Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 10 июлдаги ПҚ-3843-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектлари жалб этилишини, улар билан тизимли ишлар олиб борилишини, шунингдек, лойиҳаларни «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси ҳудудига жойлаштириш бўйича инвестиция буюртманомаларини сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 10 июлдаги ПҚ-3843-сон қарорига мувофиқ Бухоро вилоятида «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Бошқарув ходимларининг умумий сони 10 нафардан иборат бўлган «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) ташкил этилсин.
Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига, зарурат бўлганда, Дирекциянинг тузилмаси ва бошқарув ходимлари умумий сонига инвестициялар ҳажми ва лойиҳалар сонидан келиб чиққан ҳолда ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Қуйидагилар:
«Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг тузилмаси 1-иловага;
«Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг устави 2-иловага;
«Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш ҳамда қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилаб қўйилсинки, «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси қатнашчиларига ер участкалари бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 январдаги 29-сон қарори билан тасдиқланган Эркин иқтисодий зоналар қатнашчиларига ер участкалари бериш тартиби тўғрисида Низомга мувофиқ амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда ҳар йили келгуси йиллар учун Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурини шакллантиришда, белгиланган тартибда, уларга «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонасининг муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар киритилишини назарда тутсин.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги 777-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.12.2020 й., 09/20/777/1620-сон)
6. Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонасида замонавий иссиқхона хўжаликларини, жумладан, гидропоника технологияларини қўллаган ҳолда, кластер усули асосида барпо этиш, иссиқхоналар қуриш учун конструкциялар, жиҳозлар ва бошқа бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, қайта ишлашни чуқурлаштириш, шунингдек, логистика хизматлари кўрсатишнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан:
Дирекцияни келгуси йилларда, ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш шарти билан, 2018-2019 йиллар даврида сақлаш харажатлари учун асосланган ҳисоб-китоблар бўйича зарур маблағлар ажратилишини;
Дирекциянинг устав фондини шакллантирилишга 1,0 млрд. сўм миқдорида маблағлар ажратишни таъминласин.
8. Бухоро вилояти ҳокимлиги:
Дирекцияни Бухоро вилояти, Бухоро шаҳар, И. Мўминов кўчаси, 2-уй манзилидаги бинода текин фойдаланиш ҳуқуқи билан вақтинчалик жойлаштирилишини ва кейинчалик доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан намунавий лойиҳа асосидаги янги замонавий маъмурий бино қурилишини;
иккита автотранспорт воситаси, жумладан битта енгил ва битта йўлтанламас автомобиллари харид қилиш ва уларни 2018-2019 йиллар давомида сақлаш харажатлари учун лимит ажратиш, шунингдек зарур инвентарлар, ташкилий техника ҳамда самарали фаолият олиб бориш учун талаб этиладиган воситалар билан таъминлаш;
бир ой муддатда «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси бош режаси ишлаб чиқилиши Бухоро вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан амалга оширилишини;
Дирекцияни малакали мутахассислар билан тўлдириш, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг мазкур йўналишдаги илғор тажрибалари асосида уларнинг малакасини мунтазам равишда ошириб боришни таъминласин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаев ва Бухоро вилояти ҳокими Ў.И. Барноев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 6 октябрь,
803-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги 803-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
«Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг
тузилмаси
Бошқарув ходимларининг умумий сони — 10 нафар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги 803-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
«Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг
УСТАВИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) оператив бошқарув учун ўзига берилган давлат мулки бўлган мулк, жумладан ер майдонлари негизида давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этилган тижорат ташкилоти ҳисобланади, у ўзига бириктирилган мулкка нисбатан, қонунда белгиланган доирада, ўз фаолияти мақсадларига, мулкдор (ёки унинг топшириғи билан унинг томонидан масъул этиб тайинланган давлат органи — муассис) топшириқларига мувофиқ эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади.
2. Дирекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Уставга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
3. Дирекция юридик шахс ҳисобланади, алоҳида мулкка, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига, шу жумладан, валюта ҳисоб рақамларига, эмблемага, штамплар ва бланкаларга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бошқа реквизитларга эга бўлади.
4. Дирекциянинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — «Buxoro-agro» erkin iqtisodiy zona direktsiyasi» davlat unitar korxonasi;
қисқартирилган номи — «Buxoro-agro» EIZ Direktsiyasi» DUK;
б) рус тилида:
тўлиқ номи — Государственное унитарное предприятие «Дирекция свободной экономической зоны «Бухоро-агро»;
қисқартирилган номи — ГУП «Дирекция СЭЗ «Бухоро-агро»;
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — «Directorate of free economic zone «Buxoro-agro» State Unitary Company;
қисқартирилган номи — «Directorate of FEZ «Buxoro-agro»» SUC.
5. Дирекциянинг жойлашган жойи (почта манзили): Бухоро вилояти, Бухоро шаҳри, И. Мўминов кўчаси, 2-уй.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Дирекциянинг муассиси (кейинги ўринларда Муассис деб аталади) ҳисобланади.
