Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар иттифоқи Кенгаши раисини, вилоят, шаҳар, туман кенгашлари раисларини ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ходимларини моддий рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида» 2017 йил 5 июлдаги ПФ-5106-сон Фармонини бажариш юзасидан, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар иттифоқи Кенгаши раисини, вилоят, шаҳар, туман кенгашлари раисларини ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ходимларини янада моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларнинг:
а) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва «Асака» акциядорлик-тижорат банкининг Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар иттифоқи Кенгаши раисига, вилоят, шаҳар, туман кенгашлари раисларига ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ходимларига ўзларининг хизмат вазифаларини оператив ва ўз вақтида бажаришида уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автотранспорт воситалари (кейинги ўринларда автотранспорт воситалари деб аталади) сотиб олиш учун кредитлар бериш тўғрисидаги таклифи;
б) «Асака» акциядорлик-тижорат банкининг Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар иттифоқи Кенгаши раисига, вилоят, шаҳар, туман кенгашлари раисларига ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ходимларига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан тақдим этилган рўйхатлар бўйича, «Спарк» ёки «Дамас» русумли автотранспорт воситалари сотиб олиш учун қуйидаги шартлар билан кредитлар бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
кредитни бериш муддати — 10 йилгача;
дастлабки бадал суммаси — сотиб олинаётган автотранспорт воситаси қийматининг 15 фоизи;
фоизли ставка миқдори — Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг кредит бериш санасидаги амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида;
кредит бўйича таъминлаш — автотранспорт воситаси чиққунгача ва у кафолат бўйича расмийлаштирилгунгача, кредитни қайтариш юзасидан мажбуриятларни қисқа муддатли суғурталашни ҳисобга олган ҳолда, кредит бўйича сотиб олинаётган автотранспорт воситаси кафолати;
фоизларни ҳисоблаб ёзиш, асосий қарзни ва кредит бўйича асосий қарзни ва ҳисоблаб ёзилган фоизларни тўлаш, ҳисоблаб ёзилган фоизларни ва асосий қарзни тўлаш бўйича уч ойлик имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда, банк ҳисоб-китоб методи бўйича амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. «Ўзавтосаноат» АЖ Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан тақдим этиладиган Марказий Кенгаш ходимлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар иттифоқи Кенгаши раиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят, шаҳар ва туман кенгашларининг раислари рўйхати асосида улар томонидан «Асака» акциядорлик-тижорат банки кредитлари ҳисобига автотранспорт воситалари сотиб олиш учун автотранспорт воситалари ажратилишини таъминласин.
3. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши:
Марказий Кенгаш ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар иттифоқи Кенгаши раиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари раисларининг сотиб олиш учун зарур бўлган автотранспорт воситалари миқдорини аниқлаш юзасидан рўйхатларини тузсин;
Марказий Кенгаш ходимларининг ва Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар иттифоқи Кенгаши раисининг, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари раисларининг реал эҳтиёжини уларнинг кредитга автотранспорт воситаси сотиб олишга бўлган хоҳишлари ва имкониятларини ҳисобга олган ҳолда аниқласин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси К.К. Куранбаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 12 октябрь,
818-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.10.2017 й., 09/17/818/0103; 17.01.2020 й., 09/20/30/0061-сон)