Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
СУВ РЕСУРСЛАРИНИ ТЎПЛАШ, ЭКИН МАЙДОНЛАРИНИ СУҒОРИШ УЧУН НАСОС СТАНЦИЯЛАРИНИ ЭЛЕКТР БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ВА ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИНАДИГАН ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ УЧУН ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ ТАРТИБИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги насос станцияларини электр билан узлуксиз таъминлаш, экин майдонларини суғориш учун фойдаланиладиган сув ресурсларини олиш ва тўплаш ҳамда фойдаланилган электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Сув ресурсларини тўплаш, экин майдонларини суғориш учун насос станцияларини электр билан таъминлаш ҳамда истеъмол қилинадиган электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш тартиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Б.М. Олимжонов ва В.Й. Отаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 31 август,
408-сон
Сув ресурсларини тўплаш, экин майдонларини суғориш учун насос станцияларини электр билан таъминлаш ва истеъмол қилинадиган электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш
ТАРТИБИ
Мазкур Тартиб Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг насос станцияларини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, экин майдонларини суғориш учун ишлатиладиган сув ресурсларини олиш ва тўплаш ҳамда фойдаланилган электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги белгиланган муддатларда Энергетика ва электрлаштириш вазирлигига кейинги 3 йилда ҳақиқатда истеъмол қилинган электр энергиясининг ўртача йиллик миқдоридан ва қўшимча равишда фойдаланишга топширилаётган насос станциялари эҳтиёжидан келиб чиқиб чораклар бўйича ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, қишлоқ ва сув хўжалиги вилоят бошқармалари, Аму — Бухоро машина канали, Қарши магистраль канали бошқармалари ва «Мирзачўл» бирлашмаси бўйича кейинги йилга электр энергияси беришга йиғма буюртманома беради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Молия вазирлиги Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги томонидан ажратилган электр энергияси истеъмоли лимитларига мувофиқ электр энергияси учун ҳақ тўлаш учун кейинги йилга республика бюджетида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига маблағ ажратишни назарда тутади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги навбатдаги йил чораги бошланишидан 15 кун олдин Энергетика ва электрлаштириш вазирлигига мазкур Тартибнинг 1-бандида кўрсатилган бўлинмалар бўйича электр энергияси истеъмоли йил чораги лимитини ойлар бўйича тақдим этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги кейинги ой бошланишидан 10 кун олдин Энергетика ва электрлаштириш вазирлигига Аму — Бухоро, Аму — Занг, Жиззах магистраль каналлари насос станциялари ва Шеробод насос станцияси ишининг ойлик жадвалини тақдим этади, қолган насос станцияларининг навбатдаги ойдаги иш режимлари эса қишлоқ ва сув хўжалиги вилоят бошқармалари билан электр тармоқларининг тегишли корхоналари ўртасида электр энергиясини истеъмол қилишнинг белгиланган ойлик лимитлари доирасида келишилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги зарур ҳолларда Энергетика ва электрлаштириш вазирлиги билан биргаликда истеъмол қилиш лимитига йил чораклари доирасида ҳар ойда (шу жумладан, бўлинмалар бўйича) шу ойнинг 20-кунигача тузатиш киритади. Бунда чорак мобайнида кўпи билан икки марта тузатиш киритилиши мумкин. Жорий ой учун фойдаланилмаган электр энергияси лимити кейинги ойга ўтказилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Энергетика ва электрлаштириш вазирлиги билан биргаликда ҳар ойнинг 5-кунидан кечиктирмай Молия вазирлигига ойнинг 1- кунидаги ҳолатга кўра насос станциялари томонидан электр энергиясидан фойдаланилиши тўғрисидаги қиёслаш далолатномасини тақдим этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Молия вазирлиги тақдим этилган қиёслаш далолатномалари асосида ойнинг 10-кунидан кечиктирмай бюджетда назарда тутилган ажратмалар доирасида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига маблағлар ўтказади.
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги икки кун муддатда харажатлар сметасида назарда тутилган доирадаги маблағларни амалда фойдаланилган электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш учун Энергетика ва электрлаштириш вазирлиги корхоналари билан шартномалар тузган ўзига бўйсунувчи бюджет ташкилотларга етказади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан келишмасдан Қарши, Аму — Бухоро, Аму — Занг, Жиззах ва Шеробод магистраль каналларининг насос станциялари, мелиорация насос станцияларининг Энергетика ва электрлаштириш вазирлиги томонидан энергиядан ўчириб қўйилишига йўл қўйилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Зарур бўлганда (табиий офатлар, қишлоқ хўжалиги экинларини қайта экиш) Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги электр энергиясига қўшимча лимитлар ва уларга ҳақ тўлашга маблағлар ажратиш учун асосланган ҳисоб-китобларни Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигига ва Молия вазирлигига тақдим этади. Мазкур масала бўйича қарор 10 кун мобайнида қабул қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1999 й., 8-сон, 49-модда; Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2001 й., 21-сон, 149-модда; 2003 й., 17-18-сон, 156-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.12.2018 й., 09/18/995/2287-сон)