7. Дирекция ўз номидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ва амалга ошириши, мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши, низоларни ҳал этишда бошқа органларда вакиллик қилиши мумкин.
8. Дирекция Муассиснинг розилигига кўра тижорат ташкилотларининг, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ юридик шахсларнинг қатнашишига йўл қўйиладиган нотижорат ташкилотларда қатнашчи (акциядор, аъзо) бўлиши мумкин.
9. Дирекция бошқа давлат корхонасининг муассиси бўлиши мумкин эмас.
2-боб. Дирекция фаолиятининг асосий мақсади, вазифаси ва йўналишлари
10. «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонасини (кейинги ўринларда «Бухоро-агро» ЭИЗ деб аталади) ривожлантириш дастурларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, шунингдек, «Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудида алоҳида ҳуқуқий режимга риоя этилишини таъминлаш йўли билан оператив бошқариш, «Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчиларига хизматлар кўрсатишдан ҳамда ушбу Уставда назарда тутилган бошқа ишлар (хизматлар)ни бажаришдан (кўрсатишдан) фойда олиш Дирекция фаолиятининг асосий мақсади ҳисобланади.
11. Қуйидагилар Дирекция фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:
белгиланган тартибда танланган инвесторлар билан «Бухоро-агро» ЭИЗнинг Бухоро вилояти эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зонаси маъмурий кенгаши (кейинги ўринларда Маъмурий кенгаш деб аталади) қарорларига мувофиқ «Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудида инвестициялаш тўғрисида битимлар бўйича шартномалар тузиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
белгиланган тартибда танланган инвесторлар томонидан ўз зиммасига қабул қилган мажбуриятларнинг зарур даражада бажарилишини назорат қилиш, кейинчалик унинг натижаларини Маъмурий кенгашга тақдим этиш;
ишлаб чиқилган «Бухоро-агро» ЭИЗнинг бош режаси ва Маъмурий кенгаш қарори билан маъқулланган инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш;
«Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудида жойлашган давлат мулки бўлган кўчмас мулк объектларини Дирекцияга берилган ваколатлар доирасида бошқариш;
«Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчиларига инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш, ташкилотларни ишга тушириш ва уларнинг фаолияти учун зарур бўлган инфратузилма (электр энергия, газ ва сув таъминоти, канализация, кириш йўллари ва бошқалар) билан таъминлашга доир масалаларни ҳал этишда кўмаклашиш;
«Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчиларига, шу жумладан давлат органларида уларнинг манфаатларини ифодалаш йўли билан хизматлар кўрсатиш;
«Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчиларига инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш, ташкилотларни ишга тушириш ва уларнинг самарали фаолияти учун зарур бўлган инфратузилма (электр энергияси, газ ва сув таъминоти, канализация, кириш йўллари ва бошқалар) билан таъминлашга доир масалаларни ҳал этишда кўмаклашиш;
Маъмурий кенгаш ваколатларига кирувчи масалалар бўйича унинг мажлисларида кўриб чиқиш учун материаллар тайёрлаш;
«Бухоро-агро» ЭИЗни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш;
«Бухоро-агро» ЭИЗ фаолият кўрсатиши билан боғлиқ масалалар бўйича давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;
«Бухоро-агро» ЭИЗнинг ҳар йилги бюджетини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
«Бухоро-агро» ЭИЗ фаолиятини оператив бошқариш бўйича бошқа функцияларни амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ушбу Уставда назарда тутилган тегишли фаолият турининг лицензияланиши зарурлиги белгиланган тақдирда, Дирекция фаолиятнинг ушбу турини лицензия олмасдан, тегишли лицензияловчи орган билан тузилган лицензия битими асосида амалга оширишга ҳақлидир.
12. Дирекция Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятнинг бошқа турларини ҳам амалга ошириши мумкин.
3-боб. Дирекция фаолиятини бошқариш
13. Дирекция Муассисга ва Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига (кейинги ўринларда Республика кенгаши деб аталади) ва Маъмурий кенгашга ҳисобот беради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. Муассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Дирекция фаолиятининг мақсади ва йўналишларини белгилаш;
Дирекция Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
Дирекциянинг ортиқча, фойдаланилмаётган ёхуд белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган мулкини олиб қўйиш ва тасарруф этиш;
Дирекцияга берилган мулкдан фойдаланишдан олинган соф фойданинг бир қисмини ёки ҳаммасини олиш;
Дирекция мулки билан амалга оширилган битимларни ҳаққоний эмас деб эътироф этиш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш;
Дирекцияга етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида даъво тақдим этиш;
Дирекцияни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш ва тугатиш балансини тасдиқлаш;
Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини меҳнатга оид қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муддатидан олдин тўхтатиш.
Муассис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
15. Республика кенгаши Дирекция фаолиятига раҳбарлик қилади ва назоратни амалга оширади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
«Бухоро-агро» ЭИЗ мустақил бюджети ва «Бухоро-агро» ЭИЗни ривожлантириш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш Маъмурий кенгаш томонидан амалга оширилади.
