Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЮҚОРИ ЛИКВИДЛИ МАҲСУЛОТЛАРНИ КИМОШДИ САВДОСИДА СОТИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ихтисослаштирилган «Ўзаукционсавдо» ташкилотини тугатиш тўғрисида»ги 2005 йил 11 январдаги 13-сонли қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Валюта бозорини янада эркинлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2001 йил 22 июндаги 263-сон қарорига мувофиқ ҳамда юқори ликвидли маҳсулотларнинг айрим турларини хорижий компаниялар ва фирмаларга эркин алмаштириладиган валютага кафолатли ҳажмларда кимошди савдоси орқали сотишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси ва Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси тузилмасида юқори ликвидли маҳсулотларни муқобил кимошди савдосида сотиш бўйича ихтисослаштирилган «Ўзаукционсавдо» ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. «Ўзаукционсавдо» ташкилотига қуйидаги асосий вазифаларни амалга ошириш юклансин:
юқори ликвидли маҳсулотларни сотишга доир муқобил кимошди савдолари ўтказилишини ташкил этиш;
кимошди савдолари ўтказилиши, кимошди савдоларига қўйиладиган юқори ликвидли маҳсулотларнинг турлари ва ҳажмлари тўғрисида кенг ахборот бериш;
кимошди савдолари ғолиблари томонидан сотиб олинадиган юқори ликвидли маҳсулотларнинг айрим турларига олди-сотди шартномаларини тайёрлаш, расмийлаштириш ва уларни рўйхатдан ўтказиш;
кимошди савдосида қатнашиш шартларига риоя этилишини назорат қилиш.
3. Белгилансинки:
«Ўзаукционсавдо» ташкилоти Ўзбекистон республика товар хом ашё биржасининг юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган шуъба корхонаси ҳисобланади;
юқори ликвидли маҳсулотларни сотиш бўйича кимошди савдолари «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг савдо майдонида ўтказилади;
«Ўзаукционсавдо» ташкилотининг кимошди савдолари ўтказишга доир фаолиятини Бирлашган барқарорлаштириш жамғармасини бошқариш кенгаши, Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси вакилларидан иборат таркибда тузиладиган Кимошди савдоларини ташкил этиш кенгаши мувофиқлаштиради ва назорат қилади.
4. «Ўзаукционсавдо» ташкилотининг ходимларнинг чекланган сони 10 нафар бўлган (хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари) аппарати тузилмаси 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси жорий фаолият учун бошланғич айланма маблағлар, ҳисоблаш техникаси ва асбоб-ускуналар билан таъминлашда «Ўзаукционсавдо» ташкилотига кўмаклашсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Қуйидагилар:
Юқори ликвидли маҳсулотларнинг айрим турларини кимошди савдосида кафолатли ҳажмларда сотиш тартиби тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ;
Юқори ликвидли маҳсулотларнинг айрим турларини сотиш бўйича кимошди савдоларини ташкил этиш кенгашининг шахсий таркиби 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 3-илова берилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги шаклланаётган талабни ҳисобга олган ҳолда ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига кимошди савдосида сотишга мўлжалланган юқори ликвидли товарлар ҳажмлари ва турларини кенгайтиришга доир таклифлар киритсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 12 июль,
298-сон
Юқори ликвидли маҳсулотларни кимошди савдосида сотиш бўйича ихтисослаштирилган «Ўзаукционсавдо» ташкилоти аппаратининг тузилмаси
Ходимларнинг чекланган сони (хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари) 10 киши.
Юқори ликвидли маҳсулотларнинг айрим турларини кимошди савдосида кафолатланган миқдорларда сотиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Валюта бозорини янада эркинлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2001 йил 22 июндаги 263-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ва юқори ликвидли маҳсулотларнинг айрим турларини муқобил кимошди савдоси асосида хорижий компаниялар ҳамда фирмаларга эркин алмаштириладиган валютага кафолатланган миқдорларда сотиш тартибини белгилайди.
