвентаризация ўтказади ва Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий бўлинмасига:
инвентаризация комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини;
инвентаризация комиссияси мажлисларининг баённомаларини;
инвентаризация комиссияси аъзолари ва раҳбари томонидан имзоланган объектни инвентаризация қилиш ҳужжатларини;
кадастр ҳужжатлари, шу жумладан, кадастр харитаси (режаси) ва ҳуқуқни ўрнатувчи бошқа ҳужжатларни (агар мавжуд бўлса);
ер участкасига, ерости бойликларига ва бошқа табиий ресурсларга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни;
балансда сақловчининг жамият рўйхатдан ўтказилган жой бўйича солиқ органи томонидан тасдиқланган балансини;
Давлат рақобат қўмитаси томонидан тасдиқланган шакл бўйича объектнинг паспортини, фотосуратларни (камида тўртта) илова қилган ҳолда тақдим этади.
22. Инвентаризация балансда сақловчи томонидан оралиқ баланс тузилган санада ўтказилади, бунда баланснинг ҳар бир қатори тегишли инвентарь рўйхатлари билан тасдиқланган бўлиши керак.
23. Инвентаризация ҳужжатлари Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 октябрдаги 279-сон қарори билан тасдиқланган Давлат мулки объектларини харидор томонидан инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар қабул қилиниши шарти билан «ноль» харид қиймати бўйича сотиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартиб асосида тузилади, инвентаризация комиссияси раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.
24. Балансда сақловчи ва хусусий шерик ўртасида инвентаризация ҳужжати тузилгач, икки иш куни мобайнида объектни топшириш-қабул қилиш ҳужжати унинг баланси қиймати кўрсатилган ҳолда имзоланади.
25. Объектни топшириш-қабул қилиш ҳужжати имзолангач ва хусусий шерик томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгач беш иш куни мобайнида Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий бўлинмаси хусусий шерикка «тасарруф этиш ҳуқуқисиз» белгиси билан эгалик қилиш ҳуқуқи учун давлат ордерини беради.
26. Битимнинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг хусусий шерик ўз мажбуриятларини ва битим шартларини бажарган тақдирда, давлат шериги томонидан тақдим этилган маълумот бўйича Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий бўлинмаси хусусий шерик томонидан эгалик қилиш ҳуқуқи учун давлат ордерининг асл нусхаси тақдим этилган кундан бошлаб беш иш кунидан ошмайдиган муддатда қабул қилувчи комиссиянинг ҳужжати, шунингдек, аудит хулосаси асосида «тасарруф этиш ҳуқуқи билан» белгисини қўяди.
27. Хусусий шерик ўз мажбуриятларини ва битим шартларини бажарган тақдирда объект хусусий шерикка мулк ҳуқуқи асосида расмийлаштирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-боб. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш бўйича битимни тузиш, ўзгартириш, бекор қилиш, шунингдек, амал қилишини тўхтатиш тартиби
28. Битим қонун ҳужжатлари ва ушбу Низом талабларига риоя қилинган ҳолда тузилади.
29. Битимда у амалга оширилиши шаклига қараб қуйидагилар назарда тутилган бўлиши керак:
хусусий инвестициялар объекти ва ҳажми;
битимнинг амал қилиш муддати ва шартлари;
коворкинг марказлари ёки меҳнат гузарлари фойдаланишга топшириладиган ва ишга тушириладиган муддатлар;
битим томонларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
қурилиш лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, пудрат ишлари учун шартномалар тузиш муддатлари, қурилишни молиялаштириш манбалари, амалга ошириш жадваллари, қурилишнинг бориши устидан техник назорат қилиш тартиби;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш тартиби ва у қай даражада бажарилганлигига берилган баҳо;
давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш жараёнида кўрсатиладиган хизматлар сифатига қўйиладиган талаблар;
хусусий шерик томонидан ўз мажбуриятларини бажариш жараёни тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш тартиби ва муддатлари;
давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида битим тузиш билан боғлиқ хавф-хатарларни тақсимлаш тартиби ва шартлари;
давлат шериги томонидан хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун бериладиган объектга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби;
коворкинг марказлари ёки меҳнат гузарларидан фойдаланиш, унга техник хизмат кўрсатиш, уни лойиҳалаштириш, қуриш, қайта қуриш, таъмирлаш, модернизациялаш тартиби;
битимнинг амал қилиш муддати тугагандан кейин битимни ижро этиш жараёнида яратилган объектга ва бошқа мулкка доир ҳуқуқларни тақсимлаш тартиби;
битим шартларига риоя қилинмаганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;
битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби;
битимни бекор қилиш тартиби, шунингдек, битимни муддатидан олдин бекор қилиш натижасида етказилган зарарларнинг ўрнини тўлдириш ёки қоплаш тартиби;
хусусий шерик томонидан мажбуриятлар бажарилмаслиги ёки тегишлича бажарилмаслиги учун санкциялар;
битимни амалга оширишда юзага келадиган низоларни ҳал қилиш тартиби.
