Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги учрашувлари якунлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Ҳ. Кетмоновнинг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги учрашувлари якунлари тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши шуни таъкидлайдики, 2016 йил 25 июндан 5 июлга қадар сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувлар чоғида Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан салмоқли ишлар амалга оширилди. Шуни таъкидлаш керакки, Қонунчилик палатаси депутатлари тизимли ва самарали ишларни ташкил этиш, сайловчилар манфаатларига дахлдор муҳим ҳаётий масалаларни ҳал қилиш учун ўзларига берилган вақтдан самарали фойдаландилар.
Ўтказилган учрашувларнинг мақсади аҳолини мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги йилларида ҳаёт фаолиятининг барча соҳаларида, чунончи давлат суверенитетини янада мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, режали иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига изчил равишда ўтиш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш борасида эришилган ютуқлар ҳақида, Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти тўғрисида кенг хабардор этишдан, жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда қонун ҳужжатларини янада ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.
Депутатлар корпуси томонидан жойларда 2021 та учрашув ташкил этилиб, бу учрашувларда 125 мингдан зиёд киши иштирок этди. Ўтказилган учрашувлар сони 2016 йил март ойида ташкил этилган учрашувлар билан қиёслаганда 197 тага ёки 9,7 фоиз кўпайди, аҳолини қамраб олиш даражаси эса — 41,5 минг кишига ёки 24,9 фоиз камайди, бу эса аҳолининг қишлоқ хўжалиги ишларида бандлиги билан боғлиқдир.
Сайлов округларида ташкил этилган тадбирларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, сиёсий партиялар маҳаллий органларининг вакиллари иштирок этдилар.
Бўлиб ўтган учрашувлар чоғида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти 9 май — Хотира ва қадрлаш кунида оммавий ахборот воситалари вакилларига берган интервьюсининг ҳамда Ўзбекистон Президенти ва XXP Раиси 2016 йил 22 июнь куни парламент Сенати аъзолари ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари олдида сўзлаган нутқларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтиришга алоҳида эътибор қаратдилар.
Шунингдек депутатлар билан учрашувлар чоғида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 25 йиллигини байрам қилишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарорининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган қатор тадбирлар ташкил этилди. Шу йўналишда «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» шиори остида 363 та тадбир ўтказилиб, уларда 26,4 мингдан зиёд киши иштирок этди.
Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг таклифларига кўра депутатларнинг сайлов округларида ўтказган бир куни мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаоллигини ошириш масалаларига бағишланди. Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ташкил этилган учрашувлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг, жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг фаолияти, шунингдек мазкур фонд томонидан ўтказилаётган грант танловларида иштирок этиш тўғрисидаги ахборот сайловчилар эътиборига етказилди.
Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан жойларда амалга оширилган ишлар марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида, шунингдек чет эл интернет-сайтларида кенг ёритилди. Қонунчилик палатаси депутатларининг сайловчилар билан учрашувлари ОАВнинг 1261 та материалида, шу жумладан 198 та материал — марказий нашрларда, 907 та материал маҳаллий нашрларда ва 156 та материал — чет эл интернет-сайтларида ёритилди.
Учрашувлар вақтида сайловчилар мамлакатимизда ўтказилаётган ислоҳотлар, шак-шубҳасиз, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини изчил оширишга қаратилганлигини таъкидладилар, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ўзгаришларга, шунингдек мустақиллик йилларида давлат ҳаётининг барча соҳаларида Ўзбекистон эришган ютуқларга юқори баҳо берилди.
Сайловчилар дунёнинг турли минтақаларида кескинлик ошиб, халқаро терроризм ва экстремизм хуружлари кучайиб бораётган бир шароитда мамлакатимизда тинчлик ва барқарорлик сақланиб турганлигини асосий ютуқлар сифатида таъкидламоқдалар. Ижтимоий-иқітисодий соҳада эришилаётган ютуқлар, шунингдек мамлакатимиз раҳбарияти томонидан олиб борилаётган ташқи сиёсат кенг қўллаб-қувватланмоқда. Сайлов округларидаги учрашувлар чоғида ўзининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги учинчи раислиги доирасида Ўзбекистон томонидан амалга оширилган ишларга ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг жорий йил 23-24 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган юбилей мажлиси якунларига кенг жамоатчилик томонидан юқори баҳо берилди. Сайловчилар мамлакатимизнинг ШҲТ фаолиятини такомиллаштиришга қўшган ҳиссасини ва жаҳонда обрў-эътибори ошганлигини эътироф этдилар.
Сайловчилар билан учрашувлар чоғида депутатлар мамлакатимизнинг социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётига тааллуқли 6134 тадан ортиқ мурожаатни кўриб чиқдилар. 2016 йил март ойидаги кўрсаткич билан таққослаганда мурожаатлар сони 10,3 фоизга кўпайган.
Шу билан бирга, округлардаги учрашувлар чоғида сайловчиларни ташвишлантираётган бир қатор муаммолар кўтарилди. Чунончи, айрим сайловчилар ишга жойлашиш, шу жумладан касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини ишга жойлаштириш, пенсиялар ва нафақаларни ўз вақтида тўлаш, банк-пластик карталаридан фойдаланиш, шунингдек коммунал соҳа билан боғлиқ муаммолар мавжудлигига алоқадор масалаларни кўтардилар.