16. Республика кенгаши қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Дирекциянинг «Бухоро-агро» ЭИЗни ривожлантириш бўйича фаолияти стратегик вазифалари ва йўналишларини белгилаш;
Дирекциянинг молия-хўжалик фаолиятини ҳар чоракда ўрганишни ташкил қилиш;
ҳар чоракда Дирекция фаолияти ҳақидаги ҳисоботни эшитиш;
Дирекциянинг штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш.
Республика кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
17. Маъмурий кенгаш ваколатига қуйидагилар киради:
Дирекция фаолиятига раҳбарликни амалга ошириш;
Дирекция фаолиятини назорат қилиш;
Дирекция директори лавозимига номзодларни тасдиқлаш учун Республика кенгашига киритиш;
Дирекция мутахассисларини танлаб олиш;
Дирекциянинг штат жадваллари ва харажатлар сметасини келишиш;
Дирекция фаолиятини режали ташкиллаштириш, Дирекциянинг чораклик иш режаларини тасдиқлаш ва уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;
«Бухоро-агро» ЭИЗнинг мустақил бюджетидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан назоратни амалга ошириш.
Маъмурий кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
18. Маъмурий кенгаш ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун Дирекция фаолиятига тааллуқли бўлган ҳужжатларни талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга. Олинган ҳужжатлардан Маъмурий кенгаш томонидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланилади.
19. Дирекциянинг жорий фаолиятига раҳбарликни Республика кенгаши томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Директор амалга оширади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
20. Директор ижро этувчи орган ҳисобланади.
21. Директор:
қонун ҳужжатлари талабларини бажаришга, Дирекция ходимларининг меҳнат шароитларини муҳофаза қилиш ва яхшилашга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норма ва қоидаларга риоя қилишини таъминлашга йўналтирилган тадбирларни ишлаб чиқади ва жорий этади;
«Бухоро-агро» ЭИЗни ривожлантириш дастурлари амалга оширилишини ташкил этади;
Дирекциянинг асосий фаолиятини такомиллаштиришга, бошқаришнинг энг замонавий усулларини жорий этишга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширади;
Дирекция номидан ишончномасиз ҳаракат қилади, барча ташкилотларда, шу жумладан хорижий ташкилотларда унинг манфаатларини ифодалайди;
ходимларни ишга қабул қилади, улар билан меҳнат шартномалари (контрактлар) тузади ҳамда уларни ўзгартиради ва амал қилишини тўхтатади;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради;
кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш чора-тадбирларини амалга оширади;
Дирекциянинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар ва кўрсатмалар қабул қилади;
Дирекциянинг ички иш тартибини ва хўжалик фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларни тасдиқлайди;
Дирекция томонидан қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ва назорат амалга оширилишини таъминлайди;
Дирекцияга юкланган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа функцияларни амалга оширади.
22. Директор:
Муассис ва Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашига Дирекция фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисобот беради;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Дирекциянинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Маъмурий кенгаш томонидан тасдиқланадиган мустақил бюджет маблағларининг тасарруф этувчиси ҳисобланади;
Дирекциянинг мустақил бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади.
23. Директор ўз зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши, шунингдек, Дирекцияга берилган давлат мулкининг сақланиши ва ундан мақсадли фойдаланилиши юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
4-боб. Дирекциянинг устав фонди
24. Дирекциянинг устав фонди «Бухоро-агро» ЭИЗ фаолиятини оператив бошқаришни амалга ошириш учун Муассис томонидан ўзига берилган маблағлар, мол-мулк ва бошқа активлар йиғиндисидан иборат бўлади.
25. Дирекция устав фондининг миқдори 1,0 млрд. сўмни ташкил этади.
5-боб. Дирекция мулкини тасарруф этиш
26. Муассис томонидан Дирекцияга оператив бошқариш ҳуқуқи билан берилган асосий фондлар ва айланма маблағлар Дирекция мол-мулкини ташкил этади.
27. Дирекциянинг асосий фондлари ва айланма маблағлари бўлинмайди ва улушлар (ҳиссалар, пайлар) бўйича тақсимланиши мумкин эмас.
28. Маъмурий кенгаш Дирекцияга берилган давлат мулкидан белгиланган мақсадда фойдаланилишини ва унинг сақланишини, шунингдек ўзгага берилишини Муассис номидан назорат қилади.
29. Директор Муассис билан келишган ҳолда Дирекция мулкини қуйидаги ҳолатларда тасарруф этиши мумкин:
асосий воситаларни сотиш, уларни ижарага ёки гаровга бериш;
мол-мулкни бошқа хўжалик жамиятининг устав фондига улуш сифатида киритиш;
бошқа хўжалик жамиятларининг акциялари (улушлари)ни сотиб олиш ва сотиш;
давлат корхонаси фаолияти мақсадларига мувофиқ бўлмаган мол-мулкни бошқача тарзда тасарруф этиш.