Битимда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шартлар ҳам белгиланиши мумкин.
30. Битимни имзолашга тайёрлаш учун давлат шериги хусусий шерикка битим лойиҳаси матнини тақдим этади.
31. Агар зарурат бўлса, давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида битим қоидаларини келишиб олиш мақсадида музокаралар ўтказилади.
32. Битим давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида икки нусхада, томонларнинг ҳар бири учун биттадан нусхада имзоланади.
33. Тузилган битимларнинг ягона реестри туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан юритилади.
34. Битим ўттиз йилгача бўлган муддатга имзоланади. Битим, агар унда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, томонлар имзолаган вақтдан бошлаб кучга киради ва битим муддати тугашигача ёки бекор қилинишигача амал қилади.
35. Битимга қуйидаги ҳолларда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин:
томонларнинг ўзаро розилиги билан;
давлат шеригининг талаби бўйича — давлат шериги ва хусусий шерикнинг шартнома асосидаги муносабатларига доир коворкинг марказлари ва (ёки) меҳнат гузарларини қуришни (жойлаштиришни) тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ўзгариши муносабати билан;
суднинг ҳал қилув қарори бўйича.
36. Битим қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
томонларнинг ўзаро розилиги билан;
хусусий шерик банкрот бўлса ёки тугатилса;
давлат шеригининг талаби бўйича — хусусий шерик ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда;
хусусий шерикнинг талаби бўйича — давлат шериги ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда.
Ушбу банднинг тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда суд орқали бекор қилинади.
37. Битимнинг амал қилиши унинг муддати тугаганидан кейин тўхтатилади.
Битимнинг амал қилиш муддати тугаши томонларни уни бузганлик учун жавобгарликдан озод қилмайди.
6-боб. Битим томонларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
38. Давлат шериги:
хусусий шерикдан битим шартларини бажариш жараёни тўғрисида битимда белгиланган муддатларда ҳисобот олишга;
битим шартларини бажариш жараёни устидан мониторинг олиб бориш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга оширилишини баҳолашга;
қонун ҳужжатларига ва битим шартларига риоя этилиши устидан мониторинг олиб бориш доирасида аниқланган қонунбузарликлар бартараф этилишини талаб қилишга;
хусусий шерик айби билан юзага келган объект бўйича зарарлар қопланишини талаб қилишга;
битим шартлари хусусий шерик томонидан бузилган тақдирда, битимнинг суд тартибида бекор қилинишини талаб қилишга;
давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг амалга оширилишини молиялаштиришда иштирок этишга ҳақли.
Давлат шериги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
39. Давлат шериги:
хусусий шерикка коворкинг маркази ёки меҳнат гузарини қуриш учун ер участкасини бепул асосда ёки давлат мулки бўлган бўш турган объектни «ноль» харид қийматида белгиланган муддатларда, тартибда ва шартларда тақдим этиши;
Кейинги таҳрирга қаранг.
коворкинг марказлари ва меҳнат гузарларини муҳандислик коммуникацияларига, жумладан, электр, газ ва сув таъминоти тармоқларига улаш ва улашни туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан таъминлаши;
хусусий шерикнинг мулки негизида ташкил этилган коворкинг марказлари ва меҳнат гузарларининг мавжуд имтиёзлардан фойдаланишини таъминлаши;
хусусий шерикга солиқ имтиёзлари ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа преференциялар тақдим этилишида кўмаклашиши;
коворкинг марказлари ва меҳнат гузарларини қуриш (жойлаштириш) учун қурилиш қийматининг 30 фоизигача бўлган қисмини Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштиришда кўмаклашиши;
Кейинги таҳрирга қаранг.
хусусий шерикнинг хўжалик фаолиятини олиб боришига аралашмаслиги шарт.
Давлат шериги зиммасида ушбу Низомда ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
40. Хусусий шерик:
давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тақдим қилиш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш учун давлат шеригига тақдим этишга;
коворкинг марказлари ва меҳнат гузарларини қуриш (жойлаштириш) учун замонавий қурилиш маҳсулотларини харид қилиш учун имтиёзли кредитлар олиш ҳамда зарур ҳолларда белгиланган тартибда қурилиш қийматининг 30 фоизигача бўлган қисмини Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштириш учун мурожаат қилишга;
Кейинги таҳрирга қаранг.
фойда олиш ва уни эркин тасарруф этишга;
битим амал қиладиган муддатга ер участкасини бепул асосда ёки давлат мулки бўлган бўш турган объектни «ноль» харид қийматида олиш ҳамда улардан фойдаланишга;
Кейинги таҳрирга қаранг.
битим шартлари давлат шериги томонидан бузилган тақдирда, уни суд тартибида бекор қилишни талаб қилишга ҳақли.
