Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Фойдали қазилмалар захиралари бўйича Давлат комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 1 мартдаги ПҚ-3578-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат комиссияси тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат комиссияси ҳақидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида» 2010 йил 24 декабрдаги 310-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2010 й., 12-сон, 72-модда);
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Статистик, солиқ ва молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-тамойилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 16 июлдаги ПФ-4453-сон Фармони)» 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 й., 11-сон, 79-модда) 1-илованинг 106-банди.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси А.С. Султанов ва Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси Б.Ф. Исламов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 23 май,
388-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 майдаги 388-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат комиссияси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат комиссиясининг (кейинги ўринларда Давлат комиссияси деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Давлат комиссияси геология материалларини давлат экспертизасидан ўтказувчи ва фойдали қазилмалар захираларини тасдиқловчи коллегиал орган ҳисобланади.
3. Давлат комиссияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
4. Давлат комиссиясининг ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлари ер ости бойликларини геологик жиҳатдан ўрганиш, кон-қазиб олиш корхоналарини лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш, минерал хом ашёни қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳамда чиқиндиларни сақлаш ва кўмиб ташлаш мақсадида ер ости иншоотларини қуриш ва улардан фойдаланишни амалга оширувчи барча юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий ҳисобланади.
2-боб. Давлат комиссиясининг вазифалари ва функциялари
5. Қуйидагилар Давлат комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:
фойдали қазилмалар захираларини таснифлаш ҳамда ҳисоблаб чиқиш, уларни геология-иқтисодий жиҳатдан баҳолаш ва уларнинг саноатдаги аҳамиятини аниқлашнинг мақбул принципларини белгилаш соҳасида ягона сиёсатни ўтказиш;
геологик материалларни давлат экспертизасидан ўтказиш;
оқилона иқтисодий ва экологик асосда конлар захираларини энг тўлиқ ва комплекс қазиб олиш талабларига мувофиқ бўлган ер ости бойликларидаги фойдали қазилмалар захираларини ишончли ҳисоблаб чиқиш учун кондицияларни тасдиқлаш;
республиканинг минерал хом ашё базасини ривожлантиришни таъминловчи фойдали қазилмаларнинг барча турлари захираларини тасдиқлаш.
6. Давлат комиссияси ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
а) фойдали қазилмалар захираларини таснифлаш ҳамда ҳисоблаб чиқиш, уларни геологик-иқтисодий жиҳатдан баҳолаш ва уларнинг саноатдаги аҳамиятини аниқлашнинг мақбул принципларини белгилаш соҳасида ягона сиёсатни ўтказиш соҳасида:
фойдали қазилмалар захираларини таснифлаш ва ҳисоблаб чиқишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, босқичлар бўйича геология-қидирув ишларини олиб бориш, шунингдек, конларнинг саноатдаги аҳамиятини (кондинцияларнинг дастлабки техник-иқтисодий асосланишини, шу жумладан, нефть ва газ конденсати қазиб олишнинг чекланган коэффициентларини, кондицияларнинг техник-иқтисодий асосланишини) геология-иқтисодий жиҳатдан баҳолаш жараёнида методик раҳбарликни амалга оширади;
б) геология материалларини давлат экспертизасидан ўтказиш соҳасида:
