09.08.2017 йилдаги ПҚ-3183-сон
 LexUZ шарҳи

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини ривожлантириш, ёшларга замонавий билимларни бериш орқали уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаши учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан қабул қилинган «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»да мамлакатимизда узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, ёшларга сифатли таълим бериш асосида уларни интеллектуал, эстетик ва жисмоний баркамол ривожлантириш, уларга таълим ва тарбия бераётган ўқитувчиларнинг юқори малакага эга бўлишини таъминлаш билан боғлиқ муҳим йўналишлар белгилаб берилди.

Бугунги шиддат билан ривожланаётган глобаллашув замонида ёшларимизни ёт ғоялардан асраш, уларда ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш, фан, техника ва технологияларнинг замонавий ривожланиш даражасига мос билим бериш орқали уларни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялашда таълим муассасалари ўқитувчиларининг ўрни беқиёсдир.

Ҳозирги кунда ўқувчи ёшларимиз республикамизда фаолият олиб бораётган 15359 та таълим муассасаси, жумладан 4893 та мактабгача таълим муассасаси, 9680 та умумий ўрта таълим мактаби, 23 та Меҳрибонлик уйи, 304 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 211 та «Баркамол авлод» маркази, 227 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабида таълим-тарбия олмоқда. Ушбу таълим муассасаларида ўрта махсус, касб-ҳунар коллежларини, олдинги йилларда битирган 97564 нафар ўрта махсус маълумотли ўқитувчи фаолият юритмоқда. Ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар Қашқадарё вилоятида 13048 нафарни, Сурхондарё вилоятида 9447, Самарқанд вилоятида 8907, Қорақалпоғистон Республикасида 4835, Тошкент вилоятида 5004, Наманган вилоятида 4653, Хоразм вилоятида 4192, Андижон вилоятида 4260, Бухоро вилоятида 3366, Жиззах вилоятида 1871, Фарғона вилоятида 2048, Навоий вилоятида 1282 нафарни ташкил қилади.

Умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган 112261 нафар бошланғич таълим ўқитувчисининг 41718 нафари (37,2%) ўрта махсус маълумотли. Жумладан, бошланғич таълим ўқитувчиларининг Қашқадарё вилоятида 9014 нафари (62,1%), Сурхондарё вилоятида 6035 нафари (53,2%), Қорақалпоғистон Республикасида 3144 нафари (41,4%), Самарқанд вилоятида 5551 нафари (42,7%) ўрта махсус маълумотли кадрлар саналади.

Мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган жами 57974 нафар педагог ходимнинг 36305 нафари (63%) ўрта махсус маълумотга эга.

Шу муносабат билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори олий таълим тизимида умумтаълим мактаблари, мактабгача ва мактабдан ташқари таълим муассасалари учун замонавий ўқитиш усулларини эгаллаган ўқитувчиларни тайёрлаш орқали ушбу муассасаларда таълим-тарбия сифатини ошириш, уларда дарс бераётган ўрта махсус маълумотли ўқитувчиларнинг олий маълумот олиш имкониятларини кенгайтириш учун зарур шароитлар яратишни назарда тутади.

Қарорга кўра, таълим муассасаларининг мактабгача, бошланғич, мусиқа, тасвирий санъат, чет тиллари, меҳнат таълими, жисмоний тарбия йўналишлари ва бошқа фанлар бўйича олий маълумотли ўқитувчи ва тарбиячиларга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш орқали таълим сифатини яхшилаш мақсадида 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб, 15 та олий таълим муассасасида педагогика йўналиши бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилади. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизнинг чекка туманларида, қишлоқ жойларида фаолият олиб бораётган ўрта махсус маълумотли ўқитувчиларнинг ўзлари истиқомат қилаётган вилоят марказларидаги олий таълим муассасаларида олий маълумот олишлари учун шароит яратади.

