Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида
Битим
хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни инобатга олиб,
хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашиш масалалари бўйича икки томонлама ва кўп томонлама халқаро ҳамкорликнинг кенгайиши муҳим эканлигини англаган ҳолда,
икки мамлакатнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича миллий манфаатларни эътироф этиб,
суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва икки мамлакатнинг ички ишларига аралашмаслик, шунингдек, икки мамлакат фуқароларининг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш асосида,
Томонлар миллий қонунчилиги ва улар иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга таяниб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар хавфсизликни таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш мақсадида қуйидаги соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга оширадилар:
а) икки мамлакатнинг конституциявий тузуми, қонуний ҳокимияти ва ҳудудий яхлитлигига қарши қаратилган таҳдидларнинг олдини олиш;
б) терроризм, экстремизм ва уларнинг молиялаштирилишига қарши курашиш;
в) террористик ва экстремистик ташкилотларнинг учинчи давлатлар ҳудудидан туриб Томонларнинг хавфсизлигига путур етказадиган бузғунчилик фаолиятига қарши курашиш;
г) хорижий давлатлар махсус хизматлари ва ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикасига нисбатан разведка-бузғунчилик фаолиятига қарши курашиш;
д) қурол ва ўқ-дорилар, портловчи моддалар, оммавий қирғин қуроллари, айниқса, ядровий ва радиоактив, кимёвий ва биологик қуроллар, шунингдек, уларни ишлаб чиқариш технологияларининг ишлаб чиқарилиши ва ноқонуний муомаласининг олдини олиш;
е) гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва улар прекурсорларининг ноқонуний муомаласи, ноқонуний миграция, одам ва унинг аъзолари савдоси, шунингдек, инсонни эксплуатация қилишнинг бошқа кўринишларига қарши курашиш;
ж) ахборот технологияларидан фойдаланишга оид жиноятлар ва кибержиноятчиликнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш, шунингдек, Томонларнинг миллий манфаатларига қарши ахборот тарқатадиган интернет-сайтлар фаолиятини аниқлаш ва тақиқлаш;
з) жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштиришнинг олдини олиш;
к) бошқа жиноятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш.
2-модда
Мазкур Битимнинг қоидалари ва мақсадлари амалга оширилиши учун қуйидагилар Томонларнинг ваколатли органлари ҳисобланади:
Тожикистон Республикаси номидан — Тожикистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси, Тожикистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Тожикистон Республикаси Бош прокуратураси;
Ўзбекистон Республикаси номидан — Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси.
3-модда
Томонлар мазкур Битим доирасидаги ҳамкорликни қуйидаги шаклларда амалга оширадилар:
а) мазкур Битимнинг 1-моддасида белгиланган йўналишлар бўйича ахборот, шунингдек, амалий ва илмий-ўқув материаллари алмашинуви;
б) чегарани бошқариш ва чегара назорати масалалари бўйича ахборот ва тажриба алмашинуви;
в) мазкур Битимнинг 1-моддасида назарда тутилган жиноятларни аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этиш бўйича, шунингдек, жиноят содир этган шахсларни қидириш, ушлаш ва кўчириш бўйича қўшма чора-тадбирлар ўтказиш;
д) моддий-техник ёрдам кўрсатиш;
е) экспертлар алмашинуви.
4-модда
1. Томонлар мазкур Битимда назарда тутилган мажбуриятларни бажариш юзасидан ўзларининг ваколатли органлари ўртасида қуйидаги масалалар бўйича ахборот алмашадилар:
а) террористик ва экстремистик ташкилотлар, улар билан алоқадор гуруҳлар ва алоҳида шахслар, шунингдек, бошқа трансмиллий жиноий гуруҳлар ва уларнинг мақсадлари ҳақида;
б) террористик, экстремистик ва трансмиллий уюшган жиноятларни содир этиш усуллари ва сабаблари ҳақида;
в) террористик актлар ва экстремизм, бошқа уюшган жиноятларни аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этиш тажрибасига оид;
г) хорижий давлатлар махсус хизматлари ва ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикасига нисбатан разведка-бузғунчилик ҳаракатлари тўғрисида;
д) икки давлатнинг жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилиги тўғрисида;
е) терроризм ва экстремизмга қарши курашишдаги замонавий илмий воситаларнинг пухта тайёрланиши ва қўлланилиши ҳақида;
ж) Томонларнинг икки давлат ҳудудида жиноят содир этган ва қамоқда сақланаётган ёки жазони ўтаётган фуқаролари тўғрисида;
з) мазкур Битимнинг 1-моддасида белгиланган бошқа масалалар бўйича.
2. Томонлар тажриба алмашиш мақсадида тегишли тузилмалар учун ўқув курсларини ўтказадилар.
5-модда
Томонлар мазкур Битимда назарда тутилган ҳамкорлик доирасида қуйидагиларни амалга оширишни ўз зиммаларига оладилар:
а) халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари устуворлиги принципига амал қилиш;
б) Томонларнинг тегишли органлари тарафидан террористик ва экстремистик деб топилган партиялар, ҳаракатлар ва ташкилотларнинг фаолиятини аниқлаш ва барҳам бериш, уларнинг ҳар қандай қўллаб-қувватлови ва ёрдамидан сақланиш;
в) Ўзбекистон Республикаси ёки Тожикистон Республикасининг конституциявий тузумини зўравонлик ёки бошқа ноқонуний усуллар билан ағдаришни мақсад қилган деструктив унсурларнинг фаолиятини бартараф этиш чораларини кўриш.
6-модда
Қўшма чора-тадбирлар бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳамда ҳамкорлик жараёнида юзага келадиган муаммоларни ҳал қилиш учун Томонларнинг ваколатли органлари доимий вакиллар билан алмашишлари, тезкор-хизмат фаолиятининг аниқ тармоқлари бўйича Битимнинг амалга оширилиш механизмларини белгилайдиган вақтинчалик ишчи гуруҳлар тузишлари мумкин.
7-модда
1. Мазкур Битимнинг амалга оширилиши бўйича ишчи тил рус тили ҳисобланади.
2. Томонлар ўртасидаги ахборот ва ёзишмалар мазмуни юборувчининг розилигисиз учинчи томонга оғзаки ёки ёзма шаклда тақдим этилиши мумкин эмас.
8-модда
Мазкур Битимнинг қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Томонлар уларни ўзаро музокаралар орқали ҳал қиладилар.
9-модда
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро келишуви асосида унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ва мазкур Битимнинг 10-моддасига мувофиқ кучга кирадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
10-модда
1. Мазкур Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида дипломатик каналлар орқали охирги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради.
2. Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва унинг амал қилиши Томонлардан бири бошқа Томоннинг мазкур Битимнинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисидаги ёзма хабарномасини дипломатик каналлар орқали олган санадан бошлаб, олти ой ўтгандан сўнг тугатилади.
3. Мазкур Битим амал қилишининг тугатилиши Томонлар тарафидан унинг амал қилиши тугатилишига қадар келишилган, лекин тугалланмаган ҳамкорликнинг амалга оширилишига таъсир кўрсатмайди.
Душанбе шаҳрида, 2018 йил 9 мартда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, тожик ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил юридик кучга эга.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)