Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Уй-жойлар ва уй-жой бўлмаган биноларни бошқаларга бериш ва мерос қилиш тартибида мулкчилик ҳуқуқининг ўтиши масалаларини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 23 октябрь,
474-сон
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
I. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши муносабати билан норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 1994 йил 4 апрелдаги 180-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1994 й., 4-сон, 20-модда)нинг:
1-банди иккинчи хат боши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Хусусийлаштирилган квартиралар (квартираларнинг бир қисми), уйлар (уйларнинг бир қисми)ни бошқаларга бериш ва мерос қилиб қолдиришда мулкчилик ҳуқуқи ўтиши ҳақидаги шартномаларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ»;
2-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
1-илова матни қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Хусусийлаштирилган квартиралар (квартираларнинг бир қисми), уйлар (уйларнинг бир қисми)ни бошқаларга бериш ва мерос қилиб қолдиришда мулкчилик ҳуқуқининг ўтиши ҳақидаги шартномаларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида Низом
1. Хусусийлаштирилган уй-жойларга пулли, имтиёзли ёки бепул асосда мулк қилиб берилган квартиралар (квартираларнинг бир қисми), уйлар (уйларнинг бир қисми) киради.
2. Хусусийлаштирилган квартира (квартиранинг бир қисми), уй (уйнинг бир қисми) мулкдори жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан ҳимоя қилинадиган манфаатларини бузмаган ҳолда ушбу уй-жойга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига эгадир.
Хусусийлаштирилган уй-жойнинг мулкдори мазкур уй-жойни ўз хоҳишига кўра ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахсларга ёки кўчмас мулк билан операцияларни амалга оширишга вакил қилинган органга бериш ва васият қилиб қолдириш, шунингдек, уни кўчмас мулк савдоси бўйича кимошди савдосига қўйиш ҳуқуқига эгадир.
Квартирани (квартиранинг бир қисмини), уйни (уйнинг бир қисмини) жисмоний ёки юридик шахсларга беришда мулкдор бошқаларга бериш шартномасини тасдиқлатиш учун нотариал идорага, кимошди савдоси орқали сотишда эса – кўчмас мулк савдосини амалга оширишга вакил қилинган органга мурожаат қилади.
3. Бошқаларга берилаётган хусусийлаштирилган уй-жойнинг қиймати томонларнинг келишувига кўра, бироқ бошқаларга бериш пайтида уй-жойнинг техник хатлов кадастр бюроси хизмати томонидан баҳоланган қийматидан паст бўлмаган миқдорда белгиланади. Мерос тартибида ўтадиган уй-жойнинг қиймати меросхўрлик тайинланган кунда техник хатлов кадастр бюроси хизмати томонидан белгиланган баҳолаш маълумотлари ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.
4. Хусусийлаштирилган квартирани (квартиранинг бир қисмини), уйни (уйнинг бир қисмини) сотиб олиш, алмаштириш ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва бошқа давлатларнинг фуқаролари, шу жумладан, МДҲ қатнашчилари бўлган давлатларнинг фуқаролари, ва доимий яшовчи ҳамда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари томонидан белгиланган тартибда берилган яшаш учун рухсатномаси бўлган фуқаролар эга бўладилар.
5. Юридик ёки жисмоний шахслар томонидан мулкдордан сотиб олинган уй-жойдан фақат уй-жой сифатида фойдаланилиши мумкин.
6. Хусусийлаштирилган уй-жойни бошқаларга бериш хоҳишини билдирган мулкдор қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат;
хусусийлаштирилган уй-жойга мулкчилик ҳуқуқини берувчи давлат далолатномаси ёхуд жойлардаги давлат ҳокимияти органи, бирлашма, корхона, ташкилот маъмуриятининг қарори ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгашининг 1989 йил 21 июндаги 203-сон қарорига мувофиқ нотариал тартибда тасдиқланган уй-жойнинг олди-сотди шартномаси;
квартирага (квартиранинг бир қисмига), уйга (уйнинг бир қисмига) хатлов ҳужжатлар йиғма жилди;
оиланинг биргаликда яшовчи барча вояга етган аъзоларининг, шунингдек, квартиралар (квартираларнинг бир қисми)ни ёки уй (уйнинг бир қисми)ни хусусийлаштиришга розилик берган шахсларнинг нотариал тартибда тасдиқланган розилиги;
илова қилинаётган шаклдаги маълумотнома ёки уй дафтари;
бошқаларга бериш пайтида техник хатлов кадастр бюроси хизматлари томонидан бериладиган уй-жойнинг техник ҳолати ва қиймати тўғрисидаги белгиланган намунадаги хатлов маълумотномаси.
7. Ўзбекистон Республикасининг бошқа минтақаларида яшовчи фуқаролар Тошкент шаҳридаги хусусийлаштирилган квартираларни (квартираларнинг бир қисмини), уйларни (уйларнинг бир қисмини) сотиб олаётганларида паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат билан бирга махсус комиссиянинг Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтказишга рухсат бериш тўғрисидаги қарорини тақдим этадилар.