Олий таълим муассасалари таркибида ташкил қилинган махсус сиртқи бўлимларнинг бакалавриат таълим йўналишларига қабул мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасалари эҳтиёжлари асосида ўрта махсус маълумотга ҳамда камида уч йил педагогик амалий иш стажига, шунингдек, ушбу таълим муассасаларининг идоравий бўйсинувига мувофиқ тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан бериладиган тавсияномага эга бўлган педагог кадрлар ҳисобидан амалга оширилади.

Қарорнинг эътиборли жиҳатларидан яна бири махсус сиртқи бўлим талабаларига қатор имтиёзлар берилиши билан боғлиқ. Жумладан, сиртқи бўлимда ўқиётган талабаларга имтиҳонлар, синовлар топшириш, диплом, курс, лаборатория ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтида уларнинг асосий иш жойида ойлик маошлари сақланган ҳолда бир ўқув йилида икки марта бир ойдан ўқув таътили берилади. Бунда ўқув таътиллари, қоида тариқасида, умумтаълим муассасаларидаги қишки ва ёзги таътил вақтига тўғри келган даврда берилади ва уларга белгиланган тартибдаги йиллик меҳнат таътилларини бериш тартиби ҳам сақлаб қолинади.

Махсус сиртқи бўлимга қабул қилишда тавсиянома берувчи вазирлик ёки идора, олий таълим муассасаси ва талаба ўртасида ўқишни якунлагандан кейин тавсиянома берган ташкилот йўлланмасида кўрсатилган иш жойида (таълим муассасасида) беш йилдан кам бўлмаган муддатда ишлаб бериш мажбурияти билан уч томонлама шартнома тузилиши назарда тутилган.

Ушбу қарорда педагогика йўналиши бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этиладиган олий таълим муассасаларида иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот бериш сиртқи таълим шаклида ташкил этилиши, бунда иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот олиш бакалавриат таълим йўналишининг 2-курсидан (ўқув режалардаги фанлар фарқидан қатъий назар) камида 3 йил муддат этиб белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, 2017/2018 ўқув йили учун махсус сиртқи ва сиртқи таълим шаклидаги ўқув жараёни, истисно тариқасида, жорий йилнинг 1 октябридан бошланади.

Қарорга мувофиқ, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети махсус сиртқи бўлим таълим йўналишлари бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва дастурлари, ўқув ва ўқув-методик адабиётларни яратиш бўйича таянч олий таълим муассасаси этиб белгиланди. Унинг ҳузурида педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилган олий таълим муассасаларининг ўқув-методик фаолиятини Мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолият юритади. Шунингдек, Қарорда Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг педагог кадрлар тайёрлаш мазмунини замонавий талабларга уйғун ривожлантиришни таъминлаш билан боғлиқ асосий вазифалари белгилаб берилди.

Тегишли вазирлик ва идораларга 2017/2018 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг махсус сиртқи бўлимига 1-курсга талабаларни қабул қилишни юқори савияда ва адолатли ўтказишни таъминлаш, таълим йўналишларининг ўқув режа ва фан дастурларини тасдиқлаш, уларга мувофиқ фанларни ўқув адабиётлари билан таъминлаш чораларини кўриш топширилди.

Шунингдек, педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимларда дарс бериш учун юқори салоҳиятга эга профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантириш билан боғлиқ алоҳида вазифалар қўйилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида»ги Қарорининг қабул қилиниши умумтаълим мактаблари, мактабгача ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг юқори малакали педагог кадрларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш билан бир қаторда педагогик фаолият олиб бораётган ўрта махсус маълумотли ёшларнинг олий маълумот олиш имкониятларини кенгайтиради. Бу, ўз навбатида, педагоглик касбининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, жумладан ёшларни тизимли асосда ўқитувчилик касбига йўналтиришга хизмат қилади.

Мазкур қарор мамлакатимиз узлуксиз таълим тизимини янада ривожлантириш, ёшларимизни маънавий баркамол, билимли, интеллектуал ривожланган бўлиб етишишларини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларга янги куч бағишлайди.