фойдали қазилмалар захираларини ҳисоблаб чиққан ҳолда геология материаллари экспертизасини ташкил қилади ва фойдали қазилмаларнинг ҳисоблаб чиқилган захираларини тасдиқлайди, ушбу захираларнинг ўрганилганлик ва ишончлилик даражасининг фойдали қазилмалар конлари захираларининг амалдаги таснифларига мувофиқлигини, уларнинг саноатдаги аҳамиятини ҳамда конларнинг (ёки улар қисмларининг) саноат йўли билан ўзлаштиришга тайёрлигини белгилайди. Фойдали қазилмалар захиралари конни геологик ўрганишнинг барча босқичларида кондицияларнинг техник-иқтисодий асосланиши ва захираларни ҳисоблаб чиқиш бўйича тақдим этилган материаллар захираларнинг миқдори, сифати ва саноатдаги аҳамияти бўйича холисона баҳолаш имконини берган тақдирда тасдиқланиши мумкин;
чиқиндиларни сақлаш ва кўмиб ташлаш мақсадида қурилиш ва (ёки) ер ости иншоотларидан фойдаланиш учун бериладиган ер қаъри участкалари бўйича геологик материаллар ва бошқа материаллар экспертизасини ташкил қилади, ушбу участкаларнинг белгиланган мақсадга мувофиқ фойдаланиш учун яроқлилигини аниқлайди;
геологик материалларнинг экспертизасини ташкил қилади ва ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқига лицензия берган органнинг, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясининг, ер қаъридан фойдаланувчининг тақдимномаси бўйича, шунингдек, лицензия берилган вақтда фойдали қазилмаларнинг янги турлари ёки қўшимча компонентлар мавжудлиги, шунингдек, фойдали қазилмаларнинг янги хоссалари ёки сифатлари тўғрисидаги маълумотлар аниқланган тақдирда хатловдан ўтказиш натижалари бўйича фойдали қазилмалар захираларини қайта тасдиқлайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
в) оқилона иқтисодий ва экологик асосда конлар захираларини энг тўлиқ ва комплекс қазиб олиш талабларига мувофиқ бўлган ер ости бойликларидаги фойдали қазилмалар захираларини ишончли ҳисоблаб чиқиш учун кондицияларни тасдиқлаш соҳасида;
кондициялар лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосланиши экспертизасини ташкил қилади ва ҳар бир кон бўйича фойдали қазилмалар захираларини ҳисоблаб чиқиш учун ушбу кондициялар параметрларини (кўрсаткичларини) тасдиқлайди;
нефть ва газ конденсати захираларини қазиб олишнинг чекланган коэффициентлари техник-иқтисодий асосланиши экспертизасини ташкил қилади ва қазиб олинадиган захираларни ҳисоблаб чиқиш учун уларни тасдиқлайди;
г) республиканинг минерал хом ашё базасини ривожлантиришни таъминловчи фойдали қазилмалар барча турларининг захираларини тасдиқлаш соҳасида:
техник-иқтисодий асослаш мавжуд бўлган тақдирда янги кондицияларни тасдиқлайди ва қўшимча геология-қидирув ишлари олиб борилганда ёки конни (унинг айрим қисмлари ва участкаларини) қазиб олишда дастлабки кондицияларда қабул қилинганларга нисбатан геологик, кон-техник, иқтисодий ва бошқа шартлар ўзгарган тақдирда, улар асосида ҳисоблаб чиқилган фойдали қазилмалар захираларини қайта тасдиқлайди;
саноат учун аҳамиятини йўқотган ёхуд кейинги геология-қидирув ишларида ёки конни қазиб олишда тасдиқланмаган фойдали қазилмалар захираларини ер қаъридан фойдаланувчининг балансидан белгиланган тартибда чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади.
3-боб. Давлат комиссиясининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
7. Давлат комиссияси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Давлат комиссиясига тақдим этилган кондицияларнинг техник-иқтисодий асосланишини, нефть ва газ конденсатини қазиб олиш коэффициентларини, фойдали қазилмалар ҳисобини текшириш учун зарур бўлган геология ахборотлари ҳамда бошқа маълумотларни Давлат комиссиясининг кўриб чиқиши учун кондициялар лойиҳаларини тақдим этишнинг йиллик режалари ва жадвалларини, фойдали қазилмалар захираларининг ҳолати ва ҳаракати тўғрисидаги маълумотлар билан бирга ҳисоботларни геология-қидирув ишларини олиб борувчи ва фойдали қазилмаларни қазиб олувчи ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
йиғилишлар, семинарлар ўтказиш, Давлат комиссиясининг ваколатига кирадиган масалалар бўйича хорижий мамлакатларнинг шунга ўхшаш органлари билан илмий-техник алоқалар ўрнатиш;
Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига (кейинги ўринларда Давлат геология қўмитаси деб аталади) кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш учун ер қаъри тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш.
