ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИНИНГ ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ МАРКАЗИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БАНДЛИК ВА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ ВАЗИРЛИГИНИНГ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БАНДЛИК ВА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ ВАЗИРЛИГИНИНГ
Қарори
Академик лицейларга ўқитувчиларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 3 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2910]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги ПҚ-2829-сон «Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қарор қилади:
1. Академик лицейларга ўқитувчиларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори М. ХОЛМУХАМЕДОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 30 июнь,
53/ҚҚ-сон
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А. АБДУХАКИМОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 30 июнь,
20-Қ/Қ-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2017 йил 30 июндаги 53/ҚҚ ва 20-Қ/Қ-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Академик лицейларга ўқитувчиларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги ПҚ-2829-сон «Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан академик лицейларда бўш (вакант) бўлган ўқитувчи лавозимларига танлов ўтказиш тартибини белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом идоравий мансублигидан қатъи назар, барча академик лицейларга нисбатан татбиқ этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Академик лицейларда ўқитувчи лавозимига номзодлар танлов асосида ишга қабул қилинади. Танлов бўш (вакант) бўлган ўқитувчи лавозимларига эълон қилинади.
3. Танлов мазкур Низомга асосан тузиладиган Академик лицейнинг ўқитувчи лавозимига номзодларни танлаб олиш бўйича комиссия (бундан буён матнда Танлов комиссияси деб юритилади) томонидан ўтказилади.
4. Академик лицейларнинг ўқитувчи лавозимига ўтказиладиган танловда олий маълумотли ва камида 5 йил узлуксиз педагогик иш стажига эга бўлган шахслар иштирок этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Академик лицейларга соатбай ҳақ тўлаш шартларида жалб этиладиган ўқитувчилар танловда иштирок этмаган ҳолда расмийлаштирилади.
6. Академик лицейларда ўқитувчи лавозимини эгаллаш учун ўтказиладиган танловда номзодлар ўз аризаларига асосан иштирок этади.
7. Суднинг ҳукмига кўра педагогик фаолият билан шуғулланиши ман этилган шахслар танловга қўйилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Академик лицейларда ўқитувчилар танловини ўтказиш бўйича тахминий саволлар мажмуи академик лицейлардаги ҳар бир ўқитувчи мутахассислиги бўйича алоҳида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан ишлаб чиқилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2-боб. Танлов ўтказишни ташкил этиш
9. Академик лицейларда ўқитувчи лавозими бўшаган кундан бошлаб 10 кун ичида академик лицейнинг манзили ва мурожаат этиш учун телефон рақамлари кўрсатилган ҳолда бўш (вакант) ўқитувчи лавозимига танлов ўтказиш тўғрисида оммавий ахборот воситаларида, шунингдек академик лицейнинг расмий веб-сайтида (агар мавжуд бўлса) эълон берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Танловда иштирок этиш учун номзодлардан ҳужжатларни қабул қилиш оммавий ахборот воситаларида эълон берилган кундан бошланади ва 20 кун давом этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Танловда қатнашиш учун номзодлардан ҳужжатларни қабул қилиб олиш ва уларни сақлаш учун академик лицейнинг кадрлар бўйича инспектори масъул ҳисобланади.
12. Танловда қатнашиш учун номзодлар томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
танловда иштирок этиш учун академик лицей директори номига ариза;
паспорт нусхаси (ҳужжатларни топшириш вақтида паспортнинг асл нусхаси кўрсатилади);
олий маълумоти тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси;
меҳнат дафтарчасининг нусхаси;
3,5 x 4,5 см ўлчамдаги 4 дона рангли фотосурат.
Номзодлардан мазкур бандда кўрсатилмаган бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.
