Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари пенсионерларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 декабрдаги ПФ-263-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштиришга йўналтирилган ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари пенсионерларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш тизимида илмий салоҳиятни сақлаб қолиш, хизмат-жанговар фаолиятни ўташ даврида мудофаа ва хавфсизлик вазирликлари ҳамда идоралари ҳарбийлари ва ходимлари томонидан эгалланган билимларидан самарали фойдаланиш ва ёш авлодга билим бериш, ўспирин авлодни ватанпарварлик, Ватанга садоқат ва муҳаббат руҳида тарбиялаш, шунингдек, республика ҳарбий-саноат комплексини ривожлантириш мақсадида:
1. Қуйидагиларга 2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб пенсия миқдори тўлиқ ҳажмда тўланиши белгилансин:
а) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий хизматчилари сафидаги:
Қуролли Кучлар Академияси, Ўзбекистон Республикасининг олий ҳарбий таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва илмий ходимлари сифатида ўз меҳнат фаолиятини олиб бораётган ҳарбий-академик лицейлар раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва ўқитувчилари, шунингдек, республика академик лицейлари ва касб-ҳунар коллежларининг бошланғич ҳарбий тайёргарлик раҳбарлари;
ҳарбий-саноат комплекси тузилмасига кирувчи корхоналарнинг бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимлари таркибидаги мутахассислар.
б) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси:
МХХ институти, Ўзбекистон Республикаси Стратегик таҳлил ва прогнозлаштириш олий мактаби, Махсус тайёрлов ўқув маркази, Радиоэлектрон тизимлар ва ахборот технологиялари маркази, шунингдек, Фуқаро муҳофазаси институти, аҳолини тайёрлаш ҳудудий марказлари ва ФВВ раҳбар таркиби ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа олий ҳарбий таълим муассасаларида;
республика академик лицейлари ва касб-ҳунар коллежларининг маънавият ва маърифат ҳамда тарбиявий ишлари бўйича раҳбарларининг ўринбосарлари сифатида меҳнат фаолиятини ўқитувчи ва илмий ходим сифатида олиб бораётган ҳарбий хизматчилари ва ходимлари;
ҳарбий-саноат комплекси тузилмасига кирувчи корхоналарнинг бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимлари таркибидаги мутахассислар.
Пенсиялар, агарда юқорида қайд этилган фаолият тури ҳарбий пенсионернинг ягона иш жойи бўлсагина тўланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги (К. Бердиев) Меҳнат вазирлиги (А. Абдухакимов), Молия вазирлиги (Б. Ходжаев) ва Олий таълим вазирлиги Ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими маркази (У. Салимов) билан биргаликда 2017 йилнинг 1 мартигача мамлакатимизнинг ҳарбий-академик лицейлари, шунингдек, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларига ҳарбий хизматчилардан пенсионерларни ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги (К. Бердиев), Ички ишлар вазирлиги (А. Азимов), Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (К. Арипов), Миллий хавфсизлик хизмати (Р. Иноятов) ва Давлат божхона қўмитаси (М. Тохирий) Адлия вазирлиги (М. Икромов) бошқа мутасадди вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартишларни ўзларининг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига киритсин.
4. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 17 февраль,
ПФ-4960-сон