Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки корхоналари ва мулкини сотишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Инвестицияларни янада жалб қилиш ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг (кейинги ўринларда «Ўзмиллийбанк» деб аталади) инвестиция фаолиятини кенгайтириш, ресурс базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, банкрот корхоналар негизида рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва янги иш ўринлари ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2008 йил 18 ноябрдаги ПФ-4053-сон Фармонига ва хўжалик судларининг банкрот деб эълон қилинган «Болалар таомлари холдинг» ОАЖ, «Ўзбек қоғози» ОАЖ ва «Ўзолмонхотелс» ҚК МЧЖ мулки «Ўзмиллийбанк»ка берилгани, улар негизида «Kinder Fruits», «Toshkent Qogʼozi» ва «Xorazm Palace» МЧЖлар ташкил этилганлиги;
«Namangan To'qimachi» МЧЖнинг ишлаб чиқаришда фойдаланилмаётган умумий ер майдони 30,1 гектар бўлган мулки «Tubo Textile» МЧЖ УХКнинг харид тўловлари бўйича «Ўзмиллийбанк» олдидаги қарзини камайтириш ҳисобидан ушбу банкка берилганлиги;
«Ўзмиллийбанк»нинг «Kinder Fruits», «Toshkent Qogʼozi» ва «Xorazm Palace» МЧЖлар устав капиталидаги улушини, шунингдек, аввал «Namangan To'qimachi» МЧЖга тегишли бўлган ва нархни босқичма-босқич камайтириш механизмини белгиланган тартибда қўллаган ҳолда очиқ савдоларга бир неча марта қўйилган мулкни янги инвесторларга сотиш бўйича «Ўзмиллийбанк» томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар уларнинг баҳолаш ташкилотлари белгилаган нархи юқорилиги туфайли бўлажак инвесторларда қизиқиш уйғотмагани маълумот учун қабул қилинсин.
2. «Ўзмиллийбанк нинг «Kinder Fruits», «Toshkent Qogʼozi» ва «Xorazm Palace» МЧЖлар устав капиталидаги ўз улушини, шунингдек, илгари «Namangan To'qimachi» МЧЖга тегишли бўлган мулкни — инвесторлар томонидан фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ёки уларнинг негизида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, мавжуд кредиторлик, шу жумладан «Ўзмиллийбанк» ва унинг инвестиция компаниялари киритган инвестициялар ҳамда заёмлар бўйича қарзларни қоплаш мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан сотиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Белгилаб қўйилсинки:
ушбу қарорнинг 2-бандида назарда тутилган «Ўзмиллийбанк»нинг улуши ва мулк баланс қиймати бўйича кимошди савдосига қўйиш йўли билан сотилади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
сотиб олиш билан боғлиқ тўловларни амалга оширишнинг энг узоқ муддати, харид қиймати қолдиқлари бўйича фоизлар ҳисобланмасдан, 7 йилдан ортиқ бўлмаган муддатни ташкил этади;
«Kinder Fruits», «Toshkent Qogozi» ва «Xorazm Palace» МЧЖларга «Ўзмиллийбанк» инвестиция компаниялари томонидан берилган қарзлар бўйича қарз шартномасининг фоизли даромадни ҳисобламаслик шартлари сақлаб қолинади;
ушбу қарорнинг 2-бандида қайд этилган улушлар ва мулк Вазирлар Маҳкамасининг «Тижорат банкларининг инвестиция фаолиятини рағбатлантиришга ва банклар томонидан корхоналарни янги инвесторларга сотишни жадаллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2014 йил 27 мартдаги 71-сон қарорида назарда тутилган тартибда мазкур қарор қоидалари ҳисобга олинган ҳолда сотилади.
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 27 мартдаги 71-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2014 й., 3-сон, 29-модда) билан тасдиқланган Корхоналар ёки уларнинг устав жамғармаларида тижорат банкларининг улушлари, шунингдек, тижорат банклари томонидан қарздорлар мажбуриятлари бўйича ундирилган ва янги инвесторларга сотиладиган мол-мулк рўйхатининг 1, 4 ва 5-позициялари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р. Холмуродов ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бошқаруви раиси А.К. Мирсоатов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 9 февраль,
104-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.02.2018 й., 09/18/104/0787-сон, 07.06.2019 й., 09/19/465/3248-сон; 16.08.2024 й., 06/24/111/0623-сон)