Шунингдек депутатлар томонидан электорат билан олиб борилган ишлар дори-дармонларнинг нархини ошириш, дори препаратларини қалбакилаштириш ҳамда таълим тизими айрим раҳбарларининг порахўрлиги ҳоллари мавжудлигидан далолат беради.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Кенгаши шуни таъкидлайдики, мазкур масалаларни ҳал этиш сиёсий партиялар фракциялари, Қонунчилик палатаси қўмиталари ва депутатларнинг умуман ҳукумат билан ва, хусусан, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан бундан буён ҳам ҳамкорликда иш олиб боришини талаб этади.
Қонунчилик палатаси депутатларининг сайловчилар билан учрашувлари якунлари шуни кўрсатдики, депутатлар корпусининг округлардаги фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар кўриш зарур.
Депутатларнинг жойлардаги иши чоғида ҳокимликлар ва сиёсий партиялар минтақавий бўлинмалари томонидан сайлов округларидаги бу муҳим фаолиятга етарли даражада эътибор қаратилмаганлиги ҳоллари кузатилди. Масалан, шу сабабли Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Самарқанд, Тошкент, Хоразм вилоятлари, шунингдек Тошкент шаҳрида Қонунчилик палатаси айрим депутатларининг электорат билан учрашувлари лозим даражада ўтказилмади, иштирокчиларнинг сон ва сифат кўрсаткичлари паст бўлди.
Айни вақтда депутатлар томонидан учрашувлар ва тадбирлар жадвалларини сайлов округига борилганидан сўнг тузиш ҳоллари учради, бу эса учрашувларнинг сайловчилар кам қамраб олинган ҳолда сифатсиз ташкил этилишига олиб келди.
Айрим депутатлар сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга етарли даражада тайёргарлик кўрмадилар, депутатлар корпусини зарур ахборот материаллари билан таъминлаш юзасидан кўрилган чора-тадбирларга қарамай, электорат томонидан кўтарилган масалаларга жавоб беришда уларнинг малакасизлиги кузатилди.
Сайловчилар билан учрашувларни ўтказиш вақтидан оқилона фойдаланмаслик ҳолларига, шунингдек депутатларнинг округларда иш олиб бориш муддатларини қонун ҳужжатлари доирасида ажратилган муддатлардан ўзбошимчалик билан қисқартириш каби айрим ҳолларга йўл қўйилди. Масалан, Қонунчилик палатасининг айрим депутатлари сайловчилар билан учрашувлар учун белгилаб қўйилган 10 кун ўрнига фақат 3-4 кун ажратдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Ҳ. Кетмоновнинг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги учрашувлари якунлари тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин (ахборот илова қилинмоқда).
2. Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига қуйидагилар тавсия этилсин:
Ўз мажлисларида депутатларнинг сайлов округларида олиб борган иши якунларини кўриб чиқиш ва унга тегишли баҳо бериш;
сайловчилар билан учрашувларни ташкил этиш ва ўтказишда юзаки ёндашувга йўл қўйган айрим депутатларнинг хатти-ҳаракатини танқидий жиҳатдан кўриб чиқиш;
Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги ишини янада такомиллаштириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар кўриш;
Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги учрашувларини ўтказишга сифатли тайёргарлик кўриш учун сиёсий партиялар минтақавий бўлинмаларининг масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;
сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувлар чоғида кўтарилган масалалар асосида парламент сўровлари ва парламент эшитувларини ишлаб чиқиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталарига ўз ишларини режалаштиришда банк тизими фаолиятини тартибга солувчи қонунларнинг пластик карталардан самарали фойдаланишга доир қисми ижро этилишини, коммунал хизмат кўрсатиш (аҳолини ичимлик сув, тиббий газ, ички автомобиль йўллари билан таъминлаш) соҳасини назорат қилиш, дори воситаларига нархлар белгиланиши, шунингдек таълим соҳасидаги (педагоглар таркибини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг жавобгарлиги) қонун ҳужжатларининг ижроси масалаларига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг фракцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. Зокировга «Ўзбекистон Республикасида шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг кўчаларини (ички автомобиль йўлларини) қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда сақлаш ҳолати ва истиқболлари» мавзуида парламент сўрови юбориш масаласи ишлаб чиқилаётгани, Қонунчилик палатасининг айрим депутатлари томонидан банк тузилмалари раҳбарлари номига пластик карталардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга тааллуқли, шунингдек тегишли органлар раҳбарларига дори препаратларининг мақбул нархларда бўлишини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чораларга доир депутат сўровлари тайёрланаётгани маълумот учун қабул қилинсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига:
депутатларнинг сайлов округларида олиб борадиган ишига кўмаклашиш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар кўриш;
ушбу Қарорни кўриб чиқишга бағишланган мажлис ўтказиб, унинг якунлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгашини хабардор қилиш тавсия этилсин.
6. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Ҳ. Кетмонов зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу қарор қабул қилинган кунда эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2016 йил 11 август,
525-III-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 й., 8-сон, 256-модда)