Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Б. Зокировга «Ўзбекистон Республикасида автомобиль йўлларининг — шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларининг ҳолати ҳамда уларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш истиқболлари тўғрисида»ги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўрови ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 2016 йил 12 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида автомобиль йўлларининг — шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларининг ҳолати ҳамда уларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш истиқболлари тўғрисида»ги парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Б. Зокировнинг ёзма жавобини кўриб чиқиб таъкидлайдики, сўнгги йилларда мамлакатимизда йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ автомобиль йўлларини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, транспорт тармоғини ривожлантириш ва такомиллаштириш юзасидан ишлар олиб борилмоқда, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш соҳасидаги нормалар ва стандартларга риоя этилишини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Жорий йилнинг 8 сентябрь куни бўлиб ўтган парламент палаталарининг қўшма мажлисида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, шунингдек уларнинг улкан ижтимоий-иқтисодий аҳамиятини инобатга олган ҳолда мамлакатимиз раҳбарияти ва Ҳукумати томонидан автомобиль йўлларининг — шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларининг ҳолатини яхшилаш бўйича муҳим чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Масалан, келгуси йилларда маҳаллий аҳамиятга эга бўлган автомобиль йўллари ҳолатига алоҳида эътибор қаратиш режалаштирилмоқда. Хусусан, 2017 йилда 2016 йилга нисбатан таққосланганда уларни ўртача 2,7 баравардан кўпроқ узунликда реконструкция қилиш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, мазкур масала аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга қаратилган 15 та ўртача муддатли мақсадли дастурлардан бирига киритилган.
«Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. «Ўзбекистон Республикасида автомобиль йўлларининг — шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларининг ҳолати ҳамда уларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш истиқболлари тўғрисида»ги парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Б. Зокировнинг ёзма жавоби маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси:
Қўмитанинг келгуси йил учун режасини шакллантиришда автомобиль йўллари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шу жумладан «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари ижросининг ўрганилишини назарда тутсин;
ўтказилган назорат-таҳлил тадбирлари якунлари бўйича мазкур соҳани тартибга солувчи қонунларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритсин.
3. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2016 йил 8 ноябрь,
623-III-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 й., 11-сон, 356-модда)