8. Давлат комиссияси минерал хом ашёга кондициялар, нефть ва газ конденсати қазиб олиш коэффициентлари, тасдиқланаётган захиралар миқдори ва сифати, саноат мақсадида ўзлаштириш учун конларнинг (ёки улар қисмларининг) тайёрлигини баҳолаш юзасидан қабул қилинган қарорларнинг асосланганлиги юзасидан қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
4-боб. Давлат комиссияси фаолиятини ташкил этиш
9. Давлат комиссияси таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
10. Давлат комиссиясининг раиси:
Давлат комиссияси фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва унга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун жавоб беради;
Давлат комиссияси раиси ўринбосари ва Давлат комиссияси аъзоларининг ушбу Низомда назарда тутилган вазифаларга мувофиқ ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди;
Давлат комиссиясининг иш режаларини, Давлат комиссиясига тушган материалларни кўриб чиқиш жадвалларини тасдиқлайди;
Давлат комиссияси мажлисларида раислик қилади.
Раис бўлмаганда Давлат комиссияси мажлиси Давлат комиссияси раиси ўринбосари томонидан ўтказилади.
11. Давлат комиссияси таркибига манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг, шунингдек, республиканинг етакчи кон қазиб олиш корхоналари ва Давлат геология қўмитаси ихтисосли ташкилотларининг раҳбарлари ва малакали мутахассислари киради.
12. Давлат геология қўмитасининг Фойдали қазилмалар захиралари бўлими Давлат комиссиясининг ишчи органи (кейинги ўринларда ишчи орган деб аталади) функциясини бажаради.
13. Ишчи орган:
бажарувчи ташкилотлар томонидан тақдим этилган кондицияларнинг техник-иқтисодий асосланиши ва фойдали қазилмалар захираларини ҳисоблаб чиқиш материалларини, шунингдек, бошқа геологик материалларни Давлат комиссиясининг кўриб чиқиши учун қабул қилиб олади;
кўриб чиқилаётган объектларнинг мураккаблигига кўра экспертизаларнинг зарур турларини ва уларни ўтказиш учун экспертларнинг шахсий таркибини белгилайди;
кўриб чиқилаётган масалалар бўйича экспертлар томонидан хулосаларнинг ўз вақтида тақдим этилишини, уларнинг тўлиқлиги ва холисоналигини назорат қилади;
тақдим этилган материалларнинг бажарувчи ташкилотларидан минерал хом ашё учун кондицияларнинг техник-иқтисодий асосланишини, нефть ва газ конденсати қазиб олиш коэффициентларини, фойдали қазилмалар захиралари ҳисобини, чиқиндиларни сақлаш ва кўмиб ташлаш мақсадида фойдаланиш учун мўлжалланаётган ер қаъри участкалари бўйича геологик ва бошқа маълумотларнинг тўлиқлиги баҳоланишини текшириш учун зарур бўлган қўшимча маълумотларни сўраб олади;
геология-қидирув ишларини ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларини олиб бораётган ташкилотлардан Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқиш учун кондициялар лойиҳаларини, захираларни ҳисоблаб чиқишга доир ҳисоботларни ва бошқа материалларни тақдим этиш жадвалларини сўраб олади, Давлат комиссияси раиси билан келишган ҳолда тақдим этилган материалларни кўриб чиқиш жадвалларини тузади;
Давлат комиссияси томонидан кондицияларнинг техник-иқтисодий асосланишини, фойдали қазилмалар захиралари ҳисобини кўриб чиқиш натижаларини умумлаштиради ва таҳлил қилади ҳамда камчиликларни бартараф этиш, геологик ва бошқа маълумотларнинг тўлиқлиги ва сифатини ошириш, захираларни ҳисоблашнинг ва конларни геологик-иқтисодий баҳолашнинг ишончлилигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади, фойдали қазилмалар захираларининг ҳисоби билан бирга кўриб чиқиш якунлари бўйича ҳар йилги шарҳларни тузади, улар Давлат комиссияси раиси билан келишган ҳолда нашр этилади ва манфаатдор томонларга юборилади;