2. Низом кимошди савдосини ўтказишнинг умумий тартибини ва унда қатнашиш шартларини тартибга солади, кимошди савдоларини ўтказиш бўйича махсус органнинг ваколатларини, ҳисоб-китобларни ўтказиш механизмини, шунингдек сотиладиган юқори ликвидли товарларнинг айрим турларига эгалик қилиш ҳуқуқини расмийлаштириш тартиботларини белгилайди.
3. Кимошди савдоларига юқори ликвидли товарларнинг хорижий компаниялар ва фирмаларга эркин алмаштириладиган валютага олдиндан ҳақ тўлаш шартларида, ҳам етказиб бериш муддатини кечиктирган ҳолда, ҳам тузилган контракт бўйича етказиб берган ҳолда, ушбу экспорт контрактларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида рўйхатдан ўтказмасдан сотишга мўлжалланган айрим турлари қўйилади.
4. Кимошди савдосида сотиладиган юқори ликвидли маҳсулотларнинг аниқ турлари ва миқдори Ҳукумат қарори билан товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилиш прогнозини ҳар йилги тасдиқлаш чоғида, Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Марказий банк ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги таклифлари асосида белгиланади.
5. Юқори ликвидли маҳсулотлар айрим турларининг кимошди савдоларини зарур даражада ташкил этиш ва назорат қилишни таъминлаш учун Бирлашган барқарорлаштириш жамғармасини бошқариш кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Марказий банки, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси вакилларидан кимошди савдоларини ташкил этиш кенгаши тузилади, унинг шахсий таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Кимошди савдоларини ташкил этиш кенгаши юқори ликвидли маҳсулотларнинг белгиланган турлари бўйича уларнинг ҳар қайси кимошди савдосига қўйиладиган аниқ миқдорларини ва лотларнинг бошланғич нархларини белгилайди, ушбу Низомга риоя этилиши, маҳсулот сотишдан тушган маблағларнинг Бирлашган барқарорлаштириш жамғармасига тўлиқ ва ўз вақтида ўтказилиши устидан назоратни амалга оширади.
6. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг шуъба корхонаси – «Ўзаукционсавдо» (кейинги ўринларда «Агент» деб аталади) юқори ликвидли маҳсулотларнинг айрим турларини сотиш бўйича кимошди савдоларини ўтказувчи ихтисослаштирилган ташкилот ҳисобланади. Агент фаолияти устидан назоратни кимошди савдоларини ташкил этиш кенгаши амалга оширади.
Кимошди савдолари Ўзбекистон республика товар хом ашё биржасининг савдо майдончасида ўтказилади.
II. Агентнинг функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
7. Агент зиммасига қуйидаги функциялар юкланган:
кимошди савдосига қўйиладиган савдо лотлари ҳужжатларини қабул қилиб олиш ва текшириш;
кимошди савдосини ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатларни расмийлаштириш;
кимошди савдоси ўтказилиши тўғрисидаги хабарни чоп этиш;
кимошди савдоси қатнашчиларини кимошди савдоларига қўйиладиган товарлар турлари ва миқдорлари тўғрисида хабардор қилиш;
қўйилаётган лотни идентификациялаш учун потенциал қатнашчиларга ҳужжатларни тақдим этиш;
кимошди савдоси қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш ва қатнашчиларга чипталар бериш;
кимошди савдосини ташкил этиш;
кимошди савдосида қатнашиш шартларига риоя этиш устидан назоратни амалга ошириш;
кимошди савдоси қатнашчиларини ким ощди савдолари натижаларидан хабардор қилиш;
кимошди савдоларининг бориши ва натижалари тўғрисида протоколлар тузиш, кейинчалик уларни кимошди савдоларини ташкил этиш кенгашига бериш;
кимошди савдолари ғолиблари билан олди-сотди шартномаларини расмийлаштириш ва уларни божхона органларида ҳисобга қўйиш;
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функциялар.