6-боб. Дирекция бюджетини шакллантириш
30. Қуйидагилар Дирекция фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
давлат мулки бўлган ва «Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудида жойлашган бинолар ва иншоотларни ижарага беришдан олинган даромадларнинг бир қисми;
хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;
Республика кенгаши томонидан белгиланган миқдорда ЭИЗ қатнашчиларининг ажратмалари ва ЭИЗ қатнашчилари сифатида рўйхатдан ўтиш учун тўловлари;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларидаги маблағлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
7-боб. Захира ва бошқа фондларни шакллантириш
31. Дирекция ўз тасарруфида қоладиган соф фойда ҳисобига захира фондини, шунингдек бошқа фондларни ташкил этиши мумкин, уларнинг миқдори, шакллантириш ва фойдаланиш тартиби Муассис томонидан тасдиқланади.
8-боб. Ҳисоботларни тақдим этиш
32. Дирекция ҳисобот даври тугагач ваколатли органларга молия ҳисоботини ва рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатларни тақдим этади ҳамда ҳужжатларнинг сақланиши ва уларнинг давлат томонидан сақлашга берилиши юзасидан белгиланган тартибда жавоб беради.
9-боб. Дирекциянинг жавобгарлиги
33. Дирекция ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мулк билан жавоб беради. Муассис Дирекциянинг мулки етарли бўлмаган тақдирда унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарликни амалга оширади.
34. Дирекция Муассис мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.
10-боб. Дирекцияни қайта ташкил этиш ва тугатиш
35. Дирекция Муассиснинг қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ёки суд қарорига биноан қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.
36. Дирекция тугатилганда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтмайди. Дирекция қайта ташкил этилган тақдирда унинг ҳуқуқи ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворисга ўтади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги 803-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
«Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш ҳамда қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда «Бухоро-агро» ЭИЗ деб аталади) ҳудудида жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш ҳамда «Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш тартибини белгилайди.
2. «Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудида жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш бўйича ташкилий масалаларни ҳал этиш Бухоро вилояти эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши (кейинги ўринларда Маъмурий кенгаш деб аталади) ва «Бухоро-агро» ЭИЗ дирекциясига (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) юкланади.
3. Маъмурий кенгашнинг «Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудида эквиваленти 5,0 млн. АҚШ долларидан юқори қийматли инвестиция лойиҳасини жойлаштириш бўйича қарори эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши (кейинги ўринларда Республика кенгаши деб аталади) қарорига мувофиқ амалга оширилади.
4. Қуйидагилар «Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштиришнинг асосий устувор мезонлари ҳисобланади:
замонавий иссиқхона хўжаликларини, жумладан, гидропоника технологияларини қўллаган ҳолда, кластер усули асосида ташкил этиш;
замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар қуриш учун конструкциялар, жиҳозлар ва бошқа бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, қайта ишлашни чуқурлаштириш ва уларни экспортга чиқаришни таъминлаш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг уруғ экишдан бошлаб маҳсулотни бозорга етказиб беришгача бўлган тўлиқ жараёнини ташкил этиш;
кўчатзорлар, шунингдек, бирламчи уруғчиликни ташкил этиш учун шароитлар яратиш орқали иссиқхона хўжаликларини талаб катта, юқори ҳосилдорликка эга бўлган қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғ ва кўчатларини етиштириш;
логистика хизматлари кўрсатишнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш;
ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва маркировка қилиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ илмий-ишлаб чиқариш марказлари ташкил этиш;
янги иш ўринлари ташкил қилиш.
2-боб. Инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш учун «Бухоро-агро» ЭИЗ дирекциясига ҳужжатларни топшириш тартиби
5. «Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудида жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш ҳамда қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш ушбу Низомнинг 1-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
6. Инвестор Дирекцияга ушбу Низомнинг 2-иловасидаги шаклга мувофиқ «Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини жойлаштириш учун тўлдирилган инвестиция буюртманомасини (кейинги ўринларда Инвестиция буюртманомаси деб аталади) тақдим этади.
Инвестиция буюртманомасига қуйидагилар илова қилинади:
а) юридик шахснинг (инвесторнинг) рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси ёки ушбу инвесторнинг фаолиятини тасдиқловчи бошқа ҳужжат;
б) тавсия қилинаётган инвестиция лойиҳасининг бизнес-режаси;
в) инвесторнинг тегишли соҳадаги ва/ёки шунга ўхшаш лойиҳаларни амалга оширишдаги иш тажрибаси мавжудлигини тасдиқловчи маълумот. Агар инвесторнинг тегишли соҳада ва/ёки ўхшаш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича иш тажрибаси мавжуд бўлмаса, инвестор Дирекцияга инвестиция лойиҳасини амалга оширишга жалб этаётган технологик ҳамкорлари тўғрисидаги маълумот;
д) инвесторнинг охирги уч йилдаги молия-хўжалик фаолияти тўғрисида маълумот.
