Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари ҳамда якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучларини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш вазифаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида» 2017 йил 24 январдаги ПҚ-2738-сон қарорини ижро этиш юзасидан, шунингдек ҳарбий хизматчиларни турар жой билан таъминлаш тизимига узоқ муддатли ипотека кредитлари беришнинг янги тизимини жорий этиш ва мудофаага ажратилаётган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари ҳамда якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 25 июлдаги 169-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2005 й., 6-7-сон, 37-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири К.Р. Бердиев, Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири Р.М. Джураев, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.А. Азизов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 11 август,
619-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 августдаги 619-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари ҳамда якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Кейинги таҳрирга қаранг.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари ҳамда якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш тартибини белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати (кейинги ўринларда тегишли идоралар деб аталади) тизимларида контракт бўйича камида 5 календарь йил хизмат қилган ва янгидан контракт тузган, турар жой билан таъминланмаган ёки турар жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган, шунингдек қонунчиликка мувофиқ давлат ҳисобига турар жой билан таъминланиш ёки турар жой шароитларини яхшилаш ҳуқуқига эга бўлган, ҳақиқий ҳарбий хизматдан бўшатилган ҳарбий хизматчиларга (кейинги ўринларда ҳарбий хизматчилар деб аталади) жорий этилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
турар жой — қурилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг тегишли қарорлари билан тасдиқланган Дастурларда назарда тутилган кўп квартирали уйлардаги квартиралар, шунингдек намунавий якка тартибдаги уйлар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ипотека кредити — ҳарбий хизматчига қонунчиликка мувофиқ қайтариш, тўлов, таъминланганлик ва муддатлилик шартларида турар жой сотиб олиш (қуриш) учун бериладиган узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити.
(3-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Турар жой сотиб олиш (қуриш) учун ҳарбий хизматчилар томонидан ипотека кредити олинишида уй-жойнинг ҳисобланган қийматининг 25 фоизи миқдоридаги дастлабки бадал тегишли идоралар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва тегишли идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига киритилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Бунда сотиб олинадиган турар жойнинг шартномадаги қиймати уй-жойнинг ҳисобланган қийматидан кам бўлган тақдирда, дастлабки бадал шартномада кўрсатилган қийматнинг 25 фоизи миқдорида ажратилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Дастлабки бадал миқдори сотиб олинаётган (қурилаётган) уй-жойнинг ҳисобланган қийматининг 25 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Сотиб олинаётган (қурилаётган) турар жой учун дастлабки бадал миқдори лойиҳа-смета ҳужжатлари белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилиши натижалари бўйича унинг қийматидан келиб чиқиб аниқланади.
Бунда сотиб олинаётган (қурилаётган) турар жой қиймати ипотека кредити бўйича дастлабки бадал тўланаётган санада белгиланган уй-жойнинг ҳисобланган қийматидан ортиқ бўлмаслиги керак, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.
(4 ва 5-бандлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 августдаги 537-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.08.2021 й., 09/21/537/0818-сон)
6. Ҳарбий хизматчиларнинг аризасига ва тегишли идора раҳбарининг илтимосномасига кўра ажратилаётган турар жой ёки турар жой сотиб олиш (қуриш) учун дастлабки бадал ўрнига маҳаллий давлат ҳокимияти органи томонидан белгиланган тартибда якка тартибда уй-жой қуриш учун бепул асосда ер участкаси берилиши мумкин.
Ҳарбий хизматчиларнинг аризасига ва тегишли идора раҳбарининг илтимосномасига кўра турар жой шароитларини яхшилаш ўрнига уларга якка тартибда уй-жой қуриш учун белгиланган тартибда ер участкаси берилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш Вазирлар Маҳкамасининг «Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2006 йил 30 декабрдаги 272-сон қарори билан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2-боб. Турар жой сотиб олиш (қуриш) учун ипотека кредитлари бериш тартиби
8. Ҳарбий хизматчиларни турар жой билан таъминлаш ёки уларнинг турар жой шароитларини яхшилаш масалаларини кўриб чиқиш учун:
тегишли идораларнинг марказий аппаратлари ҳузурида марказий турар жой комиссияси (кейинги ўринларда марказий турар жой комиссияси деб аталади);
тегишли идораларнинг ҳарбий қисмларида турар жой комиссияси (кейинги ўринларда турар жой комиссияси деб аталади) ташкил этилади.
Марказий турар жой комиссиялари ва турар жой комиссияларининг таркиблари уларнинг ҳуқуқ ва вазифалари, улар фаолиятини амалга ошириш ва назорат қилиш тартиби тегишли идора раҳбарининг буйруғи билан белгиланади.
Марказий турар жой комиссиялари ва турар жой комиссияларининг раислари ва аъзолари қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлиги, адолатлилиги, одиллиги, холислиги ва шаффофлиги учун жавоб берадилар.