8. Агент савдоларни ўтказиш жараёнига бевосита аралашиш, шу жумладан ушбу Низом бузилган, тил бириктириш, форс-мажор ҳолатлар аниқланган ҳолларда лотни савдодан чиқариш, савдони тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга. Агент мазкур лотни кимошди савдосидан чиқариш сабабларини қатнашчиларга изоҳлаб бермасликка ҳақлидир.
9. Баъзи лотлар юзасидан фақат биттадан қатнашчи рўйхатдан ўтказилган тақдирда Агент кимошди савдоси очилгунгача ўтказилмаган савдоларнинг протоколини расмийлаштириши ва қатнашчиларни хабардор қилган ҳолда ушбу лотларни кимошди савдосидан чиқариши мумкин.
III. Кимошди савдосини ўтказишга тайёрланиш
10. Агент кимошди савдоларини ташкил этиш кенгашининг қарори асосида республика ва зарурат бўлганда, халқаро оммавий ахборот воситаларида кимошди савдоси ўтказилиши тўғрисидаги билдиришнома эълон қилади ҳамда хабарномаларни кимошди савдоси ўтказиладиган санадан камида 30 кун олдин трейдер компанияларга жўнатади.
11. Билдиришнома ва хабарномада қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:
кимошди савдосининг ўтказилиш вақти ва жойи;
кимошди савдоларига қўйиладиган товарлар номи ва миқдорлари;
кимошди савдосини ўтказиш, шу жумладан ғолибни аниқлаш тартиби;
қатнашчиларнинг кимошди савдосида қатнашиш учун бадали миқдори;
закалат суммаси ва у ўтказилиши керак бўлган ҳисоб рақами;
ишлаб чиқарувчи омборидаги шартларда келтирилган бошланғич нарх тўғрисидаги маълумотлар;
етказиб бериш ва тўлов шартлари (товар турига кўра), етказиб бериш муддатлари;
буюртманомаларни қабул қилиш тугайдиган муддат;
низоларни ҳал қилиш тартиби, кимошди савдоси қатнашчиларига қўйиладиган талаблар.
Кўрсатиб ўтилган шартлар кимошди савдоларини ташкил этиш кенгаши томонидан белгиланади.
12. Кўрсатиб ўтилган маълумотларни тақдим этиш шакли, қўшимча маълумотлар шартлари ва рўйхати Агент томонидан белгиланади.
13. Билдиришнома эълон қилинган ёки хабарнома олинган вақтдан бошлаб ташкилотчи кимошди савдосининг барча қатнашчиларига қўйиладиган лотни идентификация қилиш учун ҳужжатларни тақдим этади. Кимошди савдосининг потенциал қатнашчилари талаб қилишганда сотувчи ҳар қайси лот намунасини танишиш учун тақдим этади.
14. Кимошди савдосида қатнашганлик учун тўлов, қайтариб берилмаган закалатлар ва қонунчилик билан рухсат этилган бошқа маблағлар кимошди савдоларини ташкил этиш учун молиявий маблағлар манбалари ҳисобланади.
IV. Кимошди савдосида қатнашиш шартлари
15. Агентга қуйидагиларни муддатида тақдим этган компаниялар ва фирмалар кимошди савдосида қатнашиш учун эксклюзив ҳуқуққа эгадир:
кимошди савдосида қатнашиш учун буюртманома;
савдо реестридан кўчирма;
кимошди савдосида қатнашиш учун банкнинг тавсияномаси.
Агентнинг ҳисоб рақамига эркин алмаштириладиган валютада буюртманома тақдим этилаётган лот бошланғич қийматининг 0,1 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кимошди савдосида қатнашиш учун бадал тўланганини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхаси;
Агентнинг ҳисоб рақамига буюртманома тақдим этилаётган лот бўйича кимошди савдоларини ташкил этиш кенгаши томонидан белгиланган миқдорда эркин валютада закалат тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхаси.
