Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«ЎЗБЕКЧАРМПОЙАБЗАЛИ» УЮШМАСИ КОРХОНАЛАРИНИНГ БАРҚАРОР ФАОЛИЯТИНИ ТАЪМИНЛАШГА ДОИР ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Чарм-пойабзал тармоғини янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва тармоқ корхоналарининг барқарор фаолиятини таъминлаш, чарм хом ашёсини янада пухта қайта ишлаш ҳамда рақобатбардошли тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси:
маҳаллий хом ашёдан фурнитура, ёрдамчи ва бутловчи материаллар ҳамда бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг тармоқ дастурини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Наманган ва Фарғона вилоятлари, Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2002 йилдан бошлаб иловага* мувофиқ ижтимоий соҳа объектларини топшириш - қабул қилиб олиш далолатномалари асосида ҳокимликлар балансига бериш бўйича бир ой муддатда келишилган қарор қабул қилсин.
* Илова берилмайди.
2. «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси корхоналарининг ишламаётган ишлаб чиқаришлари 2001 йил 1 майдан бошлаб уч йил муддатга мулк солиғи тўлашдан истисно тариқасида озод қилинсин.
«Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси мавжуд ишлаб чиқариш потенциалидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш дастурини икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин, дастурда истиқболсиз ишлаб чиқаришларни тугатиш, ишламаётган ишлаб чиқаришларни, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда, реконструкция қилиш, замонавийлаштириш ва техника билан қайта жиҳозлаш, уларни рақобатбардошли чарм товарлар ва пойабзаллар чиқаришга қайта ихтисослаштириш чора-тадбирларини назарда тутсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси билан биргаликда шу йил 1 майгача уюшманинг ишламаётган, мол-мулки қиймати белгиланган имтиёзга мувофиқ солиққа тортилмайдиган ишлаб чиқаришлари рўйхатини аниқласинлар.
3. «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси ташкилотлари томонидан ишлаб чиқариладиган болалар пойабзали ва махсус пойабзаллар нархини пасайтириш мақсадида ушбу маҳсулотлар 2001 йил 1 июндан 2003 йил 1 январгача қўшилган қиймат солиғидан истисно тариқасида озод қилинсин.
4. Хизмат кўрсатувчи тижорат банкларига «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси ишлаб чиқариш ташкилотларига корхоналар ҳисоб рақамларидан якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқариладиган фурнитура, ёрдамчи ва бутловчи материаллар сотиб олиш учун ўз маҳсулотларини сотишдан олинган тушумларнинг 10 фоизи миқдорида нақд пул маблағлари беришга рухсат этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Молия вазирлиги ва «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси билан биргаликда тижорат банклари томонидан «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси ишлаб чиқариш ташкилотларига нақд пул маблағлари бериш тартибини ўн кун муддатда белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, «Савдогарбанк», «Ўзбекчармпойабзали» ва «Ўзбекчармпойабзали»нинг 2001 йилда ўз ресурслари ҳисобидан «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси корхоналари ва ташкилотларининг айланма маблағларини тўлдиришга жами 1,0 млрд сўм миқдорида ўртача муддатли кредит ажратиш, маблағларнинг бир қисмини хорижий банкларнинг асбоб-анжомлар сотиб олиш учун ажратилган кредитларини тўлашга йўналтириш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси:
«Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси ташкилотларига импорт қилинадиган хом ашё, моддий ва техника ресурслари бўйича қўшилган қиймат солиғи, божхона божлари ва йиғимлари тўловини белгиланган тартибда 2 ой муддатгача кечиктирсин;
чарм ва мўйна (шунингдек ностандарт), шу жумладан қоракўл хом ашёсининг (ТИФ ТН кодлари 4101-4103, 4301-4302) республикадан ташқарига ноқонуний олиб кетилишини бартараф этиш мақсадида божхона назоратини кучайтирсин.
Белгилаб қўйилсинки, мусодара қилинган чарм ва мўйна хом ашёси қонунчиликда белгиланган тартибда «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси ташкилотларига, қоракўл хом ашёси эса – «Бухоро қоракўл» акциядорлик жамиятига берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология назорати Республика маркази, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармаси билан биргаликда божхона органлари томонидан мусодара қилинган чарм, мўйна ва қоракўл хом ашёсини кейинчалик қайта ишлаш учун «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси ташкилотларига бериш, тўлов нархини белгилаш тартибини бир ой муддатда, белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда чарм, мўйна ва қоракўл хом ашёсини ноқонуний тайёрлаш, ташиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ташқарисига олиб кетиш ҳолларининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича келишилган тадбирларни бир ой муддатда ишлаб чиқсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 22 мартдаги 151-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1993й., 3-сон, 11-модда) билан тасдиқланган Мусодара қилинган, эгасиз мол-мулкни, ворислик ҳуқуқи бўйича давлат ихтиёрига ўтган мол-мулкни ва хазиналарни ҳисобга олиш, баҳолаш ва сотиш тартиби ҳақидаги Низомнинг 27-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Жун, гўштбоп моллар, парранда, қуёнлар, ғалла, каноп ва зиғир толаси ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ҳақи олиниб, давлат ёки кооператив тайёрлов ташкилотларига берилади.
Чарм ва мўйна хом ашёси, ҳақи олиниб, «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси ташкилотларига, қоракўл хом ашёси эса «Бухоро қоракўл» акциядорлик жамиятигa берилади».
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари М.З. Усмонов ва Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 12 апрель,
172-сон
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2001 й., 7-сон, 37-модда; 2003 й., 1-2-сон, 13-модда; 20-сон, 187-модда; 2005 й., 40-сон, 307-модда)