Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Тошкент шаҳрида ««Delta city» халқаро юқори технологияли иновацион марказ» лойиҳасини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида
Тошкент шаҳрида ««Delta city» халқаро юқори технологияли инновацион марказ» лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишларни сифатли ва ўз вақтида ташкил этиш мақсадида:
1. Маълумот учун қабул қилинсинки:
а) Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 мартдаги «Hi-tech city» халқаро юқори технологияли инновацион марказ фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги 169-сон қарорига биноан:
Тошкент шаҳрининг Ифтихор, Амир Темур, Кичик ҳалқа йўли ва Сандиққўрғон кўчалари билан чегарадош, «Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазма комплекси» акциядорлик жамияти, «Халқаро ҳамкорлик маркази» акциядорлик жамияти ҳамда «Интерсервис» республика хўжалик ҳисобидаги ташқи иқтисодий бирлашмаси» давлат корхонасининг ер участкаларини ҳам қамраб оладиган ҳудудда янги замонавий комплекс — «Hi-tech city» халқаро юқори технологияли инновацион марказ (кейинги ўринларда — «Hi-tech city» маркази)ни барпо этиш кўзда тутилган;
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузурида «Hi-tech city» халқаро юқори технологияли инновацион маркази ҳудудида янги объектларни қуриш ва эксплуатация қилиш дирекцияси» (кейинги ўринларда — Дирекция) давлат унитар корхонаси ташкил этилган бўлиб, у «Hi-tech city» маркази қурилиши бўйича бошқарувчи компания функцияларини амалга оширади;
Дирекциянинг оилаларни кўчириш, уй-жойларни, нотурар-жой бинолари ва иншоотларини бузиш, ҳудудларни тозалаш, ер-тупроқ ишларини бажариш, муҳандислик ва транспорт коммуникацияларининг ички майдон тармоқларини қуриш, умумфойдаланадиган ҳудудларни ободонлаштириш, реклама кампаниялари ва тақдимот тадбирларини ўтказиш бўйича сарф-харажатлари инвесторларга ажратиб берилаётган ер участкаларининг катта-кичиклигига қараб пропорционал улушларда улардан келиб тушаётган маблағлар, шунингдек, хайрия маблағлари, кредитлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига қопланади;
б) Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан:
Дирекция, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда «ТошкентбошпланЛИТИ» давлат унитар корхонаси билан ҳамкорликда ер участкаси чегараларини белгилаган ҳолда «Hi-tech city» маркази қурилиши учун ажратилаётган ҳудуднинг топографик съемкасини ўтказиш таъминланди;
Дирекция, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда 2018 йил 1 апрель ҳолатига кўра «Hi-tech city» маркази ҳудудида ҳақиқатан яшаб турган оилаларнинг рўйхатини аниқлаган ҳолда бузиладиган турар-жойлар, нотурар-жой бинолари ва иншоотлар хатловдан ўтказилди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. «Hi-tech city» халқаро юқори технологияли инновацион марказ номи «DELTA CITY» халқаро юқори технологияли инновацион марказ деб ўзгартирилсин (кейинги ўринларда — лойиҳа).
3. Белгилансинки, лойиҳа ҳудудида жойлашган ва давлат органларига, давлат корхоналари ва муассасаларига, шунингдек, устав фондидаги давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган бошқа ташкилотларга тегишли бинолар ва иншоотлар туташ ҳудудлари билан бирга Дирекциянинг улушини кўпайтириш ҳисобига бепул асосда Дирекцияга топширилади, «Радио алоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» ДУК ҳамда «Ўзбектелеком» АК объектлари бундан мустасно.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Тошкент шаҳар ҳокимлиги:
Дирекциянинг буюртмасига биноан бир ой муддатда лойиҳани амалга ошириш учун Ифтихор, Амир Темир, Кичик ҳалқа йўли ва Сандиққўрғон кўчалари билан чегараланган ҳудудда, унинг майдони ва чегараларини аниқлаштирган ҳолда, шу жумладан «Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазма комплекси» акциядорлик жамияти, «Халқаро ҳамкорлик маркази» акциядорлик жамияти ҳамда «Интерсервис» республика хўжалик ҳисобидаги ташқи иқтисодий бирлашмаси» давлат корхонаси ер участкаларини ҳам қамраб оладиган ер участкаси ажратилишини таъминласин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ушбу қарорнинг 3-бандида кўрсатилган бинолар ва иншоотларни хатловдан ўтказсин, шунингдек, уларни тезкор бошқарув ҳуқуқи билан Дирекция балансига топширилишини таъминласин;
лойиҳа ҳудудида жойлашган оилалар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни кўчириш, шунингдек, турар-жойлар, нотураржой бинолари ва иншоотларини бузиш бўйича ишларни белгиланган тартибда ташкиллаштирсин;
юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган ер участкалари ҳамда бинолар ва иншоотлар олиб қўйилиши туфайли уларга етказилган зарарни инвесторларнинг маблағлари ҳисобидан қоплашни ташкил этиш чораларини кўрсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Дирекцияга лойиҳа ҳудудида жойлашган бинолар ва иншоотлар тўғрисида шаҳарсозлик, кадастр ҳамда бошқа зарур ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этилишини таъминласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Қуйидагилар:
а) лойиҳани амалга ошириш доирасида 2021 йилнинг 1 июлига қадар:
инвесторлар лойиҳа ҳудудида объектлар қурилиши билан боғлиқ фаолият қисмида ягона солиқ тўлови, мулк солиғи ва ер солиғи тўлашдан;
бош пудрат ва бош лойиҳа ташкилотлари Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан бажарилган ишлар (хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғи тўлашдан;
белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Дирекция, инвесторлар, бош пудрат ташкилоти томонидан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган қурилиш техникаси, ускуналар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, қурилиш материаллари, металл конструкциялар божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилсин;
б) Дирекция — ўзи фаолият юритадиган бутун давр мобайнида барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан озод қилинсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Дирекциянинг буюртманомаларига кўра, лойиҳани амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижий мутахассисларга кириш визаларини консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимларни ундирмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Дирекциянинг буюртманомаларига кўра, лойиҳани амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек, улар вақтинча яшаб турган жойларда вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ва муддати узайтирилишини давлат божи ундирмасдан белгиланган тартибда таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Дирекциянинг буюртмаларига кўра, лойиҳани амалга ошириш доирасида хорижий мутахассисларни республикага жалб этишга рухсатномалар берилишини, шунингдек, мазкур хорижий мутахассисларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат берилиши (муддати узайтирилиши)ни белгиланган тартибда таъминласин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг раиси С.Р. Холмуродов, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири А.И. Ахмедходжаев ва Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ж.О. Ортиқхўжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 4 июль,
ПҚ-3833-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.07.2018 й., 07/18/3833/1453-сон; 08.06.2019 й., 07/19/4355/3258-сон)