Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А. Икрамовнинг «Соғлом она ва бола йили» давлат дастурининг тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлашга, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари ишининг самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлари бажарилишининг бориши тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
«Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4 ва 10-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон «Адолат» Социал-демократик партияси фракциясининг ташаббусига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А. Икрамовнинг «Соғлом она ва бола йили» давлат дастурининг тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлашга, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари ишининг самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлари бажарилишининг бориши тўғрисида»ги ахборотини эшитди.
Қонунчилик палатаси шуни таъкидлайдики, Ўзбекистонда аҳоли учун зарур ижтимоий, маиший ва тиббий шарт-шароитлар яратиш, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, соғлом ва баркамол авлоднинг дунёга келиши ва тарбияланиши учун қулай шарт-шароит яратиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Давлат тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлашга, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари ишининг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Олиб борилган ишлар шундан далолат берадики, «Соғлом она — соғлом бола» концепциясининг босқичма-босқич амалга оширилиши натижасида кейинги беш йил ичида мамлакатимизда оналар ўлими ҳар 100 минг нафар янги туғилган чақалоқ ҳисобига 23,1 нафардан 19 нафарга, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими 14,8 нафардан 13,9 нафарга, чақалоқлар ўлими 11 нафардан 10,7 нафарга камайди. Мазкур кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Минг йиллик ривожланиш мақсадларига тўла эришди.
Фақат 2016 йилнинг биринчи чорагида Давлат дастури доирасида 1,3 трлн сўмга яқин миқдордаги маблағ сарфланиб, бу маблағлар оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлашга, оналар ҳамда болаларни тиббий парваришлаш даражаси ва сифатини оширишга йўналтирилди.
Юқорида кўрсатиб ўтилган вазифаларни бажариш учун «Соғлом она ва бола йили» давлат дастурига киритилган тадбирларнинг ташкил этилиши ва ўз вақтида бажарилиши устидан назорат амалга оширилмоқда.
«Соғлом она ва бола йили» давлат дастурида оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга, хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг соғлом бола тарбиялашдаги, оила институтини мустаҳкамлашдаги ролини оширишга тааллуқли қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича қатор тадбирлар белгиланди.
Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси шуни таъкидлайдики, жойларда «Соғлом она ва бола йили» давлат дастурининг айрим тадбирларини бажариш белгиланган муддатлардан орқада қолмоқда, чунончи, тиббиёт муассасаларини, шу жумладан оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларини реконструкция қилиш, буткул ва жорий таъмирлаш, жиҳозлар билан таъминлаш ва тўла жиҳозлаш, уларнинг моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш масалаларида тегишли давлат бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш етарлича эмаслиги билан боғлиқ муаммолар бор. Тиббиёт муассасаларининг замонавий тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиши борасида, шунингдек тиббий ёрдамдан фойдаланиш ва унинг сифатини ошириш масалаларида фойдаланилмаган резервлар мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А. Икрамовнинг «Соғлом она ва бола йили» давлат дастурининг тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлашга, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари ишининг самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлари бажарилишининг бориши тўғрисида»ги ахборотини эшитиб ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 21-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А. Икрамовнинг «Соғлом она ва бола йили» давлат дастурининг тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлашга, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари ишининг самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлари бажарилишининг бориши тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
«Соғлом она ва бола йили» давлат дастурида назарда тутилган вазифаларнинг тўлиқ ҳажмда бажарилишини таъминлаш;
«Соғлом она ва бола йили» давлат дастурининг тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлашга, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари ишининг самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлари бажарилишининг боришини тизимли асосда мониторинг қилиш;
тиббий ёрдам сифатини, ундан фойдаланиш имкониятини ошириш ҳамда тиббиёт муассасаларининг, шу жумладан оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш;
«Соғлом она ва бола йили» давлат дастурида оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга, хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг соғлом болани тарбиялашдаги, оила институтини мустаҳкамлашдаги ролини оширишга тааллуқли қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш тавсия этилсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
«Соғлом она ва бола йили» давлат дастурида белгиланган тадбирларни бажариш назарда тутилган муддатларидан орқада қолишини бартараф этиш ва орқада қолишга йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўрсин;
тиббиёт муассасаларини, шу жумладан оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларини реконструкция қилиш, буткул ва жорий таъмирлаш, жиҳозлар билан таъминлаш ва тўла жиҳозлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масалаларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг соғлом бола ва баркамол авлодни тарбиялашдаги ролини ошириш соҳасидаги қонун ҳужжатларини инвентаризация қилиш бўйича ишларни давом эттирсин ҳамда унинг натижаларига кўра қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан тегишли таклифлар тайёрласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлар бирлашмалари ва депутатлари «Соғлом она ва бола йили» давлат дастури амалга оширилишининг бориши тўғрисида аҳоли ўртасида ахборот-тушунтириш ишларини кучайтирсин.
6. Ушбу қарор эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2016 йил 28 июль,
505-III-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 й., 7-сон, 189-модда)