Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг
Қарори
Банкларнинг депозит (омонат) сертификатларини чиқариш ва муомалада бўлиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 5 апрелда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1859-4]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 декабрдаги 1001-сон «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 14 мартдаги ПҚ-2833-сон қарори)»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2008 йил 14 августдаги 17/2-сон қарори (рўйхат рақами 1859, 2008 йил 24 сентябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 39-сон, 400-модда) билан тасдиқланган Банкларнинг депозит (омонат) сертификатларини чиқариш ва муомалада бўлиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 3 февраль,
4/2-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 3 февралдаги 4/2-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Банкларнинг депозит (омонат) сертификатларини чиқариш ва муомалада бўлиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 20-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Сертификатдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш мумкин. Бунда қимматли қоғозларнинг уюшган савдосида сертификатларга доир битимларни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш уларни ёзма равишда (қоғозда) расмийлаштириш заруратисиз электрон шаклда амалга оширилади. Сертификатларга доир бошқа битимлар ёзма шаклда тузилади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.».
2. 31-банднинг иккинчи хатбошисидаги «(ёки унинг нотариал тасдиқланган нусхаси)» деган сўзлар «(нусхаси олиниб, асли қайтарилади)» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
3. 41-банд ўз кучини йўқотган деб топилсин.
4. 55-банднинг «г» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«г) банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия Марказий банк томонидан чақириб олинганда;».
5. 58-банднинг «б» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«б) банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия Марказий банк томонидан чақириб олинганда;».
6. Мазкур ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази билан келишилган.
Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази Бош директори Б. АТАХАНОВ
2018 йил 28 март
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.04.2018 й., 10/18/1859-4/1015-сон)