Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПФ-231-сонли «Қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва тартибга солиш юкини камайтириш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Валюта сиёсатини либераллаштириш шароитларида республика аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини янада муттасил ошириб бориш, фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида:
1. 2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,15 баравар оширилсин.
2. 2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам:
иш ҳақи — ойига 172 240 сўм;
ёшга доир пенсиялар — ойига 336 880 сўм;
болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа — ойига 336 880 сўм;
зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 206 720 сўм миқдорида белгилансин.
3. Белгилаб қўйилсинки, иш ҳақи ҳамда пенсияларга қўшилган устама ва қўшимча ҳақларнинг барча турлари, энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган компенсация ва бошқа тўловлар 2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Давлат бюджетидан молияланадиган ташкилот ҳамда муассасалар билан биргаликда пенсиялар, стипендиялар ҳамда бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг лавозим маошлари миқдорини мазкур Фармон қоидаларидан келиб чиққан ҳолда ўз вақтида қайта ҳисоблаб чиқишни таъминласин.
5. Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларнинг оширилиши билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.
Хўжалик ҳисобидаги корхона ва ташкилотлар 2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақига мувофиқ, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва меҳнат сарфини камайтириш ҳисобига иш ҳақи миқдорини оширсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
8. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси молия вазири Б.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 20 ноябрь,
ПФ-5245-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.11.2017 й., 06/17/5245/0279-сон; 03.07.2018 й., 06/18/5469/1430-сон)