16. Агент томонидан зарур ҳужжатларни қабул қилиш ва рўйхатга олиш кимошди савдоси ўтказилиши эълон қилинган санадан 5 иш куни олдин тўхтатилади.
17. Кимошди савдосида қатнашишга қўйилган хорижий компаниялар ва фирмаларга харидорнинг кимошди савдосида қатнашаётган тартиб рақами ва кимошди савдосига қўйилган лотнинг тартиб рақами ёзилган кимошди савдоси қатнашчисининг чиптаси берилади.
18. Агар буюртманома тақдим этган хорижий компания ёки фирма мазкур Низомнинг 15-бандида белгиланган талабларни бажармаган бўлса, буюртманома эгасининг кимошди савдосида қатнашиши рад этилиши мумкин.
19. Кимошди савдосида қатнашиш учун буюртманома тақдим этган хорижий компаниялар ва фирмалар тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмайди.
V. Кимошди савдосини ўтказиш тартиби
20. Кимошди савдоларини ўтказиш мақсадида Агент аукциончини тайинлайди, аукциончи Агентнинг ўз ходими ҳам, четдан контракт асосида жалб этилган шахс ҳам бўлиши мумкин.
21. Агент ва аукциончи ўзлари ташкил этган кимошди савдосида қатнашчиларнинг манфаатларини ифодалаш ҳуқуқига эга эмаслар.
22. Кимошди савдосини ўтказиш тартиботи қуйидагиларни назарда тутади:
кимошди савдоси бошлангунга қадар сотилаётган лотнинг тартиб рақамини эълон қилади, кимошди савдосига қўйилган товар ва савдо шартларини тарифлаб беради;
аукциончи тегишли лот бўйича кимошди савдосида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтказилган қатнашчиларнинг рўйхатдан ўтиш тартиби рақамини эълон қилади. Аукциончи томонидан тартиб рақами эълон қилинган иштирокчи кимошди савдосида қатнашаётганлигини тасдиқлаб, қатнашчи карточкасини кўтариши лозим;
аукциончи лотнинг бошланғич баҳоси ва кимошди савдосининг қадамини эълон қилган вақт кимошди савдоси бошланган вақт ҳисобланади. Кимошди савдоси қадамлари тўғрисидаги қарор аукциончи томонидан ҳар бир лот учун алоҳида қабул қилинади. Зарурият бўлганда аукциончи кимошди савдоси давомида қадамни ўзгартириши мумкин;
бошланғич баҳо эълон қилинганидан кейин аукциончи унинг белгиланган қадамга мувофиқ ҳолда оширилиши юзасидан таклифларни кутади;
юқорироқ баҳони таклиф этмоқчи бўлган қатнашчи ўзининг қатнашчи карточкасини кўтаради, бу белгиланган қадам бўйича баҳони оширишга доир таклиф ҳисобланади. Аукциончи биринчи бўлиб юқорироқ баҳони таклиф этган иштирокчини эълон қилар экан таклиф этилган баҳо ва мазкур қатнашчининг тартиб рақамини эълон қилади. Агар аукциончи таклиф этган баҳони уч карра эълон қилганидан кейин қатнашчилардан ҳеч ким юқорироқ баҳо таклиф этмаса, аукциончи болғачанинг учинчи зарби билан айни бир вақтда лотнинг мазкур баҳони таклиф этган қатнашчига сотилганлигини эълон қилади. Шундан сўнг мазкур лотга доир кимошди савдоси ёпилган ҳисобланади.
23. Лотнинг бошланғич баҳоси эълон қилинганидан кейин уни харид қилишни хоҳловчилар бўлмаса, лот кимошди савдосидан чиқарилади.