Хусусий шерик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
41. Хусусий шерик:
а) коворкинг марказлари ва меҳнат гузарлари қурилишини молиялаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган намунавий лойиҳалар ва талабларга мувофиқ келишилган муддатларда қурилиши ва фойдаланишга топширилишини таъминлаши;
б) Жамғарманинг туман (шаҳар) филиалларини жойлаштириш учун коворкинг марказларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида, бироқ банд этилган умумий майдонга нисбати ҳисобланган коммунал тўловларни тўлаш шарти билан хоналар тақдим этиши;
Кейинги таҳрирга қаранг.
в) коворкинг марказлари ва меҳнат гузарларини сақлаб туриш харажатларини ўз маблағлари ҳисобига қоплаши;
г) битим амал қиладиган бутун муддат давомида объект фаолиятининг ихтисослигини сақлаши;
д) коворкинг марказлари ва меҳнат гузарларига иш ўринлари умумий сонининг камида 70 фоизи миқдорида банд бўлмаган ёшларни ишга қабул қилиш шарти билан мустақил равишда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиши;
е) коворкинг марказларида:
ёшлар тадбиркорлиги субъектларига, тадбиркорларга имтиёзли шартларда офис хоналари ва техника, сарфлаш материалларини ижарага бериши, уларни Интернет жаҳон ахборот тармоғи билан таъминлаши;
ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишга бошқача тарзда кўмаклашиши, жумладан, бизнес режалар ишлаб чиқиш, маслаҳат, юридик, бухгалтерия хизматлари ва бошқа хизмат турларини кўрсатиши;
тадбиркорлик фаолиятига оид бўлган форумлар, маҳорат дарслари ва семинарлар ташкил этиши;
ж) меҳнат гузарларида:
тадбиркорлик субъектларига чакана савдо ва маиший хизматлар кўрсатиш фаолиятини ташкил этиш учун имтиёзли шартларда ижарага жой ажратиши;
банд бўлмаган ишсиз ёшларни фойдали меҳнат фаолиятига ўргатиши ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиши шарт.
Хусусий шерик зиммасида ушбу Низомда ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
42. Битим амал қиладиган муддат тугамай туриб хусусий шерик мулки бўлган объектнинг у томонидан мусодара қилинишига йўл қўйилмайди, хусусий шерик Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ алмаштирилиши мустасно.
7-боб. Коворкинг марказлари ва меҳнат гузарлари қурилишида Жамғарма маблағлари билан иштирок этиш учун давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кўриб чиқиш тартиби
43. «Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури доирасида давлат-хусусий шериклик шартларида «Yosh tadbirkorlar» коворкинг марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплексларини қуришда қурилиш қийматининг 30 фоизигача бўлган қисмини «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси маблағлари ҳисобига молиялаштириш учун давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кўриб чиқиш ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
44. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш истагини билдирган хусусий шерик коворкинг маркази ёки меҳнат гузари қурилиши қийматининг 30 фоизгача бўлган қисмини Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштиришни сўраб ҳар ойнинг 5-кунига қадар Жамғарманинг туман (шаҳар) филиалига (кейинги ўринларда Жамғарма филиали деб аталади) ушбу Низомнинг 8-бандига мувофиқ тақдим этилган аризага қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатларни илова қилади:
давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун Жамғарма маблағларига бўлган эҳтиёж ва молиялаштириш миқдори асосланган тушунтириш хати;
давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишда хусусий шерикнинг молиявий ҳолати, хусусан, ўз маблағлари ва (ёки) у томонидан жалб этилган кредитлар ва бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилишини тасдиқловчи маълумот;
қурилишнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари;
коворкинг маркази ёки меҳнат гузарини қуриш мақсадида ер участкасини хусусий шерикка тақдим этиш тўғрисида туман (шаҳар) ҳокимлигининг қароридан кўчирма (агар ер участкаси ажратилган бўлса);
коворкинг маркази ёки меҳнат гузарини жойлаштириш мақсадида давлат мулки бўлган бўш турган объект хусусий шерикка тақдим этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатдан кўчирма (агар давлат мулки бўлган бўш турган объект ажратилган бўлса);
ер участкасига ёки бинога бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома;
давлат-хусусий шериклик тўғрисида тузилган битимдан нусха.
45. Жамғарма филиали ҳужжатлар тўплами тўлиқ тақдим этилган кундан бошлаб ҳар ойнинг 10-кунигача уларнинг ушбу Низомнинг 8, 9 ва 44-бандларида назарда тутилган талабларга мувофиқлиги юзасидан кўриб чиқади.
46. Ушбу Низомнинг 8, 9 ва 44-бандлари талаблари бузилган ҳолда тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилмасдан ҳар ойнинг 12-кунигача хусусий шерикка қайтарилади.
