Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТОВАРЛАРНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЧЕГАРАСИ ОРҚАЛИ НОҚОНУНИЙ ОЛИБ ЎТИЛИШИНИ БАРТАРАФ ЭТИШГА ДОИР ФАОЛИЯТНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Товарлар ва бойликларни Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ноқонуний олиб ўтилишини бартараф этишда чегара хизматлари ва божхона органларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, намуна кўрсатган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг моддий рағбатлантирилишини таъминлаш, шунингдек чегара ва божхона постларининг моддий-техника базасини ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасига Миллий хавфсизлик хизмати ҳузурида бюджетдан ташқари ягона Ижтимоий ривожлантириш ва товарларнинг Ўзбекистон Республикаси чегараси орқали қонуний олиб ўтилишини таъминловчи ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармасини ташкил қилишга рухсат этилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Белгилаб қўйилсинки, кўрсатиб ўтилган бюджетдан ташқари ягона Жамғарма маблағларидан Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита ҳамда божхона органларининг товарлар ва мол-мулкнинг Ўзбекистон Республикаси чегараси орқали ноқонуний олиб ўтилишини бартараф этишда бевосита қатнашувчи ҳарбий хизматчилари ва ходимларини рағбатлантиришда, шунингдек божхона ва чегара постларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашда мақсадли фойдаланилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. 2004 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси чегараси орқали ноқонуний олиб ўтилиши натижасида божхона органлари ва чегарачилар томонидан олиб қўйилган ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат даромадига ўтказилган товарлар ёки бошқа бойликларни сотишдан олинган маблағларни тақсимлашнинг қуйидаги тартиби белгилансин:
Кейинги таҳрирга қаранг.
70 фоизи — давлат бюджетига;
20 фоизи — бюджетдан ташқари ягона Ижтимоий ривожлантириш ва товарларнинг чегара орқали қонуний олиб ўтилишини таъминловчи ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармасига;
10 фоизи — Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасига.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Қуйидаги тартиб белгилансин, унга кўра давлат даромадига ўтказилган товарларни сотиш умумий суммасидан кўрсатиб ўтилган бюджетдан ташқари ягона Жамғармага тушадиган маблағлар тенг улушларда қайта тақсимланади:
Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитасига — 10 фоиз;
Давлат божхона қўмитасига — 10 фоиз ҳамда тегишли субҳисоб рақамларига ўтказилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Миллий хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда 2004 йил 1 ноябргача бўлган муддатда бюджетдан ташқари ягона Ижтимоий ривожлантириш ва товарларнинг чегара орқали қонуний олиб ўтилишини таъминловчи ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармасига маблағларни ўтказиш, уларни қайта тақсимлаш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда амалдаги қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқувчи ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2004 йил 25 октябрь,
498-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 43-сон, 455-модда; 2009 й., 3-сон, 14-модда; 2010 й., 14-15-сон, 106-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.06.2018 й., 09/18/396/1287-сон, 21.09.2018 й., 09/18/748/2024-сон; 23.05.2020 й., 09/20/315/0642-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)