13. Ҳужжатларни топширган шахсга уларнинг қабул қилиб олинганлиги ҳақида тилхат берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. Танловда иштирок этиш учун номзодлардан ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугаганда танловда иштирок этиш учун ҳужжатларни топширган номзодларнинг сони 1 нафардан ошмаса, танлов ўтказилмайди ва академик лицей томонидан танлов ўтказиш тўғрисидаги эълон қайтадан берилади.
3-боб. Танловни ўтказиш
15. Танлов ўтказиш учун академик лицей директорининг буйруғи билан тоқ сондаги камида 5 кишидан иборат қуйидаги таркибда комиссия тузилади:
комиссия раиси — академик лицей директори (у бўлмаганда, унинг вазифасини бажарувчи шахс);
Кейинги таҳрирга қаранг.
комиссия котиби — академик лицейнинг кадрлар бўйича инспектори;
комиссия аъзолари — академик лицейнинг директор ўринбосари, тегишли кафедра мудири, камида 5 йил педагогик иш стажига ва малака тоифасига эга бўлган ўқитувчилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16. Танлов икки босқичда — тест ва суҳбат шаклида ўтказилади.
17. Танлов номзодлардан ҳужжатларни қабул қилиш тугагандан кейин 10 кун ичида ва ҳар бир босқич бўйича алоҳида кунларда ўтказилади.
Танлов бўлиб ўтадиган куни ва вақти ҳақида танлов ўтказилишидан камида 3 кун олдин комиссия котиби томонидан номзодларга хабар берилади ва бир вақтнинг ўзида академик лицейнинг эълонлар тахтасига осиб қўйилади ҳамда академик лицейнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
18. Тест саволлари танлов ўтказилаётган ўқитувчи лавозими мутахассислиги бўйича тузилади.
19. Тест саволлари комиссия раиси томонидан тасдиқланади.
20. Тест саволлари ва уларнинг жавоблари комиссия котибида сақланади ва у уларнинг ошкора қилинмаслиги учун масъул ҳисобланади.
21. Танлов ўтказиш учун академик лицей томонидан алоҳида аудитория ажратилади.
22. Танлов ўтказилаётган аудиторияга микрокалькулятор, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб кириш тақиқланади.
23. Номзодга тест топшириқларини бажариш учун 40 та тест саволи берилади.
24. Тест саволларини ечиш учун 2 соат вақт берилади.
25. Номзодларга бериладиган тест саволлари китоб шаклида бўлади ва унинг титул варағида номзоднинг Ф.И.О., танлов ўтказилган кун, тест саволларига берилган жавобларни текшириш натижалари ва текширган шахснинг (шахсларнинг) Ф.И.О. ва имзоси кўрсатилади.
26. Ҳар бир тест саволида 4 тадан жавоб варианти берилади. Номзодлар тест саволларини ечишда фақат битта тўғри жавобни белгилаши лозим.
Тўғри жавоб тест саволи китобидаги тест саволининг ўзида белгиланади. Бунда тест саволида берилган вариантлардан (A, B, C, D) бири ҳаворанг пастали шарикли ручкадан фойдаланилган ҳолда доирага олиш орқали белгиланади.
Жавобларни белгилашда ўчириш ва тузатишларга ҳамда бир нечта жавобни белгилашга йўл қўйилмайди.
Жавоблар тўғри белгиланиши учун номзод шахсан жавобгардир. Жавобларни нотўғри белгилаган номзодларнинг эътирози кўриб чиқилмайди.
27. Тест синовларини ўтказиш вақтида номзоднинг аудиториядан чиқиши тақиқланади, номзоднинг соғлиғи ёмонлашган ҳолатлар бундан мустасно.
28. Тест синовларини ўтказиш вақтида тест синовлари ўтказилаётган аудиторияда номзодлар ва комиссия аъзоларидан ташқари бошқа шахсларнинг бўлиши тақиқланади.
29. Тест синовларини ўтказишни бошлашдан аввал комиссия котиби номзодларга танлов ўтказиш тартибини тушунтириши шарт.