Тақдим этилган аризада талаблар бузилганлиги ҳақидаги билдиришнома ёзма шаклда, шу жумладан, электрон ахборот тизими орқали хусусий шерикка етказилади (жўнатилади). Билдиришномада қандай талаблар бузилганлиги, қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари ва хусусий шерик кўрсатилган талаблар бузилишини бартараф этиб, ҳужжатларни Жамғарма филиалига такрор кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилади.
Хусусий шерик талаблар бузилишини бартараф этишга ва ҳужжатларни такрор кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат ёзма ёки электрон билдиришнома олинган кундан бошлаб ўн беш иш кунидан кам бўлиши мумкин эмас.
Камчиликлар бартараф этилиб такрор тақдим этилган ариза белгиланган тартибда қайта кўриб чиқилади.
47. Хусусий шерик томонидан тақдим этилган ҳужжатлар Жамғарма филиали томонидан ҳар ойнинг 12-кунига қадар Жамғармага берилади, уларга ҳужжатлар тўпламининг, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик лойиҳаси ҳужжатларининг ушбу Низомнинг 8, 9 ва 44-бандлари талабларига мувофиқлиги юзасидан Жамғарма филиали раҳбари имзолаган тегишли хулоса илова қилинади.
48. Жамғарма таклиф этилаётган давлат-хусусий шериклик лойиҳасини ҳар ойнинг 18-кунига қадар қуйидаги асосда кўриб чиқади:
таклиф этилаётган давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг фаолияти соҳаси Жамғарманинг асосий вазифаларига ва ушбу Низом талабларига мувофиқлиги;
хусусий шерикнинг етарлича молиявий қувватга эгалиги;
ташкил этиладиган корхонанинг штатдаги ходимларини жалб этилган ходимлар умумий сонининг 70 фоизидан кам бўлмаган қисмини ёшлар билан тўлдириши.
Жамғарма давлат-хусусий шериклик лойиҳасини Жамғарма маблағлари билан иштирок этишнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа талаблари асосида ҳам кўриб чиқиши мумкин.
49. Жамғарма давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги мазмундаги қарорлардан бирини қабул қилади:
а) Жамғарма маблағлари билан иштирок этиш юзасидан таклиф этилаётган давлат-хусусий шериклик лойиҳасини Жамғарманинг Кузатув кенгашига (кейинги ўринларда Кузатув кенгаши деб аталади) кўриб чиқиш учун киритиш тўғрисида;
б) аниқ ва асослантирилган таклиф ҳамда эътирозларни кўрсатган ҳолда тақдим этилган ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш зарурлиги тўғрисида;
в) давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишда Жамғарма маблағлари билан иштирок этишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида.
50. Ушбу Низомнинг 49-банди «б» кичик бандига мувофиқ давлат-хусусий шериклик лойиҳалари Жамғармага қайта кўриб чиқиш учун такроран киритилади.
51. Таклиф этилаётган давлат-хусусий шериклик лойиҳасини ушбу Низомнинг 49-банди «в» кичик бандига мувофиқ Кузатув кенгашига киритиш рад этилган тақдирда, Жамғарма филиали орқали хусусий шерикка ариза асослантирилган ҳолда рад этилганлиги тўғрисида ҳар ойнинг 20-кунига қадар ёзма шаклда маълум қилади.
52. Жамғарма томонидан маъқулланган истиқболли давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ҳар ойнинг 20-кунига қадар Кузатув кенгашига кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда киритилади.
53. Кузатув кенгаши ҳар ойнинг 25-кунига қадар давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини бюджет параметрлари доирасида кўриб чиқади ва қуйидаги мазмундаги қарорлардан бирини қабул қилади:
а) давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун Жамғарма маблағлари билан иштирок этиш тўғрисида (қарорда ажратиладиган маблағ миқдори кўрсатилиши ҳамда унинг миқдори коворкинг маркази ёки меҳнат гузари қурилиши қийматининг 30 фоизидан кўп бўлмаслиги лозим);
б) давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишда Жамғарма маблағлари билан иштирок этишни рад этиш тўғрисида.
54. Таклиф этилаётган давлат-хусусий шериклик лойиҳаси ушбу Низомнинг 53-банди «б» кичик бандига мувофиқ рад этилган тақдирда, Жамғарма филиали орқали хусусий шерикка ариза асослантирилган ҳолда рад этилганлиги тўғрисида ҳар ойнинг 28-кунидан кеч бўлмаган муддатда ёзма шаклда маълум қилинади.
55. Кузатув кенгашининг давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича ижобий қарори Кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади ҳамда Жамғарма филиали ва хусусий шерик ўртасида «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ масъулияти чекланган жамият ёки қўшимча масъулиятли жамият (кейинги ўринларда жамият деб аталади) таъсис шартномасини тузиш учун асос ҳисобланади.
56. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича ижобий қарор қабул қилинган Кузатув кенгаши мажлисининг баённомасида қуйидагилар қайд этилиши лозим:
Жамғарма томонидан ажратиладиган маблағ миқдори, устав фондидаги (устав капиталидаги) фоиз улуши, усуллари ва муддатлари;
таъсис шартномасини имзолаш муддати;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа алоҳида шартлар.
57. Кузатув кенгаши мажлиси баённомасининг нусхаси уни Кузатув кенгаши тасдиқлаган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида Жамғарма томонидан унинг филиали орқали хусусий шерикка юборилади.
58. Жамғарма филиали:
жамғарма маблағларини молиялаштириш даврига қадар бўлган муддатда давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим бекор қилинганда, шунингдек, хусусий шерик томонидан Жамғарма маблағлари билан иштирок этишни рад этиб ёзма равишда мурожаат қилинганда таъсис шартномасини имзоламайди ва бу ҳақда Жамғармага ахборот киритади;
жамғарма маблағлари билан иштирок этиладиган давлат-хусусий шериклик лойиҳаларни амалга ошириш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ Кузатув кенгаши мажлисининг баённомасида белгиланган муддатда хусусий шерик билан таъсис шартномаси тузади ва жамият уставини тасдиқлайди.
59. Жамият юридик шахс сифатида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.
Агар таъсис шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, жамиятни юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлаш хусусий шерик томонидан амалга оширилади.
60. Жамият юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин хусусий шерик томонидан Жамғарма филиалига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;
жамият уставининг давлат рўйхатидан ўтказилган нусхаси.
Давлат-хусусий шериклик лойиҳасидан келиб чиқиб Жамғарманинг филиали хусусий шерикдан қўшимча маълумот ва (ёки) ҳужжатлар сўраб олиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8-боб. Жамғарма маблағларини ажратиш ва ушбу маблағларни жамият устав жамғармасига (устав капиталига) кейинчалик капиталлаштириш
61. Жамият юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг Жамғарма ўзининг филиали сўровига асосан таъсис шартномасида белгиланган муддатларда Жамғарманинг филиали орқали хусусий шерикка белгиланган тартибда маблағларни ажратади.
Жамғарма маблағлари қиймати икки миллиард сўмдан юқори бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг ижобий хулосаси олингандан сўнг молиялаштирилади.
62. Жамият устав фондига (устав капиталига) Жамғарма улуши пул (миллий валюта) ёки мол-мулк тарзида киритилиши мумкин.
63. Коворкинг марказлари ва меҳнат гузарлари қурилиши учун ажратилган Жамғарма маблағлари жамиятнинг таъсис шартномасида белгиланган муддатларда жамиятнинг устав жамғармасига (устав капиталига) капиталлаштирилади.
64. Коворкинг марказлари ва меҳнат гузарлари қурилиши учун Жамғарма маблағлари ажратилган жамиятни ташкил этиш ва бошқариш билан боғлиқ муносабатлар «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9-боб. Якунловчи қоида
65. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
«Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури доирасида давлат-хусусий шериклик шартларида «Yosh tadbirkorlar» коворкинг марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплексларини қуриш ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
«Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури доирасида давлат-хусусий шериклик шартларида «Yosh tadbirkorlar» коворкинг марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплексларини қуриш ҳамда фаолиятини ташкил этиш
СХЕМАСИ
«Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури доирасида давлат-хусусий шериклик шартларида «Yosh tadbirkorlar» коворкинг марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплексларини қуриш ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
«Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури доирасида давлат-хусусий шериклик шартларида «Yosh tadbirkorlar» коворкинг марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплексларини қуришда қурилиш қийматининг 30 фоизигача бўлган қисмини «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси маблағлари ҳисобига молиялаштириш учун давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кўриб чиқиш
СХЕМАСИ
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги 962-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
«Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармасининг иштирок этиши тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури (кейинги ўринларда Давлат дастури деб аталади) доирасида амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) иштирок этиши тартибини белгилайди.
2. Жамғарма Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларида ушбу лойиҳалар қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда маблағлар ажратиш, кейинчалик Жамғарма улушини 5 йил мобайнида реализация қилиш йўли билан иштирок этади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
лойиҳа ташаббускорлари — Давлат дастури доирасида тадбиркорлик ва даромад келтирадиган меҳнат фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар тадбиркорлиги субъектлари (18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган ёшлар), 50 фоиз ва ундан кўпроқ муассислари ёшлардан иборат бўлган тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, яратиладиган иш ўринларининг 70 фоизидан кам бўлмаган қисмини 5 йил мобайнида ёшларни иш билан таъминлаш учун тақдим этиш мажбуриятини ўз зиммасига оладиган тадбиркорлик субъектлари, жумладан, хорижий инвесторлар;
тадбиркорлик лойиҳаси (кейинги ўринларда лойиҳа деб аталади) — тадбиркорлик субъекти томонидан Давлат дастури доирасида тегишли туман (шаҳар)да амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаси.