24. Кимошди савдоси ғолиби кейинчалик олди-сотди шартномасини тузиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган кимошди савдоси натижалари тўғрисидаги протоколни савдо ўтказилган кунда имзолаши керак.
Кимошди савдоси ғолиби юқорида қайд этилган протоколни имзолашдан бош тортган тақдирда, Агент кимошди савдоси натижаларини бекор қилиши мумкин. Бунда ғолиб тўлаган закалат суммаси қайтарилмайди.
Протокол икки нусхада харидор ва Агент томонидан имзоланади. Протоколда сотувчи ва харидор тўғрисидаги маълумотлар, сотилаётган объектнинг номи, узил-кесил баҳо, шунингдек томонларнинг олди-сотди шартномасини имзолаш бўйича мажбуриятлари кўрсатилади. Кимошди савдоси натижалари тўғрисидаги протоколнинг бир нусхаси харидорга берилади ва харидорнинг олди-сотди шартномасини тузиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.
25. Агар лот бўйича кимошди савдоси, иштирокчилардан ҳеч бири мазкур лотни бошланғич баҳоси бўйича харид қилиш истагини билдирмаганлиги ёки унинг кимошди савдосидан чиқарилганлиги ёҳуд бошқа сабабларга кўра ўтказилмаган деб эълон қилинган бўлса, ўтказилмаган кимошди савдосининг протоколи тузилади.
VI. Шартномани расмийлаштириш ва кимошди савдоси қатнашчилари билан ҳисоб-китоб қилиш
26. Олди-сотди шартномаси товар эгаси ва кимошди савдоси ғолиби ўртасида кимошди савдоси натижалари тўғрисидаги протоколга асосан, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ кимошди савдоси тугаган ва протокол расмийлаштирилгандан кейин икки ҳафтадан кечикмай тузилади.
Агар кимошди савдоси ғолиби тегишли ким ошди савдоси ўтказилган санадан эътиборан икки ҳафта муддат ичида шартномани имзоламаган бўлса, кимошди савдоси натижалари бекор қилинади ва тўланган закалат суммаси унга қайтарилмайди.
Томонлардан бири шартномани тузишдан бош тортган тақдирда иккинчи томон шартномани тузишга мажбур қилиш, шунингдек шартнома тузишдан бўйин товлаш туфайли етказилган зарар тўғрисидаги талабнома билан судга мурожаат этиши мумкин.
27. Кимошди савдоси ғолиби (кейинги ўринларда «харидор» деб юритилади) билан шартнома тузиш чоғида у тўлаган закалат суммаси тузилган шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши сифатида ҳисобга олинади. Кимошди савдосининг қолган иштирокчиларига закалат суммаси кимошди савдоси натижалари эълон қилинган вақтдан эътиборан 3 иш куни мобайнида қайтариб берилади.
28. Олди-сотди шартномасида қуйидагилар кўрсатилади:
сотилган товарнинг номи;
сотилган товарнинг баҳоси ва миқдори;
сотувчи, харидор тўғрисидаги маълумотлар, товарни етказиб бериш шартлари, тўлов шакли ва муддатлари;
томонлар масъулияти юзага келиш шартлари ва доираси;
шартноманинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлари.
29. Кимошди савдоси натижалари бўйича тузилган олди-сотди шартномаси:
юқори ликвидли маҳсулотни олдиндан тўлов асосида маҳсулот етказиб бериш муддатини кейинга суриш, шунингдек контрактнинг тузилганлиги факти бўйича етказиб бериш шартларида сотиш;
олдиндан тўлов харидорнинг талаби билан тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси томонидан бериладиган банкнинг муқобил кафолатномаси ёки суғурта полиси остида амалга оширилади;
кимошди савдоси шартларидан фарқ қилувчи маҳсулот етказиб беришга доир қўшимча шартларни назарда тутиши мумкин.
30. Харидор шартномага мувофиқ тўловларни у имзоланган вақтдан эътиборан икки ҳафтадан кечиктирмай амалга ошириши шарт.