Агар инвестиция буюртманомасини топшириш вақтида инвестор:
молия-хўжалик фаолиятини юритмаган ёки бир йилдан кам юритган бўлса, инвестор Дирекцияга инвесторнинг биттадан кам бўлмаган муассисининг молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади;
1 йилдан 3 йилгача хўжалик фаолиятини юритаётган бўлса, инвестор Дирекцияга ўзининг ҳақиқатда фаолият юритган даври учун молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги маълумотни тақдим этади.
Ҳужжатлар инвестор томонидан Дирекцияга давлат ёки рус тилида тақдим этилиши мумкин. Инвестор тақдим этилаётган маълумотлар ва ҳужжатларнинг ишончлилиги юзасидан жавоб беради.
7. Дирекцияга тақдим этилаётган бизнес-режада қуйидаги асосий ҳолатлар акс эттирилган бўлиши керак:
ходимларни ишга қабул қилинадиган ходимлар тоифаси (маҳаллий — коллеж битирувчилари, меҳнат биржаси томонидан йўналтирилган шахслар, бошқа ташкилотлар ишчилари ва чет элдан мутахассис жалб этиш) ҳамда ташкил этилаётган иш ўринлари сони;
етиштириладиган ва қайта ишланадиган маҳсулоти, ҳажми ва табиий хусусияти;
маҳсулотнинг мўлжалланаётган сотиш баҳоси ҳамда маҳсулотни ички ва ташқи бозорга етказиб бериш ҳажмларини кўрсатган ҳолда;
маҳсулот сотиш бўйича ички ва ташқи бозорларнинг маркетинг тадқиқотлари;
таклиф этилаётган лойиҳани амалга ошириш ҳамда ишлаб чиқаришнинг барқарор фаолият юритиши учун зарур бўлган инфратузилма ва муҳандислик иншоотлари (электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва техник сув, канализация, автойўл) ҳажми;
ишлаб чиқаришни оқилона жойлаштириш учун ижарага олиш режалаштирилган ер участкасининг ўлчамлари;
асосий ишлаб чиқариш цехи, ускуна ва технологик линиялар, маъмурий-маиший, омбор ва бошқа ёрдамчи биноларнинг жойлашуви кўрсатилган дастлабки чизмаси;
ишлаб чиқариш технологиясининг (экологик талаблар ҳисобга олинган ҳолда) технологик ускуналар, ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ва давлатлари рўйхати кўрсатилган тавсифи;
ишлаб чиқаришда фойдаланилиши мўлжалланаётган технологик асбоб-ускуналарнинг хусусияти, уларнинг замонавий технологик талабларга мувофиқлиги, инвестиция лойиҳасида халқаро стандартларга мувофиқ бўлган менежмент тизимининг жорий этилиши;
мўлжалланаётган инвестицияларнинг ҳажми, тури ва муддатлари, молиялаштириш манбалари ва қарз маблағлари жалб этилган тақдирда мўлжалланаётган таъминот тури;
инвестиция лойиҳаси амалга оширилишининг иқтисодий самарадорлиги кўрсаткичлари ва молиявий-иқтисодий ҳисоб-китоблар.
3-боб. Инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш тартиби
8. Дирекция тақдим этилган ҳужжатларни ушбу Низомнинг 6 ва 7-бандларида назарда тутилган талабларга мувофиқлиги юзасидан икки иш кунида кўриб чиқади.
9. Ушбу Низомнинг 6 ва 7-бандлари талаблари бузилган ҳолда тақдим этилган инвестиция буюртманомаси, камчиликлари кўрсатилган ҳолда, инвесторга қайтарилади.
10. Инвестор томонидан ушбу Низомнинг 6 ва 7-бандлари талабларига мувофиқ тақдим этилган инвестиция буюртманомасига ушбу Низомнинг 6 ва 7-бандлари талабларига мувофиқлиги юзасидан Дирекция директори томонидан имзоланган тегишли хулоса илова қилинади.
11. «Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудида амалга ошириш учун инвестиция лойиҳасини танлаб олиш тўғрисида қарор қабул қилишда Маъмурий кенгаш қуйидагиларни кўриб чиқади:
инвестиция лойиҳасининг ушбу Низомнинг 4-бандида келтирилган устувор мезонларга мувофиқлиги;
илғор технологияларни қўллаган ҳолда замонавий иссиқхоналар қуриш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича технологик занжирнинг босқичма-босқич ташкил этилиши;
муассисларнинг ўз маблағлари ва улар томонидан жалб этилган кредитлар ҳисобига инвестицияларни амалга ошириши;
инвесторнинг молиявий барқарорлиги ва техник ва технологик базага эгалиги;
лойиҳанинг умумий иқтисодий самарадорлиги ва уни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги (ишлаб чиқариш қувватларининг мақбул жойлаштирилиши, ташкил этиладиган иш ўринлари, тармоқдаги таркибий қайта ўзгартиришларга таъсири, ишлаётган қувватлардан фойдаланилиши, зарур хом ашё, материаллар ва инфратузилманинг мавжудлиги);
технологик ускуналарни замонавийлиги, инвестиция лойиҳасида халқаро стандартларга мувофиқ бўлган бошқариш тизимининг мавжудлиги;
инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун зарур маблағ билан таъминланганлиги.