2-боб. Жамғарма маблағлари (улуши) билан иштирок этиш учун лойиҳаларни кўриб чиқиш тартиби
4. «Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларида иштирок этиш ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
5. Жамғарма маблағлари (улуши) қуйидаги мақсадларга ажратилмайди:
тадбиркорлик субъектининг олдин олинган кредитлари ёки бошқа ҳар қандай қарзларини қайтаришга;
спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари, шунингдек, чилим ва электрон сигареталар ишлаб чиқаришга;
умумий овқатланиш ташкилотларининг айланма маблағларини шакллантиришга;
ишлаб чиқариш мақсадлари учун ишлатилмайдиган шахсий мулкни сотиб олишга;
маъмурий харажатларни тўлашга, жумладан, хизмат автомобиллари таъминотига;
тиражли, бир лаҳзали ва рақамли лотереяларни ташкил этишга, шунингдек, ушбу мақсадлар учун ускуналар харид қилишга;
Давлат дастури доирасида тадбиркорлик субъектларига кредитларни қайтариш мажбуриятлари бўйича таъминот сифатида Жамғарма кафиллиги берилган лойиҳаларга;
Давлат дастури доирасида давлат-хусусий шериклик шартларида «Yosh tadbirkorlar» коворкинг марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплексларини қуриш учун жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштирилган лойиҳаларга.
6. Лойиҳа ташаббускори лойиҳа амалга ошириладиган ҳудуддаги Жамғарманинг туман (шаҳар) филиалига (кейинги ўринларда Жамғарма филиали деб аталади) лойиҳани амалга оширишда Жамғарма маблағлари (улуши) билан иштирок этишни сўраб ариза билан бирга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
бизнес-режа;
тегишли давлат солиқ инспекциясига охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси (1-сон шакл), 90 кундан ортиқ муддатдаги қарзларга доир солиштириш далолатномалари, молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-сон шакл), янги ташкил этилган юридик шахслар бундан мустасно;
жамият муассисларининг (иштирокчиларининг) таркиби ва жамиятнинг таъсис шартномасидан кўчирма, жисмоний шахслар бундан мустасно;
таклиф этилаётган лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган инфратузилма ва муҳандислик иншоотларининг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат.
7. Жамғарма филиали тақдим этилган ҳужжатларни ушбу Низомнинг 5 ва 6-бандларида назарда тутилган талабларга мувофиқлик юзасидан ҳар ойнинг 10-кунига қадар кўриб чиқади.
Лойиҳа йўналишидан келиб чиқиб лойиҳа ташаббускоридан лойиҳа бўйича қўшимча маълумот ва (ёки) ҳужжатлар сўраб олиниши мумкин. Бу ҳолда сўраб олинган қўшимча маълумот ва (ёки) ҳужжатлар ҳужжат тақдим этилган ойнинг 10-кунидан кечикмай Жамғарма филиали томонидан кўриб чиқилиши лозим.
8. Ариза ушбу Низомнинг 5 ва 6-бандлари талаблари бузилган ҳолда берилган бўлса, ҳужжатлар ариза берувчига ҳар ойнинг 12-кунига қадар қайтарилади.
Тақдим этилган аризада талаблар бузилганлиги ҳақидаги билдиришнома ёзма шаклда, шу жумладан, электрон ахборот тизими орқали хусусий шерикка етказилади (жўнатилади). Билдиришномада қандай талаблар бузилганлиги, қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари ва хусусий шерик кўрсатилган талаблар бузилишини бартараф этиб, ҳужжатларни Жамғарма филиалига такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилади.
Лойиҳа ташаббускори талаблар бузилишини бартараф этишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат ёзма ёки электрон билдиришнома олинган кундан бошлаб ўн беш иш кунидан кам бўлиши мумкин эмас.
Камчиликлар бартараф этилиб такрор тақдим этилган ариза қабул қилинган кундан бошлаб ушбу Низомнинг 7-бандида белгиланган тартибда қайта кўриб чиқилади.
9. Лойиҳа ташаббускори томонидан тақдим этилган ҳужжатлар Жамғарма филиали томонидан ҳар ойнинг 12-кунига қадар Жамғармага берилади, уларга ҳужжатлар тўплами, шу жумладан, лойиҳа ҳужжатларининг ушбу Низомнинг 5 ва 6-бандлари талабларига мувофиқлиги юзасидан Жамғарма филиали раҳбари имзолаган тегишли хулоса илова қилинади.
