LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 апрелдаги 122-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексини тасдиқлаш тўғрисида» 2013 йил 26 декабрдаги ЎРҚ-360-сон ҳамда «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2015 йил 31 декабрдаги ЎРҚ-398-сон қонунлари)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Бюджет тизими тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, шунингдек иқтисодий, ижтимоий-маданий ва бошқа соҳаларда кўзда тутилмаган харажатларни тўлиқроқ ва ўз вақтида маблағ билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Захира жамғармаси тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Захира жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Давлат захираларининг таркибий қисми бўлиб, бюджетни тузишда ҳисобга олиниши мумкин бўлмаган иқтисодий, ижтимоий-маданий ва бошқа соҳалардаги кўзда тутилмаган қўшимча харажатларни йил давомида ўз вақтида ва узлуксиз маблағ билан таъминлайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Захира жамғармаси миқдори (кейинги ўринларда Захира жамғармаси деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети (кейинги ўринларда Давлат бюджети деб юритилади) харажатлари таркибида назарда тутилади.
3. Захира жамғармаси маблағлари Республика бюджетига тушувчи даромадларнинг бир қисми ҳисобига шакллантирилади.
4. Захира жамғармаси миқдори тегишли йилга Давлат бюджети харажатлари миқдоридан фоизларда тасдиқланади.
Давлат бюджети параметрлари йил мобайнида ўзгарган тақдирда Захира жамғармасининг тасдиқланган миқдори Республика бюджетининг қўшимча даромадлари мавжудлиги ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Захира жамғармаси маблағларининг тасарруфчиси ҳисобланади.
6. Захира жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги Молия вазирлиги билан олдиндан келишилган таклифлар тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Иш тартибига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Агар Захира жамғармасида қўшимча маблағлар ажратиш таклиф этилаётган айнан шу мақсадларга бюджетда маблағлар назарда тутилган бўлса, у ҳолда Захира жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги таклифлар фақат илгари бюджетда назарда тутилган сумма сарфлаб бўлингандан кейин киритилади.
7. Захира жамғармасидан пул суммаларини ўтказиш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари асосида аниқ мақсадлар учун ва уларда кўрсатилган миқдорларда амалга оширилади.
8. Жамғарма маблағларини олувчилар томонидан Захира жамғармаси маблағларидан бошқа мақсадларда фойдаланилишига йўл қўйилмайди.
Захира жамғармаси маблағларидан бошқа мақсадларда фойдаланишда айбдор бўлган мансабдор шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка тортилади.
9. Захира жамғармаси маблағлари ҳисоби 216-бўлим бўйича даромадлар ва харажатларни функционал таснифлашнинг тегишли боблари ва параграфларида, шунингдек Давлат бюджети харажатларини иқтисодий таснифлаш турлари, объектлари, ёрдамчи объектлари бўйича юритилади.
10. Захира жамғармаси маблағларини олувчилар ҳар чоракда Молия вазирлигига Захира жамғармасидан ажратилган маблағлардан фойдаланилиши тўғрисида бюджет ташкилотлари харажатлари сметаларининг ижроси ҳақида ҳисобот тақдим этиш учун белгиланган муддатларда ҳисобот топширадилар.
11. Молия йили мобайнида фойдаланилмаган Захира жамғармасидан ажратилган маблағлар молия йили тугагач, жорий йилнинг 10 январигача бўлган муддатда республика бюджетига мажбурий равишда қайтариб ўтказилади, айни бир вақтда олувчининг ҳисоботи тақдим этилади.
Агар Захира жамғармаси ажратилган тадбирлар муайян муддатга эга бўлса, у ҳолда фойдаланилмасдан қолган маблағлар, тадбирларни ўтказиш муддати тугагач, олувчи томонидан ўн иш куни мобайнида, белгиланган шаклда ҳисобот тақдим этган ҳолда қайтарилади.
12. Олувчиларнинг Захира жамғармаси маблағларидан фойдаланишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармасига ва унинг ҳудудий органларига юкланади.