Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
«Mening fikrim» веб-портали орқали «Шаҳар ва қишлоқ ҳудудларида дарахтларни муҳофаза қилиш тизимини ислоҳ этиш тўғрисида»ги электрон жамоавий мурожаатни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига «Mening fikrim» веб-портали орқали «Шаҳар ва қишлоқлар ҳудудида дарахтларни муҳофаза қилиш тизимини ислоҳ этиш тўғрисида»ги электрон жамоавий мурожаат (бундан буён матнда электрон жамоавий мурожаат деб юритилади) келиб тушди. Электрон жамоавий мурожаатда шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларида дарахтларни ноқонуний кесишнинг олдини олиш, кесишга рухсатномалар бериш тартиб-таомилини такомиллаштириш, дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жавобгарликни кучайтириш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш, агротехник тадбирларни ўтказиш ҳақидаги таклифлар баён этилган.
Мазкур электрон жамоавий мурожаат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан тегишли вазирликлар, идоралар ва экспертларни жалб этган ҳолда ўрганиб чиқилди.
Қайд этиш жоизки, мамлакатимизда сўнгги йилларда атроф-муҳитни, шу жумладан ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўтган давр мобайнида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасига доир 60 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
«Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги «Табиатдан фойдаланиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 255-сонли қарори; Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2018 йил 19 июндаги 4-сонли ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 21 июндаги «Тошкент шаҳри ҳудудидаги мавжуд манзарали дарахт ва буталар муҳофазасини кучайтириш, дарахтларнинг ноқонуний кесилишини олдини олиш, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун ер участкаларини ажратишда дарахтлар ва кўп йиллик буталарни сақлаб қолиш тизимини ташкиллаштириш тўғрисида»ги 937-сонли қўшма қарори норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жумласига киради.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Табиатдан фойдаланиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарори билан «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти» тасдиқланди, юридик ва жисмоний шахсларга ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатномалар беришни Ўзбекистон Республикаси Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириш тизими йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2018 йил 18 июндаги «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга хулоса бериш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги 194-сонли буйруғи асосида дарахтларни кесиш учун рухсатнома олиш жараёнларини қўмитанинг расмий веб-сайтига жойлаштириб бориш амалиёти йўлга қўйилди.
Электрон жамоавий мурожаатда дарахтларни кесишга икки ойлик тақиқ жорий этиш тўғрисидаги масала кўтарилган. Бироқ буни амалда қўллашнинг имкони йўқ. Чунки дарахтларни кесишга чеклов ўрнатиш бўйича халқаро амалиёт ва илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, касалланган ҳамда зарарланган дарахтларнинг ўз вақтида кесиб ташланмаслиги турли касалликларга ва зараркунандаларнинг тарқалишига олиб келиши, бу эса бошқа дарахтларнинг зарарланишига сабаб бўлиши мумкин.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасидан дарахтларни кесишга рухсатнома бериш ваколатини олиб ташлаш ҳам ижобий натижа бермайди. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 100-моддасига асосан маҳаллий коммунал хўжаликка раҳбарлик қилиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг муҳим вазифаларидан биридир.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатномаларни фақат Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари хулосаси асосида бериши мумкин.
Бугунги кунда қонун ҳужжатларида ҳуқуқбузарлик ва жиноят қуроли ҳисобланган ашёвий далилларни мусодара қилишнинг ҳуқуқий асослари белгиланган. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш, аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилади. Шу сабабли электрон жамоавий мурожаатда таклиф этилаётган соҳада бир-бирининг вазифаларини такрорловчи алоҳида ваколатли органни ташкил этишга эҳтиёж йўқ.
Бундан ташқари, шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларида дарахтлар ҳамда буталарни муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар, шунингдек мавжуд ҳуқуқий база уларни тўлақонли муҳофаза қилиш, такрор етиштириш ва уларнинг ноқонуний кесилишининг олдини олиш учун етарли эмаслигини кўрсатмоқда. Шунингдек ҳозирги кунда шаҳарларда ноёб ва кўп йиллик дарахтлар инвентаризациядан ўтказилмаган, шунингдек уларнинг рўйхати тузилмаган. Бу ҳолат уларни тўлиқ муҳофаза қилишга тўсқинлик қилмоқда.
Шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, ушбу йўналишда мансабдор шахсларнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг масъулиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига дарахтлар ва буталарни шикастлантирганлик ёки уларни ноқонуний кесиб ташлаганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқ.
Дарахтлар ва буталарни парвариш қилиш, уларга шакл бериш бўйича ишлар ва агротехник тадбирлар сифатсиз ўтказилганлиги натижасида уларга зарар етказиш ҳамда уларнинг нобуд бўлиши ҳоллари учрамоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири мазкур йўналишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мавжуд эмаслигидир.
Электрон жамоавий мурожаатни кўриб чиқиб ва юқорида баён этилганлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ҳамда халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларида дарахтлар ва буталар муҳофазасини кучайтириш, уларнинг ноқонуний кесилишини олдини олиш бўйича Тошкент шаҳрида татбиқ этилган амалиётдан келиб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилиш ҳамда мазкур йўналишда чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш тавсия этилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси зиммасига Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига дарахтлар ва буталарни шикастлантирганлик ёки уларни ноқонуний кесиб ташлаганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш юзасидан икки ойлик муддатда таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги кўп йиллик дарахтлар ва буталарни кесиш ҳамда уларга агротехник ишлов бериш қоидалари;
дарахтлар ва буталарга зараркунандалар ҳамда касалликларга қарши кимёвий ишлов бериш қоидалари;
шаҳарларда экишга рухсат берилган дарахт турларини тартибга солиш, уларга агротехник хизмат кўрсатиш тартиби;
шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги ноёб ҳамда кўп йиллик дарахтларни инвентаризациядан ўтказиш ҳамда уларнинг рўйхатини тузиш тартиби;
дарахтлар ва буталарга агротехник хизмат кўрсатувчи тегишли ташкилотлар ходимларининг малакасини ошириш тизимини жорий этиш тартиби ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин.
4. Ушбу қарорнинг ижрочиларга етказилиши ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳолининг кенг қатламлари ўртасида тушунтирилиши бўйича вазифалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу қарор «Mening fikrim» веб-порталига жойлаштирилсин.
6. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 27 июль,
1861-III-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.07.2018 й., 04/18/1861-III/1943-сон)