Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Сурхондарё вилоятида «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конини олдиндан қидириш ва ишлаб чиқиш билан «Ўзбекистон мустақиллиги» инвестиция блокида геология-қидирув ишларини ўтказиш ва газ-кимё комплекси қуриш тўғрисида
[Кўчирма]
Геология-қидирув ишларига, углеводород хомашёсини қазиб олишни кўпайтиришни таъминлайдиган илғор ва замонавий технологик ечимлардан фойдаланган ҳолда углеводород хомашёсини қазиб олиш ҳамда ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида:
1. Маълумот учун қабул қилинсинки:
«Gas Project Development Central Asia AG» (Швейцария), «Altmax Nolding Ltd» ва «Ўзнефтгазқазибчиқариш» акциядорлик компанияси томонидан Ўзбекистон Республикасининг Сурхондарё вилоятида газ-кимё мажмуаси қурилиши билан «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конини разведка қилиш ва ишлатиш бўйича «Ўзбекистон мустақиллиги» инвестиция блокига нисбатан Маҳсулот тақсимотига оид битимни (кейинги ўринларда Битим деб аталади) амалга ошириш учун юридик шахс ташкил этмаган ҳолда инвесторлар консорциуми (кейинги ўринларда инвестор деб аталади) ташкил этилганлиги;
Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш шартларини ишлаб чиқиш ва маҳсулот тақсимотига оид битимлар лойиҳаларини кўриб чиқиш бўйича махсус давлат комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси ва инвестор ўртасидаги Битим матни маъқулланди;
Ўзбекистон Республикаси ва инвестор ўртасидаги Битим 2017 йил 5 апрелда Москва шаҳрида (Россия Федерацияси) имзоланган бўлиб, инвестор томонидан қуйидаги мажбуриятлар қабул қилинган:
нефт-газ операцияларини қонун ҳужжатларига ва Битим шартларига, шунингдек халқаро нефт-газ саноатида умумқабул қилинган принципларга ва энг юқори иқтисодий самарадорлик принципига мувофиқ амалга ошириш;
нефт-газ операцияларини ўз ҳисобидан ва ўз таваккалчилиги билан амалга ошириш ҳамда Битим қоидаларига риоя қилиш шарти билан геология-қидирув ишлари дастурини, конларни ишлатиш дастурларини ва йиллик ишчи дастурларни бажариш учун зарур бўлган ҳажмларда молиялаштиришни (шу жумладан, лойиҳавий молиялаштиришни), шунингдек, уларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;
оператор ва маркетинг компаниясининг хатти-ҳаракатлари учун ўз хатти-ҳаракатлари каби мулкий жавобгар бўлиш.
2. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар билан бир қаторда қуйидаги асосий шартларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси билан инвестор ўртасидаги Битим маъқуллансин:
«Altmax Nolding Ltd» компанияси томонидан Битим доирасида ишларни бажаришни ташкил этиш учун операторни, шунингдек, Битим шартларига мувофиқ қазиб олинган (ишлаб чиқарилган) маҳсулотни сотиш мақсадида маркетинг компаниясини ташкил этиш;
инвесторнинг Ўзбекистон Республикаси Сурхондарё вилоятининг «Ўзбекистон мустақиллиги» инвестиция блокини геологик жиҳатдан ўрганиш учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензия олинган санадан бошлаб «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида баҳолаш қудуғини бурғулаш ишларини бошлаш ҳуқуқи;
баҳолаш қудуғини бурғилаш ва «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конининг углеводород захираларини аниқлаштириш натижалари асосида Битимни амалга ошириш бўйича лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асосланишини (лойиҳанинг ДТИА) инвестор томонидан ишлаб чиқиш, кейинчалик лойиҳанинг ДТИАни белгиланган тартибда келишиш ва тасдиқлаш;
Битимнинг тижорат шартларини, шу жумладан маҳсулот тақсимоти шкаласини, компенсация маҳсулотининг чекланган даражаси миқдорини, солиқ солиш режимини, молиялаштириш харажатлари ставкасини ва лойиҳанинг ДТИАсини тасдиқлаш натижалари бўйича бошқа асосий иқтисодий кўрсаткичларни келишиш;
Битимни амалга ошириш доирасида инвесторга бериладиган имтиёзлар ва преференцияларни оператор ва маркетинг компаниясига татбиқ этиш;
Битимга мувофиқ оператор ва маркетинг компаниясининг Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ҳисоб рақамларига ўтказиладиган валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотишдан озод қилиш;
оператор ва маркетинг компаниясининг хатти-ҳаракатлари учун инвесторнинг мулкий жавобгарлиги.
