Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУҚУМАТИНИНГ АЙРИМ ҚАРОРЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 21 июлдаги 346-сон «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 12 июлдаги 159-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1991 й., 6-сон, 19-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 7-банди қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирсин:
«Хусусий, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг маҳаллий ҳокимликлар томонидан юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши кўрсатиб ўтилган субъектларнинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчиси сифатида қўшимча равишда рўйхатдан ўтказилмасдан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириши ва ваколатли банкларда валюта ҳисоб варақаси очиши учун асос бўлиб ҳисобланади».
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 14 февралдаги 55-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1995 й., 2-сон, 3-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида хусусий тадбиркорлик тўғрисидаги Низомнинг 10-банди қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Хусусий корхонанинг юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши унинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида ташқи иқтисодий алоқалар) қатнашчиси сифатида қўшимча равишда рўйхатдан ўтказилмасдан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириши ва ваколатли банкларда валюта ҳисоб варақлари очиш учун асос бўлиб ҳисобланади».
10-банднинг иккинчи ва учинчи хатбошилари тегишли равишда учинчи ва тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 15 июндаги 221-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1995 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган Давлат корхоналарини очиқ турдаги акциядорлик жамиятларига айлантириш тартибининг 5-банди қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Кичик ва ўрта тадбиркорлик субъекти бўлган акциядорлик жамиятининг давлат рўйхатидан ўтказилиши кўрсатиб ўтилган субъектларнинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчилари сифатида қўшимча равишда рўйхатдан ўтказилмасдан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириши ва ваколатли банкларда валюта ҳисоб варақлари очиши учун асос бўлиб ҳисобланади».
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 5 июнь,
214-сон