Инвестиция буюртманомасини кўриб чиқишда «Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудида қуйидагиларга устунлик берилади:
замонавий иссиқхона хўжаликларини, жумладан, гидропоника технологияларини қўллаган ҳолда кластер усули ташкил этиладиган иссиқхоналар ҳосилдорлик даражасининг юқорилиги;
ташкил этиладиган иссиқхоналарда етиштириладиган маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг уруғдан бошлаб маҳсулотни бозорга етказиб беришгача бўлган тўлиқ жараёнини ташкил этиш;
иссиқхона хўжаликларини ташкил этишда замонавий ресурс тежовчи технологиялардан, муқобил иссиқлик энергияларидан фойдаланиш;
таклиф этилаётган лойиҳа бўйича етиштирилиши режалаштирилган маҳсулотларнинг экспорт даражаси;
барпо этиладиган иссиқхоналар ҳажми ва уларда етиштирилган маҳсулотларни етиштириш ҳосилдорлигига ва қайта ишлашни чуқурлаштиришга ҳамда ходим сифатида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ишга жалб этувчи лойиҳалар.
12. Маъмурий кенгаш инвестиция буюртманомаларини Дирекция томонидан киритган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида кўриб чиқади ва қуйидаги мазмундаги қарорлардан бирини қабул қилади:
инвесторга тадбиркорлик субъектига «Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчиси мақомини бериш, ер участкаси, бино, иншоотлар, ишлаб чиқариш қувватларини ажратиб бериш, уларнинг умумий майдони ва жойлашган жойини кўрсатган ҳолда «Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини жойлаштириш тўғрисида;
камчиликларни кўрсатган ҳолда тақдим этилган ҳужжатларни такомиллаштириш зарурлиги тўғрисида;
«Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида.
Инвестиция буюртманомасини кўриб чиқишда Маъмурий кенгаш томонидан инвесторнинг ўзи тўғрисида нотўғри маълумотлар тақдим этганлигидан далолат берувчи ҳолатлар аниқланса мазкур буюртманомани кўриб чиқиш тўхтатилади ва хулоса билан Дирекцияга юборилади.
13. Инвестиция буюртманомалари Дирекцияга электрон тарзда тақдим этилиши мумкин.
14. Маъмурий кенгаш ва Дирекция инвестор томонидан тақдим этилган маълумотларнинг ошкор қилинишига йўл қўйилмайди.
15. Маъмурий кенгаш кўриб чиқиши натижасида аниқланган камчиликлар асосида такомиллаштирилган инвестиция буюртманомаси такроран Дирекцияга кўриб чиқиш учун киритилиши мумкин.
Инвестиция буюртманомасини Дирекция томонидан такроран кўриб чиқиш муддати уч иш кунини ташкил этади.
16. Маъмурий кенгашнинг инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш натижаси бўйича қарори унинг аъзолари томонидан оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва Маъмурий кенгаш йиғилиши баёни билан расмийлаштирилади ҳамда Дирекция ва инвестор (инвесторлар) ўртасида «Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудида инвестициялаш тўғрисидаги битимни (кейинги ўринларда инвестициялаш тўғрисида битим деб аталади) тузиш учун асос бўлади.
17. Маъмурий кенгаш йиғилишининг баёни Дирекция директори, маъмурий кенгаш аъзолари томонидан имзоланади ва маъмурий кенгаш раиси томонидан тасдиқланади.
18. Маъмурий кенгаш мажлиси баёнидан кўчирма у тасдиқланган кундан эътиборан бир иш куни мобайнида Дирекция томонидан инвесторга ёки унинг ваколатли шахсига етказилади.
4-боб. Инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш бўйича Маъмурий кенгаш қарорларини Республика кенгаши билан келишиш тартиби
19. Маъмурий кенгашнинг қиймати эквивалентда 5,0 млн АҚШ долларидан юқори бўлган инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқиш натижаси бўйича ижобий қарори у тасдиқланган санадан бошлаб икки иш куни ичида белгиланган тартибда келишиш учун Республика кенгашига, инвестиция буюртманомаси ва лойиҳа бизнес-режаси билан бирга юборилади.
