Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
Қарори
Маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатларни ундириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатларни ундириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Манфаатдор вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 13 июль,
535-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 июлдаги 535-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатларни ундириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатларни ундириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
махсус қабулхона — ички ишлар органлари тизимига кирадиган, маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус муассаса;
махсус қабулхона маъмурияти — махсус қабулхонани бошқаришни амалга оширувчи махсус қабулхона бошлиғи ва унинг ўринбосарлари;
маъмурий қамоққа олиш — маъмурий жазо тури бўлиб, у шахсни жамиятдан вақтинча ажратиб қўйиш шароитларида сақлашдан иборат ва уч суткадан ўн беш суткагача бўлган муддатга, фавқулодда ҳолат режими шароитларида эса жамоат тартибига тажовуз қилганлиги учун ўттиз суткагача бўлган муддатга қўлланилади;
маъмурий қамоққа олинган шахс — ўзига нисбатан маъмурий қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарилган фуқаро.
3. Маъмурий қамоққа олинган шахслардан туман (шаҳар) суди маъмурий ишлар бўйича судьясининг, шунингдек, фавқулодда ҳолат режими шароитларида эса, ҳарбий комендантнинг ёки ички ишлар органи бошлиғининг қарорига кўра, махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлар суткасига энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида ундирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатларни ундириш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Маъмурий қамоққа олинган шахс маъмурий қамоқни ўташи вақтида ишлаган ва шу тариқа ўзининг махсус қабулхонада сақланиши билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаган ҳолларда ундан харажатлар ундириб олинмайди. Маъмурий қамоққа олинган, меҳнатга қобилиятсиз шахслар ҳам бу харажатларнинг ундирилишидан озод қилинади.
5. Айрим ҳолларда муайян ҳолатлар, маъмурий қамоққа олинган шахснинг моддий аҳволи ва шахси ҳисобга олинган ҳолда, у махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлар ундирилишидан туман (шаҳар) суди маъмурий ишлар бўйича судьясининг, шунингдек, фавқулодда ҳолат режими шароитларида эса, ҳарбий комендантнинг ёки ички ишлар органи бошлиғининг қарорига кўра озод қилиниши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Маъмурий қамоққа олинган шахслардан махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ ундирилган харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадига ўтказилади.
2-боб. Маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатларни ундиришни ташкил этиш
7. Маъмурий қамоққа олинган шахс махсус қабулхонага олиб келинган куни унга нисбатан махсус қабулхона навбатчиси томонидан йиғма жилд юритилади.
8. Навбатчи кун давомида қабул қилинган шахсларнинг йиғма жилдлари ва маъмурий қамоққа олинган шахслардан олинган қимматбахо буюмларини жамлаб, махсус қабулхона бошлиғи томонидан тайинланган махсус қабулхонанинг ҳисоб-китоби билан шуғулланувчи масъул ходим (ҳисобчи) га топширади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Масъул ходим (ҳисобчи) йиғма жилдларнинг юритилиши ва маъмурий қамоққа олинган шахслардан олинган қимматбахо буюмларнинг сақланишини таъминлайди ҳамда алоҳида дафтарда қайд этиб боради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Масъул ходим (ҳисобчи) маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг йиғма жилдига меҳнатга жалб этиш варақасини қўшиб юритади ва маъмурий қамоққа олинган шахслар озод бўлгунга қадар меҳнатга жалб этилган кунларини қайд этиб борган ҳолда махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатларни ҳисоб-китоб қилиб боради.
