Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида
Сўнгги йилларда республикада ҳайдовчилик маданиятини ва автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг билим даражасини ошириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ахборот-коммуникация ва таълим технологияларидан фойдаланиш асосида автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимида қўлланилаётган инновация услублари ўқитиш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Бу эса малака имтиҳонларини топшириш самарадорлигини ошириш ҳамда ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласида ҳуқуқий билимини таъминлаш имконини берди.
Шу билан бирга, ҳайдовчилар малакасини мунтазам оширишни назарда тутадиган қонун талаблари етарли даражада бажарилмаяпти. Аксарият ҳолларда юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар йўл-транспорт ҳодисалари иштирокчиларига айланиб қолмоқда.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини, фуқаролар ҳаёти ва саломатлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш чораларини кучайтириш, шунингдек ўқув жараёнига инновация услубларини жорий этиш йўли билан юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш тартибини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қарорларини самарали амалга ошириш мақсадида «Avtotest Report» масъулияти чекланган жамияти (кейинги ўринларда «Avtotest Report» МЧЖ деб аталади) томонидан:
автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқитишнинг уйғунлашган услублари қўлланган ҳолда янги таълим технологияларидан кенг фойдаланилаётганлиги;
ўқув жараёнига ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасини оширишга қаратилган, ўқитиш мониторингини олиб бориш ва уни режалаштириш имконини берадиган автоматлаштирилган комплекс ахборот тизими жорий этилганлиги;
автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг малакасини ошириш бўйича «Avtotest 3.0» ўқув-услубий комплекс ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган шахслар (кейинги ўринларда ҳайдовчилар деб аталади) 2018 йил 1 январдан бошлаб икки йилда бир марта малака оширишга мажбурлигини белгилайдиган тартиб белгилаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Белгилаб қўйилсинки, ҳайдовчилар малакасини ошириш тадбирлари иш берувчиларнинг ўз маблағлари, бюджет ташкилотларида эса — бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига молиялаштирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Ҳайдовчилар малака оширгани тўғрисида «Avtotest Report» МЧЖ ўқув комплекси сертификатининг шакли (кейинги ўринларда сертификат деб аталади) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича таълим муассасалари (давлат таълим муассасаларидан ташқари) битирувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада такомиллаштириш учун уларни ўқув қўлланмалари билан зарур миқдорда таъминласин ва «Avtotest» ўқув қўлланмалари ҳамда бошқа замонавий ўқитиш воситаларининг қийматини таълим хизматлари таннархига киритсин.
6. «Avtotest Report» МЧЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасига қўшма битимлар асосида компьютер ва сервер техникаси, шунингдек «Avtotest» ўқув-услубий воситаларига мос келадиган дастурий маҳсулотларни беғараз топшириш тўғрисида белгиланган тартибда қарор қабул қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан биргаликда босма ҳамда электрон ахборот воситаларини, шу жумладан бутунжаҳон Интернет тармоғини кенг жалб этган ҳолда аҳоли ўртасида ушбу қарорнинг мақсадлари ва вазифаларининг мунтазам ҳамда ҳар томонлама ёритилишини тизимли асосда таъминласин;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган, шу жумладан 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини сертификатсиз бошқараётган шахслар (ҳайдовчилар)га нисбатан маъмурий жавобгарликни жорий этишни, лицензия/лицензия карточкаларининг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиш ёки бекор қилишни назарда тутадиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисида икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига 2018 йил 1 январдан бошлаб ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
9. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов, ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 4 сентябрь,
693-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 сентябрдаги 693-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
«Avtotest Report» МЧЖ ўқув комплексининг ҳайдовчилар малака оширгани тўғрисида сертификатининг
ШАКЛИ
«Avtotest Report» МЧЖ ўқув комплексининг ҳайдовчилар малака
оширгани тўғрисида
СЕРТИФИКАТИ
(тавсифи)
оширгани тўғрисида
СЕРТИФИКАТИ
(тавсифи)
«Avtotest Report» МЧЖ ўқув комплексининг ҳайдовчилар малака оширгани тўғрисидаги сертификати пластик ёки махсус оқ қоғоздан 54 х 86 мм ҳажмда тайёрланади. Унинг юза томонида тўқ кўк рангли юқори қисмида ««AVTOTEST» OʻQUV KOMPLEKSI УЧЕБНЫЙ КОМПЛЕКС» сўзлари ёзилади. Юқори ўнг бурчакда оқ рангда «Avtotest Report» МЧЖ ўқув комплексининг логотипи босилади.
Логотипнинг ўнг томонида лотин графикаси ҳарфларида давлат тилидаги «SERTIFIKAT» ёзуви жойлаштирилади ва икки ҳарф ҳамда олтита рақамдан иборат сертификат рақами қайд этилади.
Сертификат қуйидаги ҳимоя воситаларига эга:
30 мк ҳажмдаги микроматн;
тўлқинсимон ҳошияли ва қалинлиги 40 — 70 мк зич тўр кўринишидаги нақш — гильош.
Сертификатда қуйидагилар кўрсатилади:
малака оширган ҳайдовчининг фамилияси, исми, шарифи;
сертификат берилган сана ва жой;
сертификатнинг амал қилиш муддати;
ҳайдовчи малака оширгани тўғрисида маълумотлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 сентябрдаги 693-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 1-сон 12-модда) билан тасдиқланган Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 22-бандига қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
««Avtotest Report» МЧЖ ўқув комплексининг ҳайдовчилар малака оширгани тўғрисида сертификатининг (сертификатлари) нусхаси».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 2 августдаги 156-сон қарори билан тасдиқланган Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 22-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«22. Мулкчилик шаклларидан қатъи назар, юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар икки йилда бир марта «Avtotest Report» МЧЖнинг ўқув комплекси негизида малака ошириш дастури асосида малака оширишлари шарт.
Малака ошириш якуни бўйича ҳайдовчига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган шаклда тегишли сертификат берилади.
Ҳайдовчиларнинг малака оширишлари иш берувчининг ўз маблағлари, бюджет ташкилотларида эса — бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига амалга оширилади».
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2016 й, 3-сон 23-модда) билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг 7-бандига қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда — Avtotest Report» МЧЖ ўқув комплексининг ҳайдовчилар малака оширгани тўғрисидаги сертификати».
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимида таълим жараёнини такомиллаштириш ва ўқитишнинг замонавий усулларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2015 йил 30 апрелдаги 106-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2015 й., 4-сон 32-модда) 2-банди иккинчи хатбошига «амалга ошириш ҳуқуқини» сўзларидан кейин «шунингдек Ўзбекистон Республикасида юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқарадиган шахслар (ҳайдовчилар) малакасини ошириш фаолиятини юритиш бўйича алоҳида ҳуқуқни» сўзлари қўшилсин.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 36-сон, 958-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.02.2018 й., 09/18/139/0818-сон; 04.06.2019 й., 09/19/457/3235-сон; 10.03.2021 й., 09/21/125/0195-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.04.2022 й., 09/22/172/0298-сон)