9. Ипотека кредити ҳарбий хизматчиларга хизмат жойи ёки ҳарбий хизматга юборилган (чақириқ) жойи бўйича берилади.
Ипотека кредити олиш учун ҳарбий хизматчиларга тегишли идораларнинг марказий турар жой комиссиясининг қарори асосида ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган турар жой сотиб олиш (қуриш) учун дастлабки бадал берилади.
10. Ҳарбий хизматчи турар жой сотиб олиш (қуриш) учун тегишли идорадан дастлабки бадални олиш учун турар жой комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
дастлабки бадални олиш учун ҳарбий қисм командири (бошлиғи) номига билдирги;
оиланинг таркиби тўғрисида (мавжуд бўлганда) яшаш жойидан маълумотнома;
ҳарбий хизматчининг турар жой билан таъминланишга бўлган ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланадиган турар жой аттестати;
Олдинги таҳрирга қаранг.
никоҳ тузилганлиги (мавжуд бўлганда) ва болалар туғилганлиги (мавжуд бўлганда) тўғрисидаги гувоҳномаларнинг нусхалари;
(10-бандининг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 декабрдаги 1001-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.12.2017 й., 10/17/1001/0447-сон)
ҳарбий хизматчининг пул таъминоти ва доимий иш жойидан (мавжуд бўлганда) берилган охирги 12 ойда ушлаб қолинган миқдорларда у билан бирга яшайдиган оила аъзоларининг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома ёки яшаш жойи бўйича давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган оила аъзоларининг ушбу даврдаги даромадлари (мавжуд бўлганда) тўғрисидаги декларацияларнинг нусхалари;
календарь бўйича ҳисоблаб чиқилган узоқ муддатли хизмат тўғрисидаги маълумотнома;
ҳарбий хизматни ўташга контракт тузилганлиги тўғрисида ҳарбий қисм командири (бошлиғи)нинг буйруғидан кўчирма;
Олдинги таҳрирга қаранг.
доимий яшаш жойи ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган жойлар (хизматни ўташ жойи) бўйича Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмаларининг ҳарбий хизматчи ёки унинг хотини (эри)нинг ўз турар жойи йўқлиги тўғрисидаги маълумотномаси.
(10-банднинг тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28 сентябрдаги 593-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.09.2020 й., 09/20/593/1340-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Турар жой комиссияси ўн кун муддатда тақдим этилган ҳужжатларни ўрганади ва уларда кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилигини текширади.
Турар жой комиссияси томонидан ҳарбий хизматчи учун дастлабки бадални киритиш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, ушбу қарор зарур ҳужжатлар илова қилинган ҳолда икки кун муддатда тегишли идоранинг марказий турар жой комиссиясининг кўриб чиқиши учун юборилади.
Дастлабки бадални киритиш рад этилганлиги ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда, турар жой комиссияси қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир кун муддатда рад этишнинг аниқ сабабларини кўрсатиб ёзма шаклда ҳарбий хизматчини хабардор қилади.
Ҳарбий хизматчи турар жойга ёки турар жой шароитларини яхшилашга муҳтож деб эътироф этилганда унда дастлабки бадални олиш учун тегишли ҳужжатларни такроран киритиш ҳуқуқи сақланиб қолади.
12. Тегишли идоранинг марказий турар жой комиссияси томонидан турар жой комиссиясининг қарори ва унга илова қилинган ҳужжатлар бир ҳафта муддатда кўриб чиқилади ва кўриб чиқиш натижалари бўйича икки нусхада баённома тузилади. Баённоманинг ҳар икки нусхаси марказий турар жой комиссиясининг раиси томонидан тасдиқланади ва гербли муҳр босилади.
Икки ҳафта муддатда тегишли идоранинг марказий турар жой комиссияси баённомасининг бир нусхаси тегишли идоранинг раҳбари томонидан дастлабки бадални киритиш учун пул маблағлари ажратиш тўғрисидаги буйруқ лойиҳасини тайёрлаш учун тегишли идоранинг квартира-фойдаланиш органига юборилади.
Дастлабки бадални киритиш рад этилиши тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, марказий турар жой комиссияси қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир кун муддатда турар жой комиссиясини рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда хабардор қилади.
3-боб. Дастлабки бадални ва ипотека кредитини ўтказиш ва қайтариш
13. Тегишли идора раҳбарининг дастлабки бадални киритиш тўғрисидаги буйруғи асосида квартира-фойдаланиш органи ҳарбий хизматчига тилхат билан дастлабки бадални киритиш тўғрисида кафолат хати беради.
