Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига жисмоний шахслар номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарлар назоратини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-5414-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига жисмоний шахслар номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарларни божхона назоратидан ўтказиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида:
1. Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари томонидан давлат божхона хизмати органларига жисмоний шахслар номига халқаро курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарлар ҳақида мажбурий равишда хабардор этиш белгилансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда почта алоқаси операторлари ва провайдерлари томонидан жисмоний шахслар номига халқаро курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарлар ҳақида давлат божхона хизмати органларига олдиндан электрон тарзда хабар бериш тизимини татбиқ этилишини таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2018 йил 1 сентябрга қадар бўлган муддатда халқаро курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарларни қабул қилувчининг солиқ тўловчининг идентификация рақами ёки паспорт маълумоти орқали идентификациялаш имконини берувчи электрон базаларни идоралараро интеграциясини амалга оширилишини таъминласин.
4. Қуйидагилар:
почта алоқаси оператори ва провайдерлари томонидан халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар тўғрисида олдиндан электрон тарзда хабар беришда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган маълумотлар рўйхати 1-иловага мувофиқ;
халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар тўғрисида давлат божхона хизмати органларини олдиндан электрон тарзда хабардор қилиш жараёнларини амалга ошириш схемаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Кириб келаётган халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона назорати ва расмийлаштируви:
темир йўл ва автомобиль транспорти орқали етказишда — махсус белгиланган божхона постларида;
ҳаво транспорти орқали етказишда — халқаро аэропортлар ёки унга яқин ҳудудларда жойлашган божхона постларида амалга оширилади.
6. Халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудига юридик шахслар номига келаётган қиймати 100 (юз) АҚШ долларига тенг бўлган товарлардан божхона тўловлари ундирилмайди.
8. Вазирлик ва идоралар бир ой муддатда ўзларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 19 июль,
ПҚ-3873-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 июлдаги ПҚ-3873-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Почта алоқаси оператори ва провайдерлари томонидан халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар тўғрисида олдиндан электрон тарзда хабар беришда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган маълумотлар
рўйхати*
1. Қабул қилувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми.
2. Қабул қилувчининг манзили.
3. Қабул қилувчининг паспорт серияси ва рақами ёки солиқ тўловчининг идентификация рақами.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Почта алоқаси оператори ёки провайдерининг номи.
5. Жўнатувчи давлат.
6. Жўнатманинг тавсифи.
7. Жўнатманинг қиймати.
* Ёзма хат-хабарлар (майда пакетлардан ташқари), дипломатик почта ва консуллик почта қопларига татбиқ этилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 июлдаги ПҚ-3873-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар тўғрисида давлат божхона хизмати органларини олдиндан электрон тарзда хабардор қилиш жараёнларини амалга ошириш
СХЕМАСИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 июлдаги ПҚ-3873-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги «Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3512-сон қарорига киритилаётган
ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 1-бандда:
а) «а» кичик банднинг бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар учун — бир календарь чорак мобайнида 1 000 (бир минг) АҚШ доллари;
халқаро почта жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар учун — 100 (юз) АҚШ доллари»;
б) «г» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«г) жисмоний шахслар томонидан айрим турдаги товарларни республикадан олиб чиқиш нормалари 2-иловага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортлари орқали божхона чегарасидан кесиб ўтиш ҳолатлари бундан мустасно»;
в) «д» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«д) мазкур банднинг «а» — «г» кичик бандларида кўрсатилган меъёрлар доирасида товарларни жисмоний шахс томонидан божхона чегарасидан олиб кирилиши ва олиб чиқилиши мажбурий ёзма декларациясиз амалга оширилади, бундан халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланган товарлар мустасно;
жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларнинг қандай мақсадга мўлжалланганлигини аниқлашда товарларнинг миқдори ҳисобга олинади ва бунда товарларни олиб ўтаётган жисмоний шахс ва унинг оила аъзолари эҳтиёжларидан ортиқ миқдордаги бир турдаги товарларга, агар товарларни олиб ўтаётган шахс аксини исботлаб бермаса, тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун олиб кирилаётган товарлар деб қаралади;
мазкур банднинг «а» — «г» кичик бандларида кўрсатилган меъёрлардан ошганда ҳамда жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолияти учун товарлар олиб ўтилганда, қонун ҳужжатларига биноан олиб кирилаётган товарларнинг барча суммасига нисбатан божхона расмийлаштирувининг умумий қоидалари қўлланилади;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишган ҳолда жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган товарлар меъёрларини ва олиб ўтиш шартларини белгилаши мумкин».
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.07.2018 й., 07/18/3873/1578-сон, Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.04.2022 й., 06/22/112/0326-сон; 19.01.2026 й., 06/26/5/0051-сон)