Давлат геология қўмитаси томонидан юритиладиган Ўзбекистон Республикаси фойдали қазилмалари захираларининг давлат балансини таҳлил қилади ҳамда геология-қидирув ишлари натижалари бўйича янги маълумотларни ва конлардан фойдаланилишни ҳисобга олган ҳолда унга тузатишлар киритиш, шунингдек оператив ҳисоблар бўйича балансга қабул қилинган захираларни Давлат комиссиясига давлат экспертизасига тақдим этиш юзасидан тавсиялар беради;
геология-қидирув ишларини ўтказишни тартибга солувчи норматив-методик ҳужжатларни (конларнинг захираларини ва фойдали қазилмаларнинг прогноз ресурсларини таснифлаш, фойдали қазилмаларнинг ҳар хил турлари конларига захиралар таснифини қўллаш бўйича йўриқномалар, тегишли материалларнинг мазмуни, расмийлаштирилиши ва Давлат комиссиясига тақдим этиш тартиби тўғрисидаги йўриқномалар, шу жумладан, фойдали қазилмалар захиралари ҳисобланган ҳолда ҳисоботлар) ва Давлат комиссияси ваколатига тегишли бўлган бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;
Давлат комиссияси ваколатига кирадиган масалалар бўйича материаллар ва қарорлар лойиҳалари тайёрланишини ва кўриб чиқиш учун Давлат комиссиясига киритилишини таъминлайди.
14. Давлат комиссиясининг ишчи органи тўғрисидаги низом Давлат геология қўмитаси раиси томонидан тасдиқланади.
15. Минерал хом ашёга кондициялар лойиҳалари, фойдали қазилмалар захираларини ҳисоблаб чиқиш материаллари ҳамда Давлат комиссияси кўриб чиқиши учун тушадиган бошқа геологик материаллар экспертизаси ҳам ишчи гуруҳ аъзолари томонидан, ҳам жалб этилган экспертлар томонидан амалга оширилади.
Давлат комиссиясининг эксперти тўғрисидаги низом, экспертларнинг шахсий таркиби Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.
16. Ишчи орган томонидан тайёрланган Давлат комиссияси қарорлари лойиҳалари зарур материаллар билан биргаликда Давлат комиссияси раисига тақдим этилади, у Давлат комиссияси мажлисида уларни кўриб чиқиш муддатларини тасдиқлайди.
17. Давлат комиссиясининг фойдали қазилмалар захираларини ҳисоблаб чиқиш учун кондицияларни, нефть ва газ конденсати қазиб олиш коэффициентларини ҳамда фойдали қазилмаларнинг ҳисоблаб чиқилган захираларини тасдиқлаш тўғрисидаги, шунингдек, кўриб чиқиладиган бошқа масалалар бўйича қарори Давлат комиссияси мажлисида материалларни тақдим этган экспертлар, манфаатдор вазирликлар, идоралар ташкилотларнинг вакиллари иштирокида қабул қилинади.
Давлат комиссияси мажлислари комиссия аъзолари рўйхатдаги таркибининг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда ўтказилади. Кворум бўлмаган тақдирда Давлат комиссиясининг мажлисга келган аъзолари томонидан мажлисни кечиктириш тўғрисида қарор қабул қилинади, мажлисни ўтказишнинг янги санаси ва вақти тўғрисида қўшимча равишда хабар қилинади.
Давлат комиссиясининг мажлисларида унинг аъзоларининг ваколатли шахслари белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома билан иштирок этишлари мумкин.
18. Давлат комиссиясининг қарорлари комиссиянинг мажлисда қатнашаётган аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда Давлат комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
Давлат комиссиясининг айрим аъзолари қабул қилинган қарорга рози бўлмаган тақдирда улар ўзининг алоҳида фикрини ёзма равишда баён қилиши ва уни Давлат комиссияси мажлиси протоколига илова қилиши мумкин.
