Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Навоий давлат кончилик институтининг Нукус филиалини ташкил этиш тўғрисида
Кейинги таҳрирга қаранг.
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги 353-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Қорақалпоғистон Республикасининг саноат салоҳиятини ошириш, иқтисодиётнинг базавий тармоқларида юқори малакали кадрлар тайёрлашни кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг Навоий давлат кончилик институтининг Нукус филиалини (кейинги ўринларда Филиал деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Кейинги таҳрирга қаранг.
электр энергетикаси, технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришларни автоматлаштириш ва бошқариш, кончилик иши, кончилик электр механикаси, машинасозлик технологияси ва машинасозлик ишлаб чиқаришини автоматлаштириш, кимёвий технология йўналишлари бўйича юқори малакали кадрларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;
иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришнинг илмий-технологик вазифаларини ҳал этишга, илғор хорижий технологияларни синаб кўриш ва жорий этишга йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотларни олиб бориш ва ишланмаларни амалга ошириш;
ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳаларидаги республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
республика ва хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказларга истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Филиалнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Қуйидагилар:
Навоий давлат кончилик институти Нукус филиалининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Навоий давлат кончилик институтининг Нукус филиалида бакалаврлар тайёрлаш бўйича таълим йўналишлари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Навоий давлат кончилик институти ректорига, зарурат бўлганда, ходимларнинг белгиланган штатдаги ходимлари сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Филиал тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Белгилансинки, Филиал Навоий давлат кончилик институтининг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида зарур шахсий ҳисобварақларига эга бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги 2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталарини ишлаб чиқишда Филиалга 50 нафар талаба қабул қилинишини назарда тутсин.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Филиалга талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталаридан келиб чиққан ҳолда белгилансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ҳафта муддатда:
Филиалнинг устави ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини, шунингдек, унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини;
Филиалнинг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, тегишли йўналишлар бўйича ишлаб чиқариш корхоналарининг катта амалий тажрибага эга мутахассисларидан иборат бўлган юқори малакали кадрлар билан тўлдирилишини;
Филиал учун мослаштирилган ўқув режалари ва дастурлари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини;
Филиалда ўқув-методик жараённи самарали ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминласинлар.
7. Филиал Нукус шаҳри, Қорақалпоғистон кўчаси 24-уй манзилида жойлашган бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги зарурат бўлганда Филиалнинг тўлақонли фаолият юритиши учун уни қўшимча бино ва иншоотлар, ер майдонлари билан таъминлаш чораларини кўрсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Филиалга хизмат сафарига юборилган педагоглар ва уларнинг оила аъзоларини педагоглар Филиалда ишлаган даврда турар жой билан таъминлаш, уларнинг фарзандларини мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларига жойлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Қуйидагилар Филиалнинг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтларининг грантлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йил ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган параметрларини шакллантиришда Филиални сақлаш харажатлари учун маблағлар ажратилишини назарда тутсин;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Филиалга 2 та, шу жумладан, 1 та шахсий ва 1 та навбатчи автотранспорт воситасини сақлашга лимит ажратилишини таъминласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонасининг асосланган ҳисоб-китобларига биноан 2020 йил ва кейинги йиллар учун Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини шакллантиришда Филиалнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, ўқув-лаборатория ва ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозлаш бўйича лойиҳаларнинг белгиланган тартибда киритилишини назарда тутсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Филиалда ахборот ва мультимедиа ускуналари қўлланилган, шу жумладан, масофадан ўқитишни назарда тутган ҳолда замонавий таълим технологияларини жорий этиш бўйича аниқ тадбирлар режасини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.С. Султонов, «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси бош директори Қ.С. Санақулов ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Р. Сариев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 13 ноябрь,
925-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 ноябрдаги 925-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Навоий давлат кончилик институти Нукус филиалининг
ТУЗИЛМАСИ
Изоҳ: Филиал (факультетлар, кафедралар ва бошқа таркибий бўлинмалар) ходимларининг чекланган умумий сони олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативларга мувофиқ белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 ноябрдаги 925-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Навоий давлат кончилик институтининг Нукус филиалида бакалаврлар тайёрлаш бўйича таълим йўналишлари
РЎЙХАТИ
|
Т/р |
Йўналиш шифри |
Таълим йўналиши |
|
2019/2020 ўқув йили учун | ||
|
1. |
5311600 |
Кончилик иши (фаолият турлари бўйича) |
|
2. |
5320400 |
Кимёвий технология (ишлаб чиқариш турлари бўйича) |
|
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб* | ||
|
3. |
5320200 |
Машинасозлик технологияси, машинасозлик ишлаб чиқаришини жиҳозлаш ва автоматлаштириш |
|
4. |
5311000 |
Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш (тармоқлар бўйича) |
|
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб* | ||
|
5. |
5312200 |
Кончилик электр механикаси |
|
6. |
5321100 |
Электр энергетикаси (тармоқлар ва йўналишлар бўйича) |
* 2020/2021 ва 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб қўшимча равишда тегишли таълим йўналишлари назарда тутилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.