Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида
Халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестициялар ва техник кўмак воситаларини жалб этишни кенгайтириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси ва Европа инвестиция банки (кейинги ўринларда — ЕИБ) ўртасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ЕИБнинг фаолият олиб бориши тўғрисида 2017 йил 13 октябрь куни Вашингтон шаҳрида (АҚШ) имзоланган Ҳадли битим тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Европа инвестиция банки билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва мазкур халқаро шартномани амалга оширишда масъул орган этиб белгилансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси билан Европа инвестиция банки ўртасидаги Ҳадли битимнинг қонуний кучи хусусида Европа инвестиция банкига уларга мақбул бўлган юридик хулоса берсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси томони мазкур халқаро шартнома кучга кириши учун зарур ички давлат тартиб-таомилларини бажарганлиги тўғрисида тегишли билдиришнома юборсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга киргандан кейин белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилиши устидан назоратни таъминласинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 4 январь,
ПҚ-3458-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.01.2018 й., 07/18/3458/0504-сон; 28.09.2020 й., 06/20/6075/1330-сон)