31. Агар харидор белгиланган муддатда ҳисоб-китоб қилмаса, Агент кимошди савдоси натижаларини бекор қилиш ҳуқуқига эга. Ушбу ҳолларда:
закалат қайтарилмайди;
кимошди савдоси ғолиби Агент томонидан ўтказиладиган бошқа кимошди савдоларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.
32. Кимошди савдосида сотилмай қолган лотлар кейинги кимошди савдоларига (шу жумладан охирги кимошди савдосида эълон қилинганидан бошқа баҳолар бўйича) қўйилиши мумкин.
33. Кимошди савдоси жараёнида пайдо бўлган даъволар кимошди савдоси ёпилгунга қадар Агент томонидан кўриб чиқилади. Агентнинг қарорлари устидан ваколатли органларга ёки суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.
34. Кимошди савдоси натижаларига оид тўлиқ маълумотлар киритилган ҳисобот кимошди савдоси ўтказилгандан кейин икки ҳафта муддатда кимошди савдоларини ташкил этиш кенгашига киритилади.
VII. Юқори ликвидли товарлар кимошди савдоларида сотилганлиги учун ҳисоб-китоб қилиш тартиби
35. Кимошди савдоси натижалари тўғрисидаги протоколга мувофиқ кимошди савдоси ғолиби юқори ликвидли товар эгаси билан кафолатланган миқдорларда харид қилинаётган товар учун тўланадиган маблағларнинг Агентнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Операциялар бошқармасида очилган махсус транзит валюта ҳисоб рақамига тушишини назарда тутувчи олди-сотди шартномасини тўлов муддатини кейинга суриш шарти билан тузади.
36. Агент юқори ликвидли маҳсулотни сотиш ва кимошди савдосини ташкил этишдан олинган валюта тушумининг ҳаммасини Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига биржадан ташқари бозорнинг эркин курси бўйича, уни Бирлашган барқарорлаштириш жамғармасига мақсадли йўналтирган ҳолда сотади.
37. Агентга Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан миллий валюта – «сўм»да тушган тушум тузилган олди-сотди шартномасига мувофиқ ҳолда юқори ликвидли товар эгасининг ҳисобига (кимошди савдоларини ташкил этиш кенгаши томонидан белгиланган Агентнинг воситачилик ҳақи чегирилган ҳолда) ўтказилади.
Юқори ликвидли товар кимошди савдосида марказлаштирилган экспортнинг белгиланган миқдорлари ҳисобига сотилган ҳолларда, Агентга Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан миллий валюта – «сўм»да тушган тушум тузилган олди-сотди шартномасига мувофиқ ҳолда юқори ликвидли товарни етказиб берувчининг ҳисобига (кимошди савдоларини ташкил этиш кенгаши томонидан белгиланган Агентнинг воситачилик ҳақи чегирилган ҳолда) ўтказилади, товарнинг маҳсулот етказиб берувчидан харид қилинган баҳоси билан кимошди савдосидаги сотув баҳоси ўртасидаги фарқ эса — давлат бюджетига ўтказилади.
VIII. Кимошди савдосида битишувларни амалга ошириш чоғида томонларнинг жавобгарлиги
38. Юқори ликвидли товарни олди-сотди шартномасида назарда тутилган миқдорда, номенклатурада, сифат ва муддатларда етказиб бериш бўйича жавобгарлик товар етказиб берувчининг зиммасига юкланади.
39. Агент ва кимошди савдоси иштирокчиларининг жавобгарлиги Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда белгиланади.
40. Агар тўловдан кейин кимошди савдосини ўтказиш рад этилган бўлса, Агент ўзи таклиф этган иштирокчилар томонидан тўланган тўловларни 3 кун мобайнида уларга қайтариб беради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2001 й., 13-сон, 92-модда; 2004 й., 16-сон, 187-модда)