Тегишли идоралар томонидан дастлабки бадални киритиш пул маблағлари ҳарбий хизматчининг тижорат банкида очилган махсус депозит ҳисоб рақамига ўтказилиши йўли билан ҳарбий хизматчи хизмат кўрсатувчи тижорат банки билан кредит шартномаси тузганидан кейин амалга оширилади.
14. Ипотека кредитини қайтариш ҳарбий хизматчи ва унинг оила аъзолари томонидан қуйидаги йўллар билан амалга оширилиши мумкин:
пул таъминоти ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар ва бошқа даромадлар ҳисобига нақд бўлмаган шаклда пул ўтказиш;
нақд пул маблағлари тўлаш;
пластик карталардан ва ҳарбий хизматчининг тижорат банкларидаги омонатлари бўйича ҳисоб рақамларидан нақд бўлмаган шаклда пул маблағлари ўтказиш.
4-боб. Ижтимоий кафолатлар
15. Улар учун тегишли идоралар томонидан уй-жой сотиб олиш (қуриш) учун дастлабки бадал киритилган ҳарбий хизматчилар дастлабки бадал амалга оширилган пайтдан бошлаб тўлиқ 12 ой ўтгач давлат ҳисобига турар жой билан таъминланмаганлар рўйхатидан чиқарилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16. Турар жой билан таъминлаш усулига боғлиқ равишда ҳарбий хизматчиларга қуйидаги ижтимоий кафолатлар берилади:
ипотека кредити бўйича дастлабки бадал улар учун киритилган ҳарбий хизматчилар, — ҳарбий хизматчиларнинг ушбу тоифасига ва уларнинг оила аъзоларига хизмат турар жойидан (мавжуд бўлганда) фойдаланиш ҳуқуқи, ёхуд тўлиқ 12 ойгача бўлган муддатда турар жой ижарага олинганлиги (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси олиш ҳуқуқи;
Кейинги таҳрирга қаранг.
якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси олган ҳарбий хизматчилар, — ҳарбий хизматчиларнинг ушбу тоифасига ва уларнинг оила аъзоларига ер участкасини мустақил ўзлаштириш даврида хизмат турар жойидан (мавжуд бўлганда) фойдаланиш ҳуқуқи, ёхуд тўлиқ 24 ойгача бўлган муддатда турар жой ижарага олинганлиги (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси олиш ҳуқуқи.
Пул компенсацияси олиш ҳуқуқи сақланиб қолиши муддати ҳарбий хизматчининг тижорат банкида очилган махсус депозит ҳисоб рақамига дастлабки бадал киритилган кундан бошлаб ёки якка тартибда уй-жой қуриш учун ҳарбий хизматчиларга ер участкаси ажратиш тўғрисида туман (шаҳар) ҳокимининг қарори қабул қилинган кундан бошлаб ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Пул компенсацияси олиш ҳуқуқи сақланиб қолиши муддатларига риоя қилиш устидан назорат қилиш тегишли идоранинг квартира-фойдаланиш органлари томонидан амалга оширилади, уларга турар жойни марказлаштирилган тартибда ҳисобга олишни юритиш юкланади.
17. Ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган ёки у хизмат вазифаларини бажаришда оғир тана шикастланиши оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганда қайтарилмаган кредит суммаси ва у бўйича ҳисобланган фоизлар тегишли идора раҳбарининг қарори асосида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига қайтарилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
18. Биргаликдаги никоҳдаги ҳарбий хизматчилар (хотин, эр) томонидан турар жойни сотиб олиш (қуриш) учун дастлабки бадални киритиш ёки якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси бериш квартира-фойдаланиш органи томонидан берилган эр-хотиннинг ҳар иккиси турар жой билан, якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси билан таъминланмаганлиги ва уларнинг ҳар иккиси учун дастлабки бадал киритилмаганлиги тўғрисидаги маълумотнома мавжуд бўлган тақдирда улардан бири томонидан, хизмат жойи бўйича ёки ҳарбий хизматга юборилган (чақириқ) жойи бўйича амалга оширилади.
19. Тегишли идора томонидан турар жой сотиб олиш (қуриш) учун дастлабки бадал киритилган ёки якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси берилган ҳарбий хизматчи давлат ҳисобига турар жой билан бепул таъминлашнинг бошқа шаклларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмайди.
20. Хўжалик ҳисоби асосидаги бўлинмаларнинг ҳарбий хизматчиларига турар жой сотиб олиш (қуриш) учун дастлабки бадаллар тегишли идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига берилади.
21. Давлат ҳисобига турар жой (дастлабки бадал, ер участкаси, турар жойни хусусийлаштириш ва шу кабилар) билан таъминланган ҳарбий хизматчи умумий шартларда қўшимча турар жой олиш учун белгиланган тартибда ипотека кредити олиш ҳуқуқини йўқотмайди.