11. Маъмурий қамоққа олинган шахс маъмурий қамоқни ўташи вақтида ишлаган ва шу тариқа ўзининг махсус қабулхонада сақланиши билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаган ҳолларда ушбу шахс махсус қабулхонадан озод этилаётган вақтда унга махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатларни тўлиқ қоплаганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. Маъмурий қамоққа олинган шахс маъмурий қамоқни ўташи вақтида ишламаган ёки ишлаган бўлса-да, махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаган бўлса, қолган қисмини бир банк иш куни мобайнида махсус қабулхонанинг ҳисоб рақамига тўлаши лозимлиги тўғрисида ёзма билдириш берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Маъмурий қамоққа олинган шахслар томонидан тўловлар тегишли хизмат кўрсатувчи банкка тўланади ва тўлов тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (квитанция) нусхаси махсус қабулхонанинг масъул ходими (ҳисобчи)га тақдим этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Агар тўлов нақд пулсиз шаклда амалга оширилган бўлса, махсус қабулхона маъмуриятига тўлов топшириқномасининг нусхаси (тўлов тўланганлиги тўғрисидаги банк белгиси қўйилган ҳолда) тақдим этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. Маъмурий қамоққа олинган шахсни махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлар маъмурий қамоққа олинган шахснинг яқин қариндошлари ёки бошқа шахслар томонидан ҳам қопланиши мумкин. Бундай холларда, яъни махсус қабулхона маъмуриятига маъмурий қамоққа олинган шахсни махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш истаги билдирилганда ушбу шахсдан ариза олинади ва ёзма билдириш ушбу шахсга берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. Маъмурий қамоққа олинган шахс махсус қабулхонадан озод этилганидан сўнг бир банк иш куни мобайнида сақлаш билан боғлиқ харажатларни тўламаган тақдирда махсус қабулхона маъмурияти ушбу харажатларни суд тартибида ундириш бўйича шахсни маъмурий қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарган судга мурожаат этади.
3-боб. Маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлар ҳисоби
15. Маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлар ҳисобини юритиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг молиявий таъминот хизматлари томонидан махсус қабулхона учун алоҳида ҳисоб рақами очилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16. Маъмурий қамоққа олинган шахслардан ундирилган махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлар ҳамда уларнинг меҳнатидан фойдаланиш натижасида ташкилотлардан олинган пул маблағлари махсус қабулхонанинг ҳисоб рақамига тушади.
17. Махсус қабулхонанинг ҳисоб рақамига тушган пул маблағлари (маъмурий қамоққа олинган шахснинг меҳнатидан фойдаланиш натижасида олинган ва маъмурий қамоққа олинган шахсни махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлардан ортиқ бўлган ҳамда маъмурий қамоққа олинган шахснинг йўл ҳужжатлари учун сарфланган суммадан ташқари) бир банк иш куни мобайнида Давлат бюджети даромадига ўтказилади.
18. Маъмурий қамоққа олинган шахснинг меҳнатидан фойдаланиш натижасида олинган ва маъмурий қамоққа олинган шахсни махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлардан ортиқ бўлган сумма уларнинг номига очиладиган махсус банк ҳисобварақларига ўтказилади.
19. Маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлар тушуми ва ушбу маблағларни Давлат бюджетига ўтказиш бўйича бухгалтерия ҳисобини юритиш ва ҳисоботларни тузиш тегишли махсус қабулхонанинг масъул ходими (ҳисобчи) томонидан амалга оширилади.
20. Махсус қабулхона маблағлари тушуми ва харажатлари ҳисобини юритиш ва харажатлар сметасини тузиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4-боб. Якунловчи қоидалар
21. Махсус қабулхона маблағларидан мақсадли фойдаланилишини ва тушумни назорат қилиш Ички ишлар вазирлигининг Назорат тафтиш инспекциясига юклатилади.
22. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатларни ундириш тартиби тўғрисида низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
Кейинги таҳрирга қаранг.
Маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатларни ундириш
СХЕМАСИ
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.07.2018 й., 09/18/535/1517-сон; 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.05.2021 й., 09/21/320/0482-сон, 27.12.2021 й., 09/21/774/1198-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 11.09.2023 й., 09/23/459/0690-сон; 13.06.2025 й., 09/25/362/0507-сон)