Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Афғонистон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
«Қуввати 500 кВ бўлган «Сурхон-Пули-Хумри» электр узатиш линияси қурилиши» лойиҳасини амалга оширишда ҳамкорлик қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати (бундан кейин «Ўзбек томони» деб юритилади) ва Афғонистон Ислом Республикаси Ҳукумати (бундан кейин «Афғон томони» деб юритилади), кейинги ўринларда биргаликда «Томонлар» деб аталувчилар,
ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга ўзаро хоҳишдан келиб чиқиб,
«қуввати 500 кВ бўлган «Сурхон-Пули-Хумри» электр узатиш линияси қурилиши» лойиҳасини амалга оширишда ҳамкорлик принципларини белгилаб олиш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мазкур Битимнинг мақсади «2018 — 2020 йилларда қуввати 500 кВ бўлган «Сурхон-Пули-Хумри» электр узатиш линияси қурилиши» инвестицион лойиҳаси (бундан кейин «Лойиҳа» деб юритилади) бўйича Томонларнинг ҳамкорлиги ва уни биргаликда амалга ошириш принципларини белгилашдан иборат.
2-модда
Мазкур Битим қоидаларини амалга ошириш учун масъул сифатида қуйидагилар Томонларнинг ваколатли органлари ҳисобланадилар:
Ўзбек томонидан — «Узбекэнерго» акциядорлик жамияти;
Афғон томонидан — «Da Afghanistan Breshna Sherkat «DABS».
Ваколатли органларнинг номи ёки вазифаларига ўзгартиришлар киритилган тақдирда, Томонлар дипломатик каналлар орқали ўз вақтида хабардор қилинадилар.
3-модда
Икки томонлама ҳамкорлик масалаларини тезкор кўриб чиқиш ва Лойиҳани амалга ошириш мақсадида, Томонлар ваколатли органлар вакилларидан иборат бўлган доимий фаолият юритувчи Ишчи гуруҳ (бундан кейин «Ишчи гуруҳ» деб юритилади) ташкил этадилар. Зарур ҳолларда, Томонлар давлатларининг бошқа корхоналари эксперт ва вакиллари Ишчи гуруҳ фаолиятига жалб қилинишлари мумкин.
4-модда
Томонлар қуйидаги келишувга эришдилар:
Томонлар ўз давлатлари ҳудудида Лойиҳани халқаро молия ташкилотлари ёки бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилишини таъминлайдилар;
уларнинг ваколатли органлари ўз давлатлари ҳудудида Лойиҳа Буюртмачилари ҳисобланадилар;
«Ўзэлектртармоқ» УК Лойиҳанинг Бош Пудратчиси сифатида Ўзбек томонининг ваколатли органи ҳисобланади;
Ўзбек томонининг ваколатли органи таркибий бўлинмаси «Средазэнергосетьпроект» АЖ Лойиҳанинг Бош лойиҳалаштирувчиси ҳисобланади.
5-модда
Томонлар қуйидаги келишувга эришдилар:
а) Афғон томони:
Ўзбек томонига техник-иқтисодий асосланишни ишлаб чиқиш учун батафсил дастлабки маълумотларни тақдим этади;
қуввати 500 кВ бўлган «Сурхон-Пули-Хумри» электр узатиш линияси қурилиши учун ўз давлати ҳудудида миналардан тозаланган ер участкасини ажратади;
Лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техник ресурсларни, машина ва механизмларни Ўзбек томони етказиши учун шарт-шароитларни таъминлайди.
b) Ўзбек томони:
Мазкур Битим тузилган санадан бошлаб бир ой ичида дастлабки лойиҳавий тадқиқотларни амалга оширади ҳамда техник ва молиявий таклифларни кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун Афғон томонига тақдим этади. Афғон томони 30 иш куни давомида ўз фикрини билдиради. Афғон томони тасдиғи олинганидан ва Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиқиш бўйича контракт тузилганидан сўнг Ўзбек томони бир ой ичида, кейинчалик Афғон томони билан келишиладиган, батафсил техник-иқтисодий асосланишни ишлаб чиқади.
Бошқа ҳар қандай зарур чоралар Ишчи гуруҳ томонидан муҳокама қилинади ва келишилади.
6-модда
Афғон томони ўз давлати ҳудудида Лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбек томони жалб этган ишчи ва мутахассислар учун Лойиҳанинг амалга оширилиши вақти давомида қуйидагиларни таъминлайди:
ҳаёти (хавфсизлиги) ва соғлиги (биринчи ёрдам)ни лозим даражада ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг мулкини сақлаш, бунда тўлиқ шартларни Томонлар алоҳида келишиб оладилар;
кўп маротаба визалар ва меҳнат рухсатномаларини (лицензиялар) Афғонистоннинг тегишли қонун ҳужжатлари ва қоидаларига мувофиқ 30 кун давомида бериш;
солиқлар, божхона тўловлари, йиғимлари ва бошқа харажатларни тўлаш тартиби Афғонистоннинг тегишли қонун ҳужжатлари ва қоидаларига мувофиқ тартибга солинади.
Мазкур модда қоидаларидан келиб чиқадиган харажатлар Лойиҳа умумий қийматининг қисми ҳисобланади.
7-модда
Томонлар Лойиҳадан самарали фойдаланиш учун Афғон томонининг муҳандис ва ходимларига кенг қамровли таълим бериш ва уларни ўқитишни таъминлашда Ўзбек томони ҳамкорлик қилиши тўғрисида келишувга эришдилар, бунда унинг шартлари алоҳида муҳокама қилинади.
8-модда
Ўзбек томони тарафидан Лойиҳани муваффақиятли амалга оширилиши учун тегишли техник шароитлар яратиш мақсадида Афғон томони ўз давлати ҳудудида Ўзбек томонининг сертификатловчи органлари томонидан берилган маҳсулотларнинг мувофиқлик сертификатларини тан олинишини таъминлайди.
9-модда
Лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳамкорликнинг батафсил шартлари, шу жумладан сотиб олинадиган электр тарифи ва ҳажми, Томонлар ёки уларнинг ваколатли органлари ўртасида тузиладиган алоҳида битимларда келишиб олинади.
10-модда
Ҳар бир Томон мазкур Битим доирасида бошқа Томондан олган ёки унга тақдим этилган ҳужжатлар, маълумотлар ва бошқа материалларнинг махфийлигини таъминлайди.
11-модда
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ва қўллашда юзага келадиган низолар маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал қилинади.
12-модда
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро розилиги асосида унинг ажралмас қисми ҳисобланувчи ёзма равишда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
13-модда
Мазкур Битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган барча ички давлат процедураларини Томонлар якунлаганликлари тўғрисида дипломатик каналлар орқали сўнгги ёзма хабарнома олган кундан бошлаб кучга киради ва Лойиҳа якунлангунига қадар амал қилади. Томонлар мазкур Битимнинг амал қилишини бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали камида олти (6) ой аввал ўз нияти тўғрисида хабардор қилиш орқали тугатишлари мумкин.
Тошкент шаҳрида 2017 йил 5 декабрда, ҳижрий 14/09/1396, икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, дари ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ва қўллашда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)