Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ УЧУН ОЛДИНДАН ҲАҚ ТЎЛАШ ТИЗИМИГА ЭГА БЎЛГАН ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ЭЛЕКТРОН ҲИСОБЛАГИЧЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Электр энергияси учун ҳисоб-китобларни яхшилаш, электрон электр ҳисоблагичларни республикада ишлаб чиқаришни ташкил этиш, электр энергияси учун олдиндан ҳақ тўлаш тизимини жорий этиш, шунингдек, республиканинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларга:
«Ўзэлтехсаноат» уюшмасининг Исроилнинг «MRK Family LTD», «NISCO» ва «Balshin» компаниялари билан электр энергияси учун олдиндан ҳақ тўлаш тизимига эга бўлган электрон электр ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш, монтаж қилиш ва хизмат кўрсатиш бўйича қўшма корхона ташкил этиш тўғрисидаги;
Ўзбекистон Республикаси Энергетика ва электрлаштириш вазирлиги ҳамда «Ўзэлтехсаноат» уюшмасининг Тошкент шаҳрида электр энергияси учун олдиндан ҳақ тўлаш тизимига эга бўлган 100 та электрон электр ҳисоблагичларни ўрнатиш ва фойдаланиш бўйича эксперимент ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Энергетика ва электрлаштириш вазирлиги электр энергияси учун олдиндан ҳақ тўлаш тизимига эга бўлган электрон электр ҳисоблагичлар ва уларга дастур тузувчи қурилмалар ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасининг техника-иқтисодий асосларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни ва валюта билан ўз харажатини ўзи таъминлашни назарда тутган ҳолда икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда экспертизага тақдим этсин.
3. Ташкил этилаётган Ўзбекистон — Исроил қўшма корхонаси дастлабки устав жамғармасининг миқдори 2 млн АҚШ долларини ташкил этиши ва қуйидаги тартибда тақсимланиши маълумот учун қабул қилинсин:
унинг 70 фоизини ёки 1,4 млн АҚШ долларини Исроил «MRK Family LTD», «NISCO» ва «Balshin» компанияларининг пул маблағлари, электрон электр ҳисоблагичлар, дастур тузувчи қурилмалар, назорат-синаш ускунаси ва 100 та электрон электр ҳисоблагичлар тарзидаги бадали ташкил этади;
унинг 30 фоизини ёки 0,6 млн АҚШ долларини «Ўзэлтехсаноат» уюшмасининг асосий ва айланма маблағлар тарзидаги бадали ташкил этади.
4. Ўзбекистон Республикаси Энергетика ва электрлаштириш вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси билан биргаликда Тошкент шаҳрида йилнинг ёз ва қиш даври шароитларида электрон электр ҳисоблагичлар ва электр энергияси учун олдиндан ҳақ тўлаш тизимидан фойдаланиш бўйича эксперимент ўтказилишини таъминласин.
5. «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги билан келишган ҳолда техника-иқтисодий асослар лойиҳаси тасдиқлангандан сўнг уч ой муддатда 2001—2005 йилларда республика корхоналарида бутловчи қисмларнинг камида 60 фоизини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг мукаммал дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 12 мартдаги 71-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 11-сон, 143-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. «Ўзстандарт» агентлиги «MRK Family LTD» «NISCO» ва «Balshin» компаниялари томонидан келтириладиган асбоб-ускуналар ва бутловчи қисмлар белгиланган тартибда сертификацияланишни таъминласин.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 январдаги 14-сон қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2003 й., 1-2-сон, 9-модда)
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари В.Й. Атаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 29 июнь,
248-сон