Бошқа давлатларнинг фуқаролари, шу жумладан, МДҲ қатнашчилари бўлган давлатлар фуқаролари, ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, квартираларни (квартираларнинг бир қисмини), уйларни (уйларнинг бир қисмини) сотиб олаётганларида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари томонидан белгиланган тартибда берилган яшаш учун рухсатномани тақдим этадилар, улар томонидан Тошкент шаҳридаги хусусийлаштирилган квартиралар (квартираларнинг бир қисми), уйлар (уйларнинг бир қисми) сотиб олинган тақдирда эса Махсус комиссиянинг Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтказишга рухсат бериш тўғрисидаги қарорини ҳам тақдим этадилар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасида уй-жой сотиб олинишини ҳамда доимий яшаш учун Тошкент шаҳрига келишни тартибга солиш тўғрисида» 1999 йил 27 февралдаги 92-сон қарорининг 4-бандида кўрсатиб ўтилган шахслар бундан мустасно.
8. Олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя қилиш шартномаларини нотариал тасдиқлашда ва хусусийлаштирилган уй-жойга меросхўрлик ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома беришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ставкалар бўйича давлат божи ундирилади.
9. Олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битишувлари амалга оширилгандан сўнг, шунингдек, мулкчилик ҳуқуқи меросхўрлик тартибида ўтгандан сўнг, бошқаларга бериш ёки мерос қилиб қолдириш вақтидан қатъи назар, квартира (квартиранинг бир қисми), уй (уйнинг бир қисми) хусусийлаштирилган уй-жой мақомини йўқотади.
10. Нотариал тартибда расмийлаштирилган, техник хатлов бюросида рўйхатдан ўтказилган олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш шартномаси, шунингдек, қонун билан белгиланган тартибда берилган меросхўрлик ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома илгари хусусийлаштирилган сотиб олинган уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ҳуқуқни белгиловчи ҳужжат бўлиб ҳисобланади.»
II. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сон (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1994 йил, 11-сон, 49-модда) қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларининг 4-бандидаги:
«б» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«б) квартираларни (квартираларнинг бир қисмини), шу жумладан, хусусийлаштирилган квартиралар (квартираларнинг бир қисми), уйлар, дала ҳовлилар, гаражлар, бошқа бинолар, иншоотлар ва иморатларнинг олди-сотди, айирбошлаш, рента олиш, умрбод таъминлаш шарти билан бошқаларга бериш ва ҳадя қилиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун:
— мулкдорнинг эри ёки хотинига, ота-оналарига, болаларига, набираларига, бувиларига, буваларига, туғишган ака-укалари ва опа-сингилларига — шартнома суммасининг 1 фоизи миқдорида, бироқ битишув тузилаётган пайтда тегишли равишда техник хатлов кадастр бюроси ёки кўчмас мулк давлат кадастри хизматлари томонидан белгиланган хатлов баҳосининг 1 фоизидан кам бўлмаган миқдорда;
— бошқа жисмоний ва юридик шахсларга — шартнома суммасининг 10 фоизи миқдорида, бироқ битишув тузилаётган пайтда тегишли равишда техник хатлов кадастр бюроси ёки кўчмас мулк давлат кадастри хизматлари томонидан белгиланган хатлов баҳосининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда;
— хусусийлаштирилган квартиралар (квартираларнинг бир қисми), уйлар (уйларнинг бир қисми) кимошди савдоси орқали сотилганда — сотилиш баҳосининг 15 фоизи миқдорида»;
«в» кичик банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
«л» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«л) мерос ҳуқуқи ҳақида гувоҳнома берилганлиги учун:
— биринчи навбатдаги меросхўрларга — мерос суммасининг 0,3 фоизи миқдорида;
— иккинчи навбатдаги меросхўрларга — мерос суммасининг 1 фоизи миқдорида;
— қолган меросхўрларга — мерос суммасининг 2 фоизи миқдорида.
Изоҳ: Уй-жойлар (уйларнинг бир қисми), квартиралар (квартираларнинг бир қисми), шу жумладан хусусийлаштирилган квартиралар (квартираларнинг бир қисми), дала ҳовлилар, гаражлар, бошқа бинолар, иншоотлар ва иморатларга мерос ҳуқуқи ҳақида гувоҳнома беришда мерос тартибида ўтаётган мерос қилинаётган мол-мулк суммаси меросхўрлик тайинланган кунда тегишли равишда техник хатлов кадастр бюроси ёки кўчмас мулк давлат кадастри хизматлари томонидан белгиланган баҳолаш маълумотлари ҳисобга олинган ҳолда белгиланади».
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1999 й., 10-сон, 61-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.06.2020 й., 09/20/384/0770-сон)