Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири Б. Аҳмедовнинг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси ҳақида»ги ахбороти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири Б. Аҳмедовнинг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси ҳақида»ги ахборотини эшитиб, шуни таъкидлайдики, Ўзбекистонда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб олинган ва амалга оширилмоқда, бунда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасини такомиллаштиришга, уларни қайта тиклаш ва реставрация қилишга, маданий мерос объектларини имкон қадар илк кўринишида сақлаб қолишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ «Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги, «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Архив иши тўғрисида»ги, «Музейлар тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинган бўлиб, улар маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишнинг ишончли ҳуқуқий асослари бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция (Париж, 1972 йил 16 ноябрь), Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро конвенция (Париж, 2003 йил 17 октябрь), Маданий бойликларнинг ноқонуний олиб кирилиши, олиб чиқилиши ҳамда уларга бўлган мулк ҳуқуқини бошқага ўтказишни тақиқлаш ва унинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисидаги конвенция (Париж, 1970 йил 14 ноябрь) ратификация қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббусига биноан ЮНЕСКО шафелигида Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларининг 2700 йиллиги, Хива, Бухоро ва Термиз шаҳарларининг 2500 йиллиги, Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги, Марғилон шаҳрининг 2000 йиллиги халқаро миқёсда нишонланди, бу эса ўзбек халқининг тарихий-маданий мероси умумжаҳон аҳамиятига молик эканлигининг эътирофи бўлди.
Мамлакатимиз ҳудудида 7345 та моддий-маданий мерос объектлари жойлашган бўлиб, шундан 4124 таси — археология объектлари, 2277 таси — архитектура объектлари, 657 таси — монументал санъат асарлари, 287 таси — диққатга сазовор жойлар ҳамда 53 таси — номоддий маданий мерос объектлари ҳисобланади. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари муҳофаза этиладиган тарихий ёдгорликлар сифатида, Наврўз халқ байрами, Бойсун баҳори, миллий мусиқа санъати — Катта ашула, Шашмақом, миллий ҳажв санъати — Аския эса номоддий маданий мерос объектлари сифатида ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган. Бундан ташқари, музейларда 2,5 миллиондан зиёд музей буюмлари ва коллекциялари мавжуд, архивларда маданий мерос объектлари бўлган миллионлаб ҳужжатлар сақланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 октябрдаги қарори билан тасдиқланган Номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, сақлаш, уларни тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича 2010 — 2020 йилларга мўлжалланган давлат дастурини амалга оширишда масъул ташкилот сифатида иштирок этмоқда.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиши устидан давлат назорати амалга оширилмоқда. Давлат бошқаруви органларининг маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, маданий мерос объектларини аниқлаш, ҳисобга олиш, муҳофаза қилиш, оммалаштириш ва улардан фойдаланиш, шунингдек уларни тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш масалаларига доир фаолиятини мувофиқлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш ҳамда ушбу масала юзасидан ўтказилган назорат-таҳлил тадбирларининг натижалари шуни кўрсатадики, маданий мерос объектларини инвентаризациядан ўтказиш, паспортларини тайёрлаш, уларнинг чегараларини белгилаш, уларни муҳофаза қилиш, реставрация қилиш, ўрганиш ва тарқиб қилиш масалаларида камчиликлар ҳамда муаммолар мавжуд.
Чунончи, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибига, мазкур Қонунда белгиланган муҳофаза этиладиган теграларнинг чегараларини, қурилиш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиш теграларини ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ландшафт теграларини белгилаш тартибига ва уларни сақлаш режимларига, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларни ташкил этиш ва уларни сақлаш режимларига тааллуқли муҳим қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилмаган.
Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини юритиш тўлиқ даражада амалга оширилмаяпти ва бундай объектларни муҳофаза қилиш теграларининг лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек моддий-маданий мерос объектларининг муҳофаза белгиларини ўрнатиш таъминланмаяпти. Чунончи, мавжуд 7345 та моддий маданий мерос объектларидан атиги 1255 тасига (17 фоизига) нисбатан давлат кадастри шакллантирилган.
Маданий мерос объектларини аниқлаш ва ҳисобга олиш ишларини яхшилаш талаб этилади, музейлар, архивлар, кутубхоналарда ва бошқа жойларда сақланаётган, маданий мерос объекти белгиларига эга бўлган экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатларининг тўлиқ тоифалаштирилган рўйхатини тузиш зарур бўлади.
«Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг бир қатор қоидалари ва нормаларини, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларининг маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга доир қисмини янада такомиллаштириш зарурати мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири Б. Аҳмедовнинг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси ҳақида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги:
маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, уларни сақлаш ва улардан фойдаланиш устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибига, муҳофаза этиладиган теграларнинг чегараларини, қурилиш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиш теграларини ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ландшафт теграларини белгилаш тартибига ва уларни сақлаш режимларига, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларни ташкил этиш тартибига ва уларни сақлаш режимларига тааллуқли қонун ости ҳужжатларини белгиланган тартибда ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш юзасидан зудлик билан чора-тадбирлар кўрсин;
Тарихий-маданий бойлик ҳисобланган объектларни давлат ҳисобига олиш ҳамда уларни Моддий-маданий мерос объектларининг давлат кадастрига ва Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатига киритишни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўрсин;
«Ўзархив» агентлиги билан биргаликда архивларда сақланаётган маданий мерос объектларини инвентаризациядан ўтказсин, шунингдек архивларда сақланаётган маданий мерос объектларини ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини белгиловчи қонун ости ҳужжатларини ишлаб чиқсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, сақлаш, уларни тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича 2010 — 2020 йилларга мўлжалланган давлат дастурининг сўзсиз бажарилишига, шунингдек маданий мерос объектларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирларни амалга ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирларни кўриш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси қонун ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказишни давом эттирсин ҳамда манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларининг маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланишга доир қисмини такомиллаштириш бўйича белгиланган тартибда таклифлар тайёрласин ва киритсин.
5. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2016 йил 5 август,
513-III-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 й., 8-сон, 205-модда)