Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг «2013 ― 2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастурининг ижро этилиш ҳолати тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б. Қўчқоровнинг «2013 ― 2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастурининг ижро этилиш ҳолати тўғрисида»ги ахборотини эшитиб шуни таъкидлайдики, мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги кенг қамровли вазифалар ижросига бағишланган дастур доирасида кўплаб ишлар амалга оширилди.
2013 ― 2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастурининг (бундан буён матнда Дастур деб юритилади) 68 та бандида 78 та тадбирни амалга ошириш назарда тутилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг 2016 йил 29 мартдаги баённомасига мувофиқ унга киритилган тегишли ўзгартишлардан сўнг 66 та банддаги 76 та тадбирнинг ижросини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилди.
Дастурдаги назарда тутилган тадбирлар аксарият қисмининг рўёбга чиқарилиши Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан мувофиқлаштириб борилди. Унинг амалга оширилишига жами 89,4 млрд.сўм, 1635,6 млн. АҚШ доллари ва 57,6 млн. евро миқдорида маблағ ажратилиши белгиланиб, ўтган даврда 303,4 млрд.сўм, 808,5 млн. АҚШ доллари, 139,0 минг евро ҳамда 15,0 минг швейцария франки миқдоридаги маблағ ўзлаштирилди.
Дастурнинг бажарилиши қуйидаги бешта асосий йўналиш бўйича амалга оширилди:
аҳоли турмуши учун ҳамда давлат фаолияти учун экологик хавфсизлик даражасининг кафолатланган қулай шарт-шароитларини яратиш;
иқтисодиёт тармоқлари экологик қоидаларга мувофиқ фаолият кўрсатишга эришиш, технологик жараёнларни ва табиатни муҳофаза қилиш борасидаги фаолиятни такомиллаштириш;
ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти чиқиндиларидан атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш;
атроф-муҳит муҳофазаси ва табиатдан фойдаланишни тартибга солиш, экологик таълимни мунтазам такомиллаштириш, таълим соҳасида табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини кенг тарғиб этиш ва норматив-услубий базани такомиллаштириш;
табиатни муҳофаза қилиш фаолияти қамровини кенгайтириш ва табиий муҳитнинг трансчегаравий ифлосланишининг олдини олиш мақсадида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.
Мазкур тадбирларни рўёбга чиқариш мақсадида аҳоли ва давлат учун яшаш муҳити ҳамда экологик хавфсизлик даражасининг кафолатланган қулай шарт-шароитларини яратиш учун Оролбўйи чегарасини экологик соғломлаштириш тадбирлари доирасида денгизнинг қуриган тубидаги 90 минг гектар майдонда ўрмон-мелиоратив ишлари амалга оширилди.
Жиззах, Урганч, Хива, Питнак, Чирчиқ, Нукус, Тахиятош, Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарларидаги оқова сув тозалаш иншоотларини реконструкция, Андижон шаҳар сув тозалаш иншоотини фойдаланишга топшириш ишлари ниҳоясига етказилмади. Бундан ташқари:
Шу билан бирга қайд этиш лозимки, 2013 ― 2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастурининг айрим бандлариданазарда тутилган тадбирни бажарилиши кечиктирилди.
«Ўзнефтмаҳсулот» АК Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг тозалаш иншоотларини қайта таъмирлаш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишлар 90 фоизга бажарилди.
Угам-Чотқол давлат миллий табиат боғи таркибидаги ядро сифатида Пском қўриқхонасини ривожлантириш тадбирини амалга ошириш доирасида Фанлар академияси мутахассислари билан ўрганиш олиб борилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси тайёрланган. Аммо, бугунги кунда ушбу ҳудуд мамлакатимизнинг чегара зонасида жойлашганлиги, ҳудудда йирик Пском ГЭС қурилиши бошланганлиги сабабли ушбу лойиҳани амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги ўрганиб чиқилаётган бўлса-да, ҳали аниқ бир хулосага келинмаган;
Навоий вилоятида 450 мвт. қувватли иккинчи буғ-газ қурилмасини қуриш орқали «Навоий ИЭС» ОАЖни кенгайтириш, «Шўртаннефтгаз» УШК объектларида 378 ― 380 минг куб метр миқдоридаги йўлдош газларни дегазациялаш ва утилизация қилиш қурилмасини қуриш, Фарғона ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи агрегатларини модернизация ва реконструкция қилиш, «Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби»нинг навбатдаги иккита жилдини чоп этиш каби тадбирлар ниҳоясига етказилмай қолган.
Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг «2013 ― 2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастурининг ижро этилиши ҳолати тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига 2013 ― 2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастурининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши ҳолатини атрофлича кўриб чиқиш, таҳлил этиш ва уларда белгиланган тадбирларнинг сўзсиз бажарилиши юзасидан қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:
2013 ― 2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастурида белгиланган тадбирларнинг ижро этилишини, шунингдек уларнинг бажарилиш сифатини ҳамда ушбу тадбирларни амалга ошириш учун ажратилган маблағлар ва моддий ресурсларнинг ўзлаштирилишини танқидий жиҳатдан батафсил таҳлил этсин ҳамда маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланиши устидан қатъий назорат олиб борсин;
Дастурда белгиланган тадбирларнинг бажарилиш ҳолатини таҳлил қилиш натижаларини Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисларида муҳокама этиб борсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ишлаб чиқилган Дастурда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси:
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини, жумладан «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҳамда «Чиқиндилар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳалари ишлаб чиқилишини Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда янада жонлантирсин;
мазкур қарорнинг ижроси юзасидан назоратни кучайтирсин.
6. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 27 июль,
1856-III-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.07.2018 й., 04/18/1856-III/1938-сон)