10. Жамғарма таклиф этилаётган лойиҳани ҳар ойнинг 18-кунига қадар қуйидагиларга асосан кўриб чиқади ҳамда уни Жамғарманинг Кузатув кенгашига (кейинги ўринларда Кузатув кенгаши деб аталади) киритиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади:
таклиф этилаётган лойиҳанинг фаолият соҳаси Жамғарманинг асосий вазифаларига мувофиқлиги;
лойиҳада маҳаллий хом ашё ресурсларидан фойдаланилиши;
лойиҳада юқори технологияли ускуналар ва технологияларни қўллаган ҳолда янги замонавий ишлаб чиқариш ташкил этилиши;
лойиҳанинг талаб катта бўлган импорт ўрнини босадиган ва экспортга мўлжалланган рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилганлиги;
лойиҳанинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлиги;
лойиҳа ташаббускорининг молиявий қувватга эгалиги;
лойиҳанинг умумий иқтисодий самарадорлиги ва уни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги (ишлаб чиқариш қувватларининг мақбул жойлаштирилиши, ташкил этиладиган иш ўринлари, зарур хом ашё, материаллар ва инфратузилманинг мавжудлиги ва ҳоказолар);
лойиҳани амалга ошириш орқали ишлаб чиқарилган (етиштирилган) тайёр маҳсулотни ички ва ташқи бозорларда сотиш имконияти ва истиқболлари;
ташкил этиладиган корхонада ишчилар (ходимлар) умумий сонининг 70 фоизидан кам бўлмаган қисмини 5 йил мобайнида ёшлар билан тўлдириш мажбурияти олиниши.
Жамғарма лойиҳани Жамғарма маблағлари билан иштирок этишнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа талаблари асосида ҳам кўриб чиқиши мумкин.
11. Жамғарма лойиҳани кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги мазмундаги қарорлардан бирини қабул қилади:
а) Жамғарма маблағлари билан иштирок этиш юзасидан таклиф этилаётган лойиҳани Кузатув кенгашига кўриб чиқиш учун киритиш тўғрисида;
б) аниқ ва асосланган мулоҳазалар ҳамда камчиликларни кўрсатган ҳолда тақдим этилган ҳужжатларни қайта ишлаш зарурлиги тўғрисида;
в) лойиҳани амалга оширишда Жамғарма маблағлари билан иштирок этишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида.
12. Ушбу Низомнинг 11-банди «б» кичик бандига мувофиқ қайта ишланган лойиҳа Жамғармага кўриб чиқиш учун такроран киритилади.
13. Таклиф этилаётган лойиҳани ушбу Низомнинг 11-банди «в» кичик бандига мувофиқ Кузатув кенгашига киритиш рад этилган тақдирда, Жамғарма филиали орқали лойиҳа ташаббускорига ариза асослантирилган ҳолда рад этилганлиги тўғрисида ҳар ойнинг 20-кунига қадар ёзма шаклда маълум қилинади.
14. Жамғарма томонидан маъқулланган истиқболли лойиҳа ҳар ойнинг 20-кунига қадар Кузатув кенгашига кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда киритилади.
15. Кузатув кенгаши ҳар ойнинг 25-кунига қадар лойиҳани бюджет параметрлари доирасида кўриб чиқади ва қуйидаги мазмундаги қарорлардан бирини қабул қилади:
а) Жамғарма маблағлари билан иштирок этиш тўғрисида;
б) Жамғарма маблағлари билан иштирок этишни рад этиш тўғрисида.
16. Таклиф этилаётган лойиҳа ушбу Низомнинг 15-банди «б» кичик бандига мувофиқ рад этилган тақдирда, Жамғарма филиали орқали лойиҳа ташаббускорига ариза асослантирилган ҳолда рад этилганлиги тўғрисида ҳар ойнинг 28-кунидан кеч бўлмаган муддатда ёзма шаклда маълум қилинади.
17. Кузатув кенгашининг лойиҳа бўйича ижобий қарори Кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади ҳамда Жамғарма филиали ва лойиҳа ташаббускори ўртасида «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ масъулияти чекланган жамият ёки қўшимча масъулиятли жамият (кейинги ўринларда жамият деб аталади) таъсис шартномасини тузиш учун асос ҳисобланади.
18. Лойиҳа бўйича ижобий қарор қабул қилинган Кузатув кенгаши мажлисининг баённомасида қуйидагилар қайд этилиши лозим:
Жамғарма томонидан ажратиладиган маблағ миқдори, устав фондидаги (устав капиталидаги) фоиз улуши, усуллари ва муддатлари;
таъсис шартномасини имзолаш муддати;
амалга ошириладиган фаолият тури ёки турлари;
лойиҳани амалга ошириш жадваллари;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа алоҳида шартлар.
19. Кузатув кенгаши мажлиси баённомасининг нусхаси баённомани Кузатув кенгаш тасдиқлаган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида Жамғарма томонидан унинг филиали орқали лойиҳа ташаббускорига юборилади.
