Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
2017 йил учун аҳоли бандлиги дастури тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси шуни таъкидлайдики, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И. Каримов томонидан белгилаб берилган иқтисодий сиёсатнинг энг муҳим ва устувор йўналишларини амалга ошириш, иқтисодиётни янада ислоҳ этиш ва диверсификациялаш, чуқур тузилмавий ўзгартиришлар иқтисодиётнинг юқори ва барқарор суръатларда ўсишига ҳамда аҳолининг бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг жорий йил 8 сентябрь куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. Мирзиёев ҳам мамлакатимиз аҳолисини иш билан таъминлаш энг муҳим ижтимоий-иқтисодий вазифа эканлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган 2017 йил учун аҳоли бандлиги дастури илгариги йиллардаги тажрибани ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган ва мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид бошқа дастурлар билан узвий боғлиқдир. Ушбу Дастур янги объектларни ишга тушириш, амалдаги ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, қайта жиҳозлаш ҳамда улардан янада тўлиқроқ фойдаланиш, асосан саноатдаги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасидаги фаолият кўрсатмаётган корхоналарни тиклаш, инфратузилма, коммуникация, уй-жой қурилишларининг миқёсларини кенгайтириш, кичик бизнесни, шу жумладан якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни, шахсий ёрдамчи хўжаликларни жадал ривожлантириш ҳисобига аҳолини иш билан таъминлашга қаратилгандир.
Шуни таъкидлаш керакки, Дастурни ишлаб чиқишда янгича ёндашувлар қўлланилди ва унга қатор концептуал ўзгартишлар киритилди. Меҳнат бозоридаги талаб ва таклифга чуқур баҳо берилди, барча туманлар ва шаҳарларнинг 2017 йилда аҳоли бандлигига бўлган эҳтиёжи ва унинг тузилмаси аниқланди, 2017 йилда барча йўналишлар ва ҳудудлар бўйича аҳоли бандлигини таъминлашга мўлжалланган харажатлар белгиланди, тасдиқланган дастурлар доирасида, шу жумладан кичик саноат зоналарини ташкил этиш натижасида иш ўринлари яратиш ҳисобига бандликни таъминлашнинг йўналишлари кенгайтирилди ҳамда алоҳида ажратиб кўрсатилди.
Аҳолини иш билан таъминлаш параметрларининг сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида Дастурда унинг туманлар ва шаҳарлар, тармоқлар ва аниқ корхоналар бўйича амалга оширилишининг тизимли ва мунтазам мониторингини давлат органларининг электрон ахборот тизимларидан фаол фойдаланган ҳолда юритиш вазифалари назарда тутилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган 2017 йил учун аҳоли бандлиги дастурини сиёсий партиялар фракцияларининг, Экологик ҳаракат депутатлар гуруҳининг таклифлари ва фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. 2017 йил учун аҳоли бандлиги дастури тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2017 йилда 789,5 минг нафар кишининг ишга жойлаштирилишини сўзсиз таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги:
2017 йил учун тасдиқланадиган параметрларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўрган ҳолда туманлар ва шаҳарлар, тармоқлар ва аниқ корхоналар бўйича аҳоли бандлиги дастурининг амалга оширилишини тизимли равишда мониторинг қилиш ва таҳлил этишни таъминласин;
йўналишлар ва ҳудудлар бўйича янгидан ташкил этиладиган иш ўринлари тўғрисидаги кўрсаткичларнинг ҳаққонийлиги устидан Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда назорат ўрнатсин;
тегишли давлат бошқаруви органлари билан ҳамкорликда чуқур ўрганиш асосида меҳнат бозоридаги талаб ва таклифни баҳолашни амалга оширсин, унинг натижаларига кўра аҳолини иш билан таъминлаш юзасидан зарур қўшимча чора-тадбирлар кўрсин;
