Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига келадиган товарлар ва транспорт воситаларини расмийлаштиришда божхона тартиботларини соддалаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 12 апрелдаги ПФ-5414-сон Фармонини бажариш юзасидан, шунингдек, автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти орқали Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига келадиган товарлар ва транспорт воситаларини божхона назоратидан ўтказиш самарадорлигини таъминлаш, уларни расмийлаштиришдаги божхона тартиботларини соддалаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти орқали Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига келадиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида электрон тарзда олдиндан хабардор қилишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган маълумотлар рўйхати 1-иловага мувофиқ;
автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти орқали Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига келадиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида давлат божхона хизмати органларини электрон тарзда олдиндан хабардор қилиш тартиботини амалга ошириш схемаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Белгилаб қўйилсинки, товарни ташувчилар ёхуд товар эгалари ёки товарга нисбатан ваколатларга эга бўлган шахслар товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги электрон тарздаги олдиндан ахборотни божхона органларининг ахборот тизимига телекоммуникация тармоғи орқали:
автомобиль транспортининг Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтишидан бир соат олдин;
темир йўл транспортининг Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасига етиб келишидан икки соат олдин;
узоқ йўналишни амалга оширишда — ҳаво транспортининг Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига учиб келишидан икки соат олдин;
қисқа йўналишни амалга оширишда — ҳаво транспортининг учиш вақтида юбориши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига келадиган товарлар ва транспорт воситалари, шунингдек, ҳаво ва темир йўл транспортида Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиладиган йўловчилар ва уларнинг багажи тўғрисидаги электрон маълумотларни айирбошлаш тизимини назарда тутадиган дастурий таъминотни икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва божхона органларининг ахборот тизимига жорий этсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига келадиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги ахборотларни айирбошлашни он-лайн режимида амалга ошириш юзасидан чегарадош мамлакатлар билан халқаро шартномаларни тузиш масаласини ишлаб чиқсин;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хорижий дипломатик идораларни ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналар ва консуллик муассасаларини ушбу қарорнинг қоидалари тўғрисида хабардор қилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситалари билан биргаликда ушбу қарорнинг қоидалари кенг ёритилиши ва тушунтирилишини ташкил этсин.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида давлат божхона хизмати органларининг электрон тарзда олдиндан хабардор қилинишини жорий этиш тўғрисида» 2015 йил 30 октябрдаги 307-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2015 й., 10-сон, 95-модда) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.С. Отажонов ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 25 сентябрь,
762-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 сентябрдаги 762-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти орқали Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига келадиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида электрон тарзда олдиндан хабардор қилишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган маълумотлар
РЎЙХАТИ
1. Транспорт воситаси тури.
2. Мамлакат, ташувчининг номи ва манзили.
3. Транспорт воситаси ҳақида маълумотлар*.
4. Товарларни юборувчининг мамлакати номи.
5. Товарларни қабул қилувчининг мамлакати номи.
6. Товарларни қабул қилувчининг манзили ва СТИРи (транзит учун талаб қилинмайди).
7. Товарларнинг номи, брутто вазни, қиймати.
8. Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг учун уйғунлаштирилган тизимига мувофиқ товарларнинг камида 6 та белги даражасидаги кодлари (транзитда — рухсатномалар мавжудлигини талаб қиладиган товарлар учун).
9. Рухсатномалар тўғрисидаги маълумотлар (мавжуд бўлса).
10. Товарларнинг Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига етиб келиш вақти (режалаштирилган).
11. ХЙТ китобчаси (агар мавжуд бўлса) рақами, 14.11.1975 йилдаги ХЙТ дафтарчасини қўллаган ҳолда Юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ.
12. Инвойс (ҳисоб — варақаси) ва транспорт юкхатининг рақами, санаси.
* Ташувлар автомобиль транспортида амалга оширилаётганда автотранспорт воситасининг рўйхат рақами, рўйхатдан ўтган мамлакати ва идентификация рақами (VIN) (ёхуд кузов, шасси ёки рама рақами) тақдим этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 сентябрдаги 762-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти орқали Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига келадиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида давлат божхона хизмати органларини электрон тарзда олдиндан хабардор қилиш тартиботини амалга ошириш
СХЕМАСИ
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.09.2018 й., 09/18/762/1962-сон; 01.01.2020 й., 09/20/1057/4261-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.05.2021 й., 09/21/322/0481-сон)