Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ўқитувчилар малакасини ошириш ва таълим соҳаси ходимларини қайта тайёрлашда ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
2018 йил 9 мартда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида олий таълим ва фан соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни инобатга олиб,
таълим ва фан соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга интилиб,
ўқитувчилар малакасини ошириш ва таълим соҳаси ходимларини қайта тайёрлашда ҳамкорлик икки давлат ўртасида ўзаро муносабатларни чуқурлаштиришга ва ўзаро англашувни яхшилашга ёрдам беришига ишонч ҳосил қилган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мазкур Битим мақсадлари учун қўлланиладиган атамалар қуйидагиларни англатади:
ўқитувчилар малакасини ошириш — илгари олинган касбий билим, малака ва кўникмаларни кенгайтириш, чуқурлаштириш ва такомиллаштиришга йўналтирилган, Томонлар давлатларининг белгиланган нормативларидан кам бўлмаган муддатда, якуний аттестация билан тугалланадиган қўшимча касбий таълим дастурларини амалга ошириш;
таълим соҳаси ходимларини касбий қайта тайёрлаш — ўқиш муддати 500 академик соатдан кам бўлмаган, якуний аттестация ва янги касбий малакани ўзлаштириш билан тугалланадиган қўшимча касбий таълим дастурларини амалга ошириш.
2-модда
Томонлар қуйидагилар орқали ҳамкорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлайдилар:
таълим соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш учун имкониятлардан биргаликда фойдаланиш;
ўқитувчилар ва таълим соҳаси ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича касбий таълим соҳасида қўшма таълим лойиҳаларини амалга ошириш;
ўқиш ўзбек ва тожик тилларида олиб бориладиган умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқитувчилари учун малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларини ўтказишда кўмаклашиш;
педагогик тажрибани қўллаш бўйича амалиётларни ташкил этиш;
ўқув адабиёти, ўқув-методик қўлланмаларни ишлаб чиқиш ва алмашиш, қўшма илмий монографиялар, илмий-услубий нашрлар, илмий-оммабоп адабиётлар, мақолалар ва бошқаларни тайёрлаш;
илмий ишлар ва услубий материалларни тақризлаш;
илмий ва илмий-методик мазмундаги қўшма тадбирларни ўтказиш: конференция симпозиум, давра суҳбатлари, семинарлар ва бошқалар;
малака ошириш соҳасида тармоқлараро ҳамкорликни ташкил этиш;
таълим муассасалари ходимларининг қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таълим дастурларини ўтишда кўмаклашиш;
таълим соҳаси ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича таълим дастурларини амалга оширишда масофавий шаклдаги таълимни ташкил этиш.
3-модда
Мазкур Битим доирасида Томонлар ўзаро манфаатли соҳаларда ахборот алмашиш, қўшма йиғилишлар, учрашувлар ва маслаҳатлашувларни ўтказиш ҳамда Битим қоидаларини амалга ошириш учун барча мавжуд бўлган ресурс, восита ва имкониятлардан фойдаланиб, бир-бирларига ёрдам беришни ўз зиммасига оладилар.
Мазкур Битим доирасида ташрифлар билан алмашинув ва уларнинг молиявий жиҳатлари ташриф шартлари ва предметидан келиб чиқиб, ҳар бир ҳолатда алоҳида белгиланади.
4-модда
Томонлар таълим соҳаси ходимларини касбий қайта тайёрлаш ва ўқитувчиларнинг малакасини ошириш тўғрисида берилган давлат намунасидаги ҳужжатларни (диплом, гувоҳнома, сертификат) ўзаро тан оладилар.
5-модда
Мазкур Битим қоидалари Томонлар давлатлари иштирокчи ҳисобланган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
6-модда
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ёки қўллашдаги низолар Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ёки музокаралар орқали ҳал этилади.
7-модда
Томонлар мазкур Битимни амалга ошириш учун масъул бўлган қуйидаги ижро органларини тайинлайдилар:
Тожикистон Республикаси Ҳукумати номидан — Тожикистон Республикаси Таълим ва фан вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан — Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги.
8-модда
Мазкур Битим қоидаларини самарали амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикасининг мутасадди вазирликлари ва идоралари томонидан идоралараро битимлар, алмашинув дастурлари ва ҳамкорлик ишчи режалари (баённомалар) ишлаб чиқилиши ва имзоланиши мумкин.
9-модда
Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва имзоланган санадан бошлаб кучга киради.
Ҳар бир Томон мазкур Битимнинг амал қилишини бошқа Томонга дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабарнома юбориш орқали тугатиши мумкин. Битим бошқа Томоннинг тегишли хабарномаси олингандан бошлаб, уч ой ўтгач ўз кучини йўқотади.
Мазкур Битим амал қилишининг тугатилиши у амал қилган даврда бошланган дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга дахл қилмайди.
Тошкент шаҳрида 2018 йил 17 августда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, тожик ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)