Якуний қарор қабул қилиш учун материаллар қўшимча экспертиза ўтказишга юборилиши мумкин, шундан кейин улар Давлат комиссиясининг мажлисига такроран кўриб чиқиш учун киритилади.
19. Зарур ҳолларда фойдали қазилмалар захиралари кондицияларини ва ҳисобини тасдиқлаш масалалари Давлат комиссиясининг кўчма мажлисларида кўриб чиқилиши мумкин.
20. Давлат комиссияси томонидан қабул қилинган қарорлар баённомалар билан расмийлаштирилади, уларнинг нусхалари экспертиза материаллари билан биргаликда бир ҳафта муддатда материалларни тақдим этган бажарувчи ташкилотга юборилади.
21. Кондицияларнинг, фойдали қазилмаларнинг ҳисоблаб чиқилган захиралари лойиҳалари етарли даражада асосланмаган, чиқиндиларни сақлаш ва кўмиб ташлаш мақсадида фойдаланиш учун ер қаъри участкаларининг яроқлилиги тўғрисидаги маълумотлар етарли бўлмаган тақдирда тақдим этилган материаллар Давлат комиссияси баённомаси ва экспертлар хулосалари нусхалари билан биргаликда бажарувчи ташкилотга қайтарилади.
Материаллар Давлат комиссияси баённомасида баён қилинган мулоҳазалар ва тавсияларга мувофиқ пухта ишланган тақдирда улар такроран кўриб чиқиш учун Давлат комиссиясига тақдим этилиши мумкин.
22. Фойдали қазилмаларнинг разведка қилинган захираларини давлат ҳисобига қўйишга, конни саноат асосида ўзлаштириш учун жалб этишга, чиқиндиларни сақлаш ва кўмиб ташлаш мақсадида иншоотлар қуриш ва улардан фойдаланиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланишга фақат Давлат комиссиясининг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.
23. Давлат комиссиясининг қарорлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.
24. Давлат комиссиясига тақдим этилган материалларни кўриб чиқиш муддати уч ойдан ошмаслиги керак.
25. Давлат комиссияси мажлисларида унинг фаолиятига тааллуқли бўлган норматив-методик ҳужжатлар лойиҳалари ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
26. Давлат комиссиясига жалб қилинган мутахассислар хизматларига ҳақ тўлаш харажатларини молиялаштириш:
Давлат геология қўмитаси тизимида минерал хом ашё базани ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича давлат дастурлари доирасида амалга ошириладиган геология-қидирув ишлари бўйича — Давлат геология қўмитасининг ўз маблағлари ҳисобига;
ер қаъридан фойдаланувчиларнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилган геология-қидирув ишлари объектлари бўйича — геология-қидирув ишларини олиб борувчи ташкилотлар (ёки ер қаъридан фойдаланувчилар) билан тузилган шартномалар асосида амалга оширилади;
Давлат комиссиясига тақдим этилган кондициялар лойиҳаларини ва фойдали қазилмалар захираларини ҳисоблаб чиқиш материалларини кўриб чиқиш, шунингдек, геологик материалларнинг давлат экспертизаси тузилган шартнома шартларига мувофиқ шартномавий асосда амалга оширилади. Материалларни тақдим этган ташкилотлар, шунингдек, жалб этиладиган экспертлар билан шартномалар тузиш Давлат геология қўмитаси раиси томонидан амалга оширилади.
Ушбу турдаги ишлар ва хизматларнинг баҳоланиши Давлат геология қўмитаси тақдимномаси бўйича Давлат комиссиясининг қарори билан тасдиқланади.
27. Давлат комиссияси тегишли бланкалардан фойдаланади. Давлат комиссияси баённомалари Давлат геология қўмитасининг муҳри билан тасдиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-боб. Якунловчи қоида
28. Давлат комиссияси фаолиятини тугатиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори асосида амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.05.2018 й., 09/18/388/1268-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.03.2022 й., 09/22/133/0237-сон)