Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Кам таъминланган оилаларни бандлик билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 12 сентябрдаги ПҚ-3268-сон қарорига асосан муайян меҳнат турлари билан шуғулланиш истагида бўлган кам таъминланган оилаларга микрокредитлар ажратишнинг самарали механизмини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Кам таъминланган оилаларни бандлик билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Муайян меҳнат турлари билан шуғулланиш истагида бўлган кам таъминланган оилаларга уларнинг оилаларини етарли даражада таъминлаш имконини берадиган имтиёзли шартлар асосида микрокредитлар ажратувчи тижорат банкларини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилаб бериши маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига муайян меҳнат турлари билан шуғулланиш истагида бўлган кам таъминланган оилаларга имтиёзли шартлар асосида микрокредитлар ажратувчи тижорат банклари белгилангандан сўнг, уларнинг рўйхатини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш тавсия этилсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 20 октябрь,
857-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 октябрдаги 857-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Кам таъминланган оилаларни бандлик билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом муайян меҳнат турлари билан шуғулланиш истагида бўлган кам таъминланган оилаларга уларнинг оилаларини етарли даражада таъминлаш имконини берадиган имтиёзли шартлар асосида микрокредитлар ажратиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
қарз олувчи — Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек тижорат банкларининг масъул ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳ томонидан шакллантирилган рўйхатга киритилган муайян меҳнат турлари билан шуғулланиш истагида бўлган кам таъминланган оиланинг вояга етган аъзоси;
банк — Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгилаб берилган, қарз олувчиларга микрокредитлар ажратадиган тижорат банки.
2-боб. Микрокредитларни ажратиш шартлари
3. Микрокредитлар қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадли фойдаланиш шартлари асосида ушбу Низомнинг иловасида келтирилган схемага асосан берилади.
4. Микрокредитлар қарз олувчиларга:
тикув машиналари, матолар ва бошқа сарф материаллари, косибчилик фаолияти учун инвентарлар, маиший, компьютер ва бошқа техникалар, шунингдек, меҳнат билан бандликни таъминловчи бошқа асбоб-ускуналар харид қилиш;
шахсий томорқа участкаларини ривожлантириш (кичик-иссиқхоналар барпо этиш, чорва моллари, парранда сотиб олиш, оғилхона ва товуқхона қуриш, боғдорчилик инвентарлари ва асбоблари харид қилиш) мақсадлари учун ажратилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Микрокредитлар банклар томонидан қарз олувчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдоригача йиллик 4 фоиз ставкада ажратилади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон)
6. Қарз олувчиларга микрокредит қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз, 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан, 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга банк кредит қўмитасининг белгиланган тартибда расмийлаштирилган қарори асосида берилади.
3-боб. Микрокредитларни расмийлаштириш тартиби
7. Микрокредит олиш учун қарз олувчи томонидан банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
мазкур Низомнинг 4-бандида назарда тутилган мақсадлар учун микрокредит олиш учун сўралган ариза;
шахсий томорқа участкаларини ривожлантириш мақсадлари учун микрокредит сўралган ҳолларда қарз олувчида томорқа участкаси мавжудлиги кўрсатилган ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан берилган маълумотнома;
микрокредитни қайтаришнинг таъминланиши тўғрисида ҳужжат.
8. Микрокредитлар қайтарилишининг таъминоти сифатида банкка қуйидаги таъминот турларидан бири тақдим этилади:
мол-мулк гарови;
тижорат банки ёки суғурта компанияси кафолати;
учинчи шахс кафиллиги;
қарз олувчи томонидан олинган микрокредитни қайтармаслик хатарининг банк фойдасига суғурта қилинганлиги.
9. Қарз олувчи мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилган тегишли ҳужжатларни топширишда ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатади ҳамда ундан нусха тақдим этади.
10. Микрокредит сўраб, мазкур Низомнинг 7-бандида кўрсатилган барча зарур ҳужжатлар илова қилинган ҳолда берилган ариза банкка келиб тушган кундан бошлаб, банк кредит қўмитаси томонидан ушбу ариза бўйича қарор қабул қилиш муддати 3 иш кунидан ошмаслиги лозим.
11. Микрокредит бериш асослантирилган ҳолда рад этилган тақдирда, банк аризачига бу ҳақда кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда ёзма шаклда маълум қилиши шарт.
4-боб. Микрокредитларни ажратиш ва уларни қайтариш тартиби
12. Микрокредитлар қарз олувчининг ссуда ҳисобварағидан унинг тўлов топшириқномасига асосан, кредит шартномасида белгиланган мақсадлар учун тегишли ташкилотларнинг банкдаги талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
13. Қарз олувчиларга берилган микрокредитлар ҳисоби алоҳида белгиланган баланс ҳисобварақларида юритилади.
14. Қарз олувчи микрокредит ҳамда унга ҳисобланган фоизларни нақд пулда, банк пластик карточкалари орқали ёки қарз олувчининг омонат ҳисобварағидан пул ўтказиб бериш йўли билан тўлаши мумкин.
15. Банк томонидан микрокредитдан фойдаланишнинг муддати давомида фуқаролар йигини ходими иштирокида микрокредитдан мақсадли фойдаланилаётганлигини аниқлаш бўйича бевосита жойига чиқиб, доимий мониторинг ўтказилади.
16. Олинган микрокредитдан бошқа мақсадда фойдаланилганлик аниқланган тақдирда, банк кредит шартномасида белгиланган тартибда микрокредитнинг мақсадсиз ишлатилган қисмини қарз олувчидан муддатидан илгари ундириб олиш ҳуқуқига эга.
17. Микрокредитлар бўйича қарздорликни ундиришда биринчи навбатда микрокредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ундирилади.
18. Микрокредит белгиланган муддатларда қайтарилмаган тақдирда, банк ундирувни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда микрокредитнинг қайтарилиш таъминоти сифатида тақдим этилган таъминот турига қаратади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-боб. Якунловчи қоида
19. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кам таъминланган оилаларни бандлик билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги Низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
Кам таъминланган оилаларни бандлик билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан микрокредитлар ажратиш
СХЕМАСИ
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.10.2017 й., 09/17/857/0155; 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)