20. Республика кенгаши Маъмурий кенгашнинг қарорини олган санадан бошлаб 7 иш куни ичида Республика кенгаши йиғилишида кўриб чиқади. Инвестиция лойиҳасини келишиш Республика кенгаши аъзоларининг ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг қуйидаги хулосаларини инобатга олган ҳолда амалга оширилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги — ҳудуднинг саноат ва иссиқхоналар тармоғини ривожлантириш дастурларидан келиб чиқиб, лойиҳа амалга оширилишининг мақсадга мувофиқлиги қисми бўйича, қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришни зарур хом ашё ресурслари билан таъминланганлиги, валюта қопланувчанлиги ва ташкил этилаётган иш ўринлари белгиланган кўрсаткичларига мувофиқлиги қисми бўйича;
(20-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги 777-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.12.2020 й., 09/20/777/1620-сон)
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси — янгидан барпо этилаётган ишлаб чиқаришларни замонавий ускуналар ва технологиялар билан жиҳозлаш, инвесторларнинг салоҳиятлилиги ҳамда инвесторнинг лойиҳани амалга ошириш учун молиявий ва технологик имкониятларининг етарлилиги қисми бўйича;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги — иссиқхоналар тармоқларини ривожлантириш дастурларидан келиб чиқиб лойиҳалар амалга оширилишининг мақсадга мувофиқлиги қисми бўйича;
тегишли тижорат банклари — лойиҳани биргаликда молиялаштириш учун кредит ажратиш қисми бўйича.
Олдинги таҳрирга қаранг.
21. Инвестиция лойиҳалари бўйича ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган хулосалар ваколатли ташкилотлар томонидан уларга лойиҳанинг инвестиция буюртманомаси ва бизнес-режаси келиб тушган санадан бошлаб беш иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига умумлаштириш ва Республика кенгаши йиғилишининг баёни лойиҳасини тайёрлаш учун юборилади.
(21-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги 777-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.12.2020 й., 09/20/777/1620-сон)
22. Республика кенгаши «Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини жойлаштириш бўйича Маъмурий кенгаш қарорини келишиш бўйича йиғилиш баёни лойиҳасини аввал ижобий хулоса тақдим этган Республика кенгаши аъзолари билан келишиш талаб этилмайди.
5-боб. Инвестициялаш тўғрисидаги битимни тузиш ва «Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш
23. Инвестиция киритиш тўғрисида шартнома лойиҳаси давлат, инглиз ва рус тилларида Дирекциянинг расмий веб саҳифасида жойлаштирилади ёки Маъмурий кенгашнинг инвестор томонидан кўриб чиқиш учун киритган инвестиция буюртманомасини маъқуллаш бўйича йиғилишининг баёни тасдиқлангандан кейин бир иш куни ичида Дирекция томонидан инвесторга тақдим этилади.
24. Инвестиция киритиш тўғрисидаги шартнома қоидаларини келишиш мақсадида Дирекция ва инвесторлар ўртасида музокаралар ўтказилиши мумкин.
25. Инвестиция киритиш тўғрисидаги шартнома «Бухоро-агро» ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддатидан ошмайдиган муддатга тузилади.
26. Инвестор ва Дирекция ўртасидаги инвестиция киритиш тўғрисида тарафлар томонидан имзоланган шартнома инвестор томонидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъекти «Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб кучга киради.
27. Инвестиция киритиш тўғрисидаги шартноманинг амал қилиши:
инвестиция киритиш тўғрисидаги шартнома тузилган муддати ўтиб бўлганда;
тадбиркорлик субъекти «Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этилганда;
«Бухоро-агро» ЭИЗ муддатидан олдин тугатилганда;
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда тўхтатилади.
28. «Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудида жойлаштириш учун инвестор томонидан ташкил этилган ташкилотни (кейинги ўринларда Ташкилот деб аталади) давлат рўйхатидан ўтказиш қонун ҳужжатларида юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
29. Ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин инвестор томонидан Дирекцияга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
Ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;
«Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш учун тўлов тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.
30. Дирекция ушбу Низомнинг 29-бандида кўрсатилган ҳужжатлар олинган кундан бошлаб икки иш куни мобайнида Ташкилотни «Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказади ва белгиланган шакл бўйича «Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчиси гувоҳномасини беради.
31. Дирекция Ташкилот «Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб бир иш куни ичида хўжалик юритувчи субъект жойлашган жойдаги давлат солиқ ва божхона хизмати органларини хабардор қилади.
32. Дирекция Ташкилот «Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида барча зарур ҳужжатларни хўжалик юритувчи субъектга ер участкаси ажратиш учун тегишли вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри бўйича давлат корхонасига беради.
6-боб. Якунловчи қоидалар
33. «Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум қилиш ёки уни тўхтатиб туриш Республика кенгаши томонидан маъмурий кенгашлар ёки ваколатли ташкилотларнинг асосланган таклифлари асосида, белгиланган тартибда амалга оширилади.
34. Ташкилотни «Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчиси мақомидан ихтиёрий тартибда маҳрум қилиш тўғрисидаги қарор Ташкилотнинг уни бундай мақомдан маҳрум қилиш тўғрисидаги аризасига кўра ёхуд у Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ тугатилган тақдирда Маъмурий кенгаш томонидан қабул қилиниши мумкин.
«Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчиси томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва (ёки) инвестиция киритиш тўғрисидаги шартнома шартларининг бузилиши юзасидан низо мавжуд бўлганда Ташкилотни «Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этиш суд тартибида амалга оширилади.