Дастлабки бадални тўлаш ва кейинчалик олинган кредитни қайтариш белгиланган тартибда ҳарбий хизматчининг ёки унинг оила аъзоларининг маблағлари ҳисобига тўлиқ амалга оширилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
22. Ушбу Низомга мувофиқ ипотека кредити олган ва қонунчиликда назарда тутилган асослар бўйича ҳарбий хизматдан бўшатилган ҳарбий хизматчилар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 14 сентябрдаги ПҚ-694-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларини турар жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 4-бандида кўрсатилган шахслар бундан мустасно, тегишли идоралар томонидан киритилган дастлабки бадал суммасини қонунчиликда белгиланган тартибда қайтарадилар.
(22-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
23. Тегишли идораларнинг молия органлари ҳарбий хизматчининг тижорат банкида очилган махсус депозит ҳисоб рақамига дастлабки бадални киритишда ҳужжатларнинг бутлиги ва турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўланиши учун жавоб берадилар.
24. Ҳарбий қисм командири (бошлиғи) ва турар жой комиссияси ипотека кредити бўйича дастлабки бадални бериш билан боғлиқ ҳужжатлар расмийлаштирилишининг ишончлилиги учун жавоб беради.
25. Ипотека кредити бўйича дастлабки бадални киритиш масаласини кўриб чиқишда зарур бўлган оиланинг таркиби тўғрисидаги ишончли маълумотлар ва бошқа шахсий маълумотлар тақдим этилиши учун ҳарбий хизматчиларга масъулият юкланади.
26. Турар жой комиссияларининг қарорлари ва улар аъзоларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бўйича ариза ва шикоятлар марказий турар жой комиссияси ва суд томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
27. Ҳарбий хизматчиларга турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли ипотека кредитлари, шунингдек якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш билан боғлиқ низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
(27-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
28. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.
(28-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 августдаги 619-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 25 июлдаги 169-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган
ўзгартириш
Низомнинг 2-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«2. Ҳарбий хизматчиларга пул компенсацияси тўлаш турар жой ижарага олинган (ижарада турган) кундан бошлаб ҳарбий хизматни ўташ жойига келгандан кейин амалга оширилади.
Пул компенсацияси тўлаш:
ҳарбий хизматчига белгиланган тартибда турар жой майдони берилган кундан бошлаб (шу жумладан белгиланган тартибда расмийлаштирилган уй-жой майдонининг олди-сотди далолатномалари асосида);
ҳарбий хизматчи қисмнинг шахсий таркиби рўйхатидан чиқарилган кундан бошлаб;
ҳарбий хизматчига турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ўтказилган кундан бошлаб тўлиқ 12 ой ўтгандан кейин;
ҳарбий хизматчи томонидан якка тартибда турар жой қуриш учун ер участкаси ажратиш тўғрисида туман (шаҳар) ҳокими томонидан қарор қабул қилинган кундан бошлаб тўлиқ 24 ой ўтгандан кейин тўхтатилади.
Ҳарбий хизматчига турар жой майдони берилган, турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ўтказилган, ҳарбий хизматчи томонидан якка тартибда турар жой қуриш учун ер участкаси ажратиш тўғрисида туман (шаҳар) ҳокими томонидан қарор қабул қилинган тақдирда ҳарбий қисмнинг уй-жой комиссияси ҳарбий қисмнинг молия органига пул компенсациясини тўлашни тўхтатиш учун асос ҳисобланган ҳужжатнинг нусхасини тақдим этади.
Ота-оналари, эри (хотини)нинг ота-оналари уй-жой майдонида бирга яшаётган ҳарбий хизматчиларга пул компенсацияси тўланмайди».
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 августдаги 619-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига узоқ муддатли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартиралар сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун ер участкалари ажратиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида» 2008 йил 31 июлдаги 163-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2008 й., 7-сон, 39-модда).
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини молиялаштиришнинг ресурс базасини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2011 йил 25 майдаги 151-сон қарорига 2-илованинг 2-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2011 й., 20-21-сон, 209-модда).
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига узоқ муддатли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартиралар сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун ер участкалари ажратиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида» 2008 йил 31 июлдаги 163-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2012 йил 31 майдаги 153-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 й., 5-сон, 38-модда).
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 33-сон, 853-модда, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.12.2017 й., 10/17/1001/0447-сон, 01.06.2018 й., 09/18/396/1287-сон, 21.09.2018 й., 09/18/748/2024-сон; 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; 29.09.2020 й., 09/20/593/1340-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.08.2021 й., 09/21/537/0818-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон, 08.07.2022 й., 09/22/375/0618-сон; 21.02.2023 й., 09/23/71/0097-сон; 16.08.2023 й., 09/23/388/0617-сон; 10.04.2025 й., 09/25/214/0325-сон)