Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Туризм соҳасини ривожлантиришда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 январдаги ПФ-52-сонли «Туризм, маданият, маданий мерос ва спорт соҳаларини янада ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратиш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ҳудудларнинг сайёҳлик салоҳиятини дунёга кенг тарғиб қилиш, мамлакатимизга ташриф буюриши кутилаётган сайёҳларга қулай шароитлар яратиш, соҳадаги мавжуд муаммоларни тизимли асосда бартараф этиш, ушбу вазифаларни амалга оширишда жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулиятини ошириш ҳамда туризм соҳасини янада ривожлантириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Хоразм, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳамда Молия вазирлигининг Хоразм, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилояти ҳокимларининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари лавозимларини жорий этиш ва уларнинг котибиятларини ташкил қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Қуйидагилар вилоятлар ҳокимларининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ҳудудда туризм соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, соҳа бўйича қабул қилинган концепция ва дастурларнинг ижросини таъминлашга қаратилган тадбирларни белгилаш;
чет эл мамлакатлари билан туризм соҳасида, айниқса, туристлар оқимини кўпайтириш ҳамда уларни жалб қилиш бўйича ҳамкорлик ва келишувларни ваколатли органлар билан биргаликда амалга ошириш;
соҳани чуқур таҳлил қилиш асосида туристик хизматларга бўлган талабни ўрганиш, бу борадаги мавжуд муаммолар ва тўсиқларни аниқлаш, соҳани ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришнинг мақсадга мувофиқ моделларини ишлаб чиқиш ва келгуси режаларни белгилаш;
туризм соҳасининг иқтисодий, экологик, ижтимоий, маданий ва бошқа йўналишлардаги инфратузилмасини такомиллаштириш ва туризм йўналишидаги диққатга сазовор жойлар, уларни яхшилаш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш ҳамда амалга ошириш;
қўшимча туризм маршрутларини ишлаб чиқиш, чет эл ёшларини кенг жалб этиш мақсадида кўнгилочар комплекслар барпо этиш, маданий мерос объектларида халқимизнинг тарихи, турмуш тарзи, урф-одатлари, анъаналарини ўзида акс эттирган экспозицияларни ташкил этиш;
туризм соҳасида туризмни ривожлантиришнинг ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни мувофиқлаштириш;
туризмни ривожлантириш масалалари бўйича масъул вазирлик, идора ва қўмиталарнинг ҳудудий бошқармалари иш фаолиятини мувофиқлаштириш;
туризм соҳасига замонавий ахборот-коммуникация воситаларини жалб этиш, хорижий туроператорлар ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш орқали республиканинг мавжуд сайёҳлик салоҳиятини кенг ёритиш чораларини кўриш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Хоразм, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилояти ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда жорий этилаётган вилоят ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарининг функционал вазифалари ва уларнинг котибияти тўғрисидаги низомларни бир ой муддатда ишлаб чиқиб, тасдиқласинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси У.С. Исмаилов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов жорий этилаётган лавозимларни пухта махсус билимларга, юқори касбий маҳоратга эга бўлган, чет тилларини яхши биладиган, тажрибали ва малакали кадрлар билан тўлдириш юзасидан бир ой муддатда таклиф киритсинлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 ноябрдаги ПҚ-3374-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.11.2017 й., 07/17/3374/0208-сон)
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси У.С. Исмаилов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 12 июль,
ПҚ-3129-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 ноябрдаги ПҚ-3374-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.11.2017 й., 07/17/3374/0208-сон)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 28-сон, 646-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.11.2017 й., 07/17/3374/0208-сон; 10.02.2021 й., 09/21/6165/0104-сон)