Дирекция «Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчилари реестрига Ташкилотнинг қатнашчи мақомидан маҳрум этилганлиги тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирган санадан бошлаб уч иш кунида Ташкилотнинг «Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этилганлиги тўғрисидаги ёзувни киритади.
35. Дирекция «Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчилари реестрига тегишли ёзув киритилган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида давлат солиқ ва божхона органларини Ташкилотнинг «Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этилгани тўғрисидаги маълумотлардан хабардор қилади.
36. Тадбиркорлик субъектининг «Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум бўлиши унинг «Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудидаги фаолиятини ҳамда «Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчисига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган бошқа объектларга нисбатан ҳуқуқлари тугатилишини келтириб чиқармайди. Бу ҳолда ушбу тадбиркорлик субъекти «Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчисига тақдим этиладиган имтиёз ва афзалликлардан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотади.
«Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш ҳамда қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
«Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудида жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш ҳамда қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш
СХЕМАСИ
«Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш ҳамда қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
«Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонасида инвестиция лойиҳасини жойлаштириш учун инвестиция
БУЮРТМАНОМАСИ
|
1. Инвестор (инвесторлар) тўғрисида маълумотлар: | |
| Мурожаат қилган ташкилот (инвестор ёки инвесторлар)нинг номи, келиб чиққан давлати | |
| Инвестор (ёки инвесторлар) тўғрисида маълумот, жумладан давлат рўйхатидан ўтган санаси ва жойи, таъсисчи(лар) ва бошқалар | |
| Юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, таъсисчиларнинг устав фондидаги улушининг тақсимланиши ва қўйилмаларнинг шакли | |
| Мурожаат қилган ташкилотнинг юридик манзили | |
|
2. Инвестиция лойиҳаси тўғрисида маълумотлар: | |
| Инвестиция лойиҳасининг номи | |
| Инвестиция лойиҳасининг мақсади ва қисқача тавсифи, жумладан ишлаб чиқаришнинг йиллик қуввати | |
| Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг номи, қўлланилиши ва асосий белгилари | |
| Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг ТИФ ТН коди (10 та белги) | |
| Маҳсулотнинг ўртача йиллик ишлаб чиқариш ҳажми, экспортга ва ички бозорга йўналтириладиган ҳажмини (натура кўринишида ва АҚШ долларида) ҳисобга олган ҳолда | |
| Асосий хом ашё, материал ва бутловчи қисмлар (маҳаллий ва импорт), уларнинг тайёр маҳсулотдаги улуши (%) | |
| Хом ашё, материаллар, бутловчи қисмларга бўлган йиллик талаб (АҚШ долларида), шу жумладан маҳаллий ва импорт | |
| Маҳаллийлаштириш даражаси (МД=(1-И/Т) х100%)* ҳамда тайёр маҳсулот товар позициясининг ТИФ ТН коди бўйича ўзгариши (1 йил, 2 йил, 3 йил) | |
| Маҳсулот стандартлари — ГОСТ, ОСТ, ТУ, OzDst, ISO 9001 и ISO 14001 ва бошқалар | |
| Фойдаланилиши мўлжалланаётган савдо маркаси | |
| Ишлаб чиқаришнинг бошланиш санаси | |
| Ташкил этилаётган иш ўрни, жумладан маҳаллий ходимлар | |
|
3. Зарур майдон ва инфратузилма тўғрисида маълумотлар: | |
| Талаб этиладиган майдон (га) | |
| Ишлаб чиқариш майдонлари (кв.м.) | |
| Электроэнергияга бўлган талаб (кВт/соат йилига), ўрнатиладиган қувват (кВт ёки МВт) | |
| Табиий газга бўлган талаб (куб.м., йилига), босим (атм.) | |
| Ичимлик ва техник сувга бўлган талаб (куб.м., йилига) | |
| Ифлослантирувчи моддалар чиқаришнинг мавжудлиги, жумладан газлар (номлари) кг, йилига ёки соатига, қаттиқ чиқиндилар (номлари) тн/ойда, суюқ чиқиндилар (номлари) тн/ойда ва бошқалар. | |
|
4. Лойиҳанинг молиявий-иқтисодий кўрсаткичлари: | |
| Лойиҳанинг қиймати (АҚШ долларида) | |
| Молиялаштириш манбалари (тўғридан-тўғри инвестициялар, маҳаллий муассислар маблағлари, тижорат банклари кредитлари) | |
| Машина ва асбоблар қиймати (АҚШ долларида), жумладан маҳаллий ва импорт. | |
| ҚМИ қиймати (АҚШ долларида) | |
| Айланма капитал суммаси (АҚШ долларида) | |
| Инвестицияларни киритиш шакли ва жадвали | |
| Лойиҳанинг қопланиш муддати (бизнес-режага мувофиқ) | |
|
| |
|
|
|
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.10.2018 й., 09/18/803/2011-сон; 14.12.2020 й., 09/20/777/1620-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2021 й., 09/21/786/1216-сон; 08.07.2022 й., 09/22/375/0618-сон)