Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ЯПОНИЯ ТАШҚИ САВДО ТАШКИЛОТИ (ДЖЕТРО) ВАКОЛАТХОНАСИ ОЧИШ ТЎҒРИСИДА
Япония билан савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг институционал асосларини кенгайтириш, Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш ҳамда ватанимиз маҳсулотларининг халқаро бозорларга кириб бориши учун жаҳон илғор тажрибасини қўллаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Япония Ҳукуматининг Ўзбекистон Республикасида Япония ташқи савдо ташкилоти (ДЖЕТРО) нинг минтақавий ваколатхонасини очиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Маълумотлар учун қабул қилинсинки, қуйидагилар Ўзбекистон Республикасидаги ДЖЕТРО ваколатхонасининг асосий вазифалари ҳисобланади:
Япония компанияларининг тўғридан-тўғри инвестицияларини республика иқтисодиётига жалб қилиш, иккала мамлакат саноат корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни ва илғор технологияларни айирбошлашни кенгайтириш;
экспорт салоҳиятини ривожлантириш, ватанимизда ишлаб чиқарилган товарларнинг рақобатбардошлилигини ошириш ҳамда уларнинг Япония ва халқаро сотиш бозорларига кириб боришига кўмаклашиш бўйича дастурларни амалга ошириш;
саноат ишлаб чиқариши, кичик ва ўрта тадбиркорликнинг экспортга йўналтирилган маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичларини яхшилашга, стандартлаштириш ва сертификациялашга кўмаклашиш;
республика мутахассислари малакасини ошириш тадбирларини, шу жумладан, уларнинг Японияда ўтказиладиган ДЖЕТРО ўқув дастурларида қатнашишини ташкил этиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ДЖЕТРО ваколатхонасини Тошкент шаҳрида Амур Темур кўчасидаги Халқаро савдо-кўргазма комплекснинг Бизнес-маркази биносига имтиёзли шартларда жойлаштирсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
ДЖЕТРО ваколатхонасига халқаро ҳукуматлараро ташкилот ваколатхонаси мақомини берган ҳолда уни аккредитациядан ўтказишни;
Ўзбекистон Республикасида ДЖЕТРО лойиҳаларини амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга, улардан консуллик йиғимлари ундирмасдан, кириш визалари расмийлаштиришни таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасида ДЖЕТРО лойиҳаларини амалга оширишда қатнашувчи Япония мутахассисларига, давлат божи тўланмаган ҳолда, кўп мартали визалар берилишини ва уларнинг муддатлари узайтирилишини, уларнинг яшаш жойлари бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинчалик рўйхатдан ўтганлик муддати узайтирилишини таъминласин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 24 июнь,
241-сон