20. Жамғарма филиали:
жамғарма маблағларини молиялаштириш даврига қадар бўлган муддатда лойиҳа ташаббускори томонидан Жамғарма маблағлари (улуши) билан иштирок этишни рад этиб ёзма равишда мурожаат қилинганда, шунингдек, Кузатув кенгаши мажлиси баённомасида белгиланган тадбиркорлик фаолияти тури ёки турлари ўзгартирилганда таъсис шартномасини имзоламайди ва бу ҳақда Жамғармага ахборот киритади;
жамғарма маблағлари (улуши) билан иштирок этиладиган лойиҳаларни амалга ошириш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ Кузатув кенгаши мажлисининг баённомасида белгиланган муддатда лойиҳа ташаббускори билан таъсис шартномасини тузади ва жамият уставини тасдиқлайди.
21. Жамият юридик шахс сифатида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.
Агар таъсис шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, жамиятни юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлаш лойиҳа ташаббускори томонидан амалга оширилади.
22. Жамият юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин лойиҳа ташаббускори томонидан Жамғарма филиалига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;
жамият уставининг давлат рўйхатидан ўтказилган нусхаси;
лойиҳа амалга ошириладиган ер участкалари, бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳужжатлар.
Лойиҳа йўналишидан келиб чиқиб Жамғарманинг филиали лойиҳа ташаббускоридан лойиҳа бўйича қўшимча маълумот ва (ёки) ҳужжатларни сўраб олиши мумкин.
3-боб. Жамғарма улушини ажратиш ва уни реализация қилиш
23. Жамият юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг Жамғарма унинг филиали сўровига асосан таъсис шартномасида белгиланган муддатларда Жамғарманинг филиали орқали жамият устав фондига (устав капиталига) белгиланган Жамғарма улушини ажратади.
Жамғарма улуши қиймати икки миллиард сўмдан юқори бўлган лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг ижобий хулосаси олингандан сўнг ажратилади.
24. Жамият устав фондига (устав капиталига) Жамғарма улуши пул (миллий валюта) ёки мол-мулк тарзида киритилиши мумкин.
25. Жамғарма Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларда ушбу Низомнинг 2-бандида белгиланган тартибда иштирок этади.
26. Жамғарма маблағлари ҳисобидан иштирок этилган улушни реализация қилишда улуш қийматининг биринчи навбатда лойиҳа ташаббускори ва (ёки) жамиятнинг бошқа иштирокчилари томонидан сотиб олинишига устуворлик берилади. Лойиҳа ташаббускори (ёки) жамиятнинг бошқа иштирокчилари томонидан Жамғарма улушини сотиб олиш рад этилган тақдирда, Жамғарма улуши бошқа ташаббускор тадбиркорларга сотилиши мумкин.
27. Жамғарма маблағлари (улуши) билан иштирок этган лойиҳаларда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз улушларини сотувга чиқаради. Улушлар ушбу улушларнинг ҳақиқий баҳосидан келиб чиқиб сотилади.
Улушларнинг ҳақиқий баҳоси мустақил баҳоловчи ташкилот ёки фонд биржасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.
4-боб. Якунловчи қоида
28. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
«Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларида «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси маблағлари билан иштирок этиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
«Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларида Жамғарма маблағлари (улуши) билан иштирок этиш
СХЕМАСИ
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги 962-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 16 августдаги 669-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 16 августдаги 669-сон қарорида:
а) Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси тўғрисидаги низомда:
12-банднинг учинчи хатбошига «шунингдек, Давлат дастури доирасида тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини тезкорлик билан кўриб чиқиш мақсадида ички комиссия тузиши мумкин» сўзлари қўшилсин;
26-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«26. Жамғарма томонидан манзилли рўйхатга мувофиқ тижорат банкининг мурожаати асосида ажратилган ресурс маблағларига, ушбу маблағ тегишли тижорат банкига ўтказилган кундан бошлаб фоиз ҳисобланади, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига берилган кредит ва мол-мулк лизинги бўйича асосий қарз ва ҳисобланган фоизларнинг қайтарилишидан қатъи назар, тижорат банки томонидан Жамғармага ресурс ва унга ҳисобланган фоиз тўловлари белгиланган муддатда қайтарилиши шарт.»;
б) Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси маблағларидан имтиёзли кредитлар ажратиш ва лизинг хизматларини кўрсатиш ҳамда тижорат банклари кредитлари бўйича кафилликлар бериш тартиби тўғрисидаги низомда:
25-банднинг олтинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
еттинчи — тўққизинчи хатбошилар тегишлича олтинчи — саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
26-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«26. Айланма маблағларни тўлдиришга имтиёзли кредитлар тадбиркорлик субъектларига 18 ой муддатгача ажратилади».
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 28.11.2018 й., 09/18/962/2235-сон; 12.03.2021 й., 09/21/132/0202-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.07.2022 й., 09/22/375/0618-сон; 15.05.2024 й., 09/24/282/0347-сон)