3. «Ўзбекнефтгаз» АЖ Битимни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органи этиб белгилансин ва унга қуйидагилар юклансин:
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг Битимни амалга ошириш бўйича мажбуриятларини бажариш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;
инвестор томонидан қабул қилинган мажбуриятлар ва ишларни бажариш жадваллари бажарилиши, шунингдек, маҳсулотни сотишдан тушган тушумнинг Битимда назарда тутилган тартибда ўз вақтида тақсимланиши устидан назоратни амалга ошириш.
икки ой муддатда «Ўзбекнефтгаз» МХК ҳузурида Битимни амалга ошириш гуруҳи (кейинги ўринларда — ГРС) ни ташкил этиш, уни Битим доирасида ишларни ташкил этиш бўйича ишчи орган этиб белгилаш.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
солиқ солиш режими, шу жумладан божхона тўловларини тўлаш Битимда назарда тутилган шартларда, шу жумладан Битимнинг тижорат шартларида амалга оширилади ва Битимнинг бутун амал қилиш муддати давомида ўз кучини сақлаб қолади;
оператор томонидан мажбурий тартибда Битимда ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган турлар бўйича суғурта амалга оширилади;
инвестор Битимнинг тижорат шартларини келишишда аниқланадиган ставка бўйича фойда солиғини тўлайди, бунда инвесторнинг соф фойдаси солиқлардан озод қилинади;
операторнинг Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган пудратчи ташкилотлари Битимни амалга ошириш мақсадида улар томонидан импорт қилинган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган товарлар (ишлар, хизматлар) қийматига камайтирилган ҳолда уларнинг ҳисоб рақамларига тушадиган валюта тушумини мажбурий сотади;
«Ўзбекнефтгаз» АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар Битимнинг амал қилиш муддати давомида мол-мулк қисми бўйича мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилади.
Битимнинг Ўзбекистон томонидан бошқарув қўмитаси таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади;
оператор Битимни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган пудрат ташкилотлари томонидан етказиб бериладиган (кўрсатиладиган) товарлар (ишлар, хизматлар) учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасида ҳисоб-китоблар ва тўловларни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
41. Битимни амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида, истисно тариқасида, «Surhan Gas Chemical Operating Company» МЧЖ ХКга:
2020 йил 1 январга қадар — лойиҳа ва пудрат ташкилотлари билан тўғридан тўғри музокаралар ўтказиш асосида ишларни тендер ўтказмасдан бажариш бўйича шартномалар тузиш учун;
2022 йил 1 январга қадар — лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун;
лойиҳа-смета ҳужжатлари тасдиқлангунга қадар ишларни жадал молиялаштиришни амалга ошириш.
5. Белгилаб қўйилсинки, Битим имзоланганидан кейин Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига Битим шартларини ёмонлаштирувчи ўзгартириш ёки қўшимчалар киритилган тақдирда (ишларни хавфсиз олиб бориш, меҳнатни, ер қаърини, атроф-муҳитни ва фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича стандартлар (нормалар, қоидалар) га ўзгартиришлар бундан мустасно) Битимда назарда тутилган шартларнинг амал қилиши сақланиб қолади.
10. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси «Altmax Nolding Ltd» компаниясига Ўзбекистон Республикаси Сурхондарё вилоятининг «Ўзбекистон мустақиллиги» инвестиция блокини геологик ўрганиш учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун белгиланган тартибда лицензия берсин, унда «Altmax Nolding Ltd» компанияси «Gas Project Development Central Asia AG,» «Altmax Nolding Ltd» ва «Ўзнефтгазқазибчиқариш» АК компаниялари таркибидаги инвесторлар консорциуми номидан иш кўриши кўрсатиб ўтилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ташкил этилаётган операторга Битимни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикасидан ташқарида Ўзбекистон Республикасининг резидент банклари билан вакиллик муносабатларига эга бўлган банкларда фақат нефт-газ операцияларини амалга ошириш мақсадлари учун фойдаланиладиган чет эл валютасидаги банк ҳисобварақларини очишга рухсат берсин.
12. «Ўзбекнефтгаз» МХК манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддатда Битимни амалга ошириш чора-тадбирларини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 3 май,
ПҚ-2948-сон