30. Тест топшириқларини белгиланган муддатдан олдин бажарган ёки тест топшириқларини бажариш учун ажратилган вақт тугагач, номзодлар тест материалларини комиссия котибига топширади.
31. Комиссия аъзолари тест синовлари ўтказилгандан сўнг 3 соат ичида тест саволларига берилган жавобларни текшириб, натижаларни (тўғри ва нотўғри жавоблар сони) тегишлича ҳар бир номзоднинг тест китоби титул варағига ёзиб қўйиши шарт.
32. Номзоднинг тест саволларига берган тўғри жавоблари комиссия томонидан берилган ҳар бир тўғри жавоб учун — 2,5 балл билан баҳоланади.
33. Тест синовлари натижалари тест синовлари ўтказилган кунда номзодларга эълон қилинади.
34. Тест синовлари натижаларига кўра 55 баллдан юқори балл тўплаган номзодлар тест синовларидан муваффақиятли ўтган ҳисобланади ва улар танловнинг кейинги босқичига қўйилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
35. Суҳбат танлов ўтказилаётган ўқитувчи лавозимининг мутахассислиги ва педагогика бўйича савол-жавоб шаклида ўтказилади. Бунда саволлар билетида 5 та савол берилади.
36. Саволлар билети комиссия раиси томонидан тасдиқланади.
37. Номзодлар суҳбат ўтказиладиган аудиторияга киритилган вақтда саволлар билетлари орасидан бирини танлаб олади.
38. Номзодларга саволлар билетидаги саволларга тайёрланиш учун 20 дақиқа вақт берилади.
39. Билетдаги саволларга белгиланган муддатдан олдин жавоб бериш учун тайёр бўлган ёки билетдаги саволларга тайёрланиш учун ажратилган вақт тугагач, номзод комиссия аъзоларига ўз билетидаги саволларни навбат билан ўқиб эшиттиради ва ушбу саволларга оғзаки жавоб беради.
40. Номзоднинг саволларга берган тўғри жавоблари комиссия томонидан берилган ҳар бир тўғри жавоб учун — «20» баллик тизимда баҳоланади.
41. Номзод томонидан саволга жавоб берилгандан сўнг, комиссиясининг ҳар бир аъзоси номзодга ўзининг баҳосини қўяди. Комиссия аъзолари томонидан қўйилган баҳолар муҳокама қилиниб, ўқувчига ўртача арифметик балл қўйилади.
42. Суҳбат натижалари суҳбат якунлангандан сўнг номзодларга эълон қилинади.
43. Ўртача арифметик балли «60» баллдан кам бўлган номзод суҳбатдан ўтмаган ҳисобланади.
44. Суҳбатдан муваффақиятли ўтган (ўртача арифметик балли «60» ва ундан юқори бўлган) номзодлар комиссия қарорига асосан танловдан ўтган ҳисобланади ва академик лицейнинг ўқитувчиси лавозимига тавсия этилади.
45. Танлов ўтказиш натижалари комиссия баёни билан расмийлаштирилади.
46. Танловга келмаган номзодлар учун қўшимча танлов ўтказилмайди.
47. Танлов натижасидан норози бўлган номзодлар академик лицей директорининг буйруғи билан тузиладиган апелляция комиссиясига апелляция бериш ҳуқуқига эга.
48. Апелляция комиссияси таркибига комиссия фаолиятида иштирок этмаган академик лицей ходимлари орасидан комиссия раиси ва камида тўрт нафар аъзо киритилади.
Номзод танлов натижасидан норози бўлган тақдирда, танлов натижаси эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат давомида апелляция бериши мумкин. Номзод томонидан берилган апелляция апелляция комиссияси томонидан 24 соат ичида кўриб чиқилиши лозим.
4-боб. Якуний қоида
49. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 31-сон, 787-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.05.2021 й., 10/21/2910-1/0488-сон, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 27.04.2024 й., 10/24/2910-2/0306-сон)