Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ МАДҲИЯСИ ТЎҒРИСИДА
1-модда.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг матни ва мусиқавий таҳрири тасдиқлансин (илова қилинади).
2-модда.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзидир.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчидир.
3-модда.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси:
1) Ўзбекистон Республикасида нишонланадиган умумхалқ байрамларига бағишланган тантанали йиғилишлар ва мажлисларнинг очилиши ҳамда ёпилиши вақтида;
2) Янги йил кечаси Тошкент вақти билан соат 24 да республика телевидениеси ва республика радиоси орқали; Ўзбекистон Республикасида нишонланадиган умумхалқ байрамлари кунларида республика телевидениеси орқали — дастурларнинг бошланишида; ҳар куни Ўзбекистон радиоси республика ички радиоэшиттиришлар орқали дастурларнинг бошланиши ва тугалланиши олдидан;
3) республика ҳаётидаги муҳим тарихий воқеаларни нишонлаш юзасидан, атоқли сиёсий, давлат ва ҳарбий арбоблар, халқ қаҳрамонлари, фан, адабиёт ва санъат арбоблари шарафига ўрнатилган ҳайкаллар, шунингдек монументлар, ёдгорликлар ва бошқа иншоотларнинг очилиши вақтида;
4) давлат идоралари, корхоналар, муассасалар ва жамоат бирлашмалари томонидан ўтказиладиган маросимлар ва бошқа тантанали тадбирларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини кўтариш чоғида;
5) расмий сафар билан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган хорижий мамлакатларнинг давлат бошлиқлари ва ҳукумат бошлиқларини кутиб олиш ва кузатиш вақтида — тегишли хорижий давлатнинг Давлат мадҳияси ижро қилиб бўлинганидан кейин ижро этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4-модда.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси ушбу Қонун талабларига риоя этган ҳолда давлат идораларининг, корхоналар, муассасалар ва жамоат бирлашмалари раҳбарларининг қарорига биноан бошқа ҳолларда ҳам ижро этилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-модда.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси оркестр, хор, ҳам оркестр ҳам хор томонидан ёки ўзга вокал ва чолғу асбоблари билан ижро этилиши мумкин. Бунда овоз ёзиб олиш воситаларидан фойдаланилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси вокал ҳамда вокал-чолғу асбоблари билан ижро этилган тақдирда тўлиқ ижро этилади, чолғу асбобларининг ўзида ижро этилган тақдирда эса мадҳия қисман ижро этилишига йўл қўйилади — ашуланинг бошланиши ва нақорат бир мартадан айтилади.
6-модда.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси мадҳиянинг ушбу Қонун билан тасдиқланган матни ва мусиқавий таҳририга айнан мувофиқ ҳолда ижро этилмоғи лозим.
7-модда.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси кўпчилик ҳузурида ижро этилган тақдирда ҳозир бўлган кишилар мадҳияни тик туриб, эркаклар бош кийимини олган ҳолда ёки қўлини чеккасига қўйиб тинглайдилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8-модда.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини:
ҳарбий қисмларда, ҳарбий кемаларда ижро этиш, шунингдек мадҳия ижро этилаётган пайтда ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий салом бериши — ҳарбий уставлар билан;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ички ишлар идораларида ижро этиш, шунингдек мадҳия ижро этилаётган пайтда ички ишлар идораларининг оддий аскарлар ва бошлиқлар таркибидан бўлган шахсларнинг салом бериши — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги белгилаб қўядиган қоидалар билан;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ўқув юртларида ижро этиш — Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор ташкилотлар билан келишиб туриб белгилаб қўядиган қоидалар билан тартибга солинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9-модда.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида республика ва халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги манфаатдор ташкилотлар билан келишиб туриб белгилаб қўядиган қоидаларга мувофиқ ижро этилади.
(9-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ижро этиш маросими халқаро спорт ташкилотларининг мавжуд амалиётини инобатга олган ҳолда белгиланади.
10-модда.
Хорижий давлатлар ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг муассасалари ва ташкилотлари ўтказадиган тадбирлар вақтида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси ўша мамлакат тажрибаси ва маҳаллий урф-одатларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги белгилаб қўядиган қоидаларга мувофиқ ижро этилади.
11-модда.
Ички ишлар идораларида, ўқув юртларида, спорт мусобақалари вақтида, шунингдек хорижий давлатлар ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг муассасалари ва ташкилотлари тегишли тадбирлар ўтказган вақтда Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ижро этиш қоидалари ушбу Қонун талабларига асосланиб белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12-модда.
Ушбу Қонуннинг аниқ бажарилишини кузатиб бориш давлат идораларининг, корхоналар, муассасалар ва жамоат бирлашмаларининг раҳбарлари зиммасига, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини кўтариш вақтида ижро этиладиган ҳолларда эса Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисидаги қонуннинг аниқ бажарилишини кузатиб бориши шарт бўлган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарлари ҳамда бошқа мансабдор шахслар зиммасига ҳам юкланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 10 декабрь,
№ 768-XII
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси
Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,
Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!
Яшнагай то абад илму фан, ижод,
Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!
Олтин бу водийлар — жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!
Бағри кенг ўзбекнинг ўчмас иймони,
Эркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот!
Истиқлол машъали, тинчлик посбони,
Ҳақсевар, она юрт, мангу бўл обод!
Олтин бу водийлар — жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 1-сон, 52-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда; 2010 й., 51-сон, 484-модда; 2017 й., 24-сон, 487-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2018 й., 03/18/486/1559-сон; 24.05.2019 й., 03/19/542/3177-сон, 05.09.2019 й., 03/19/563/3685-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 09.09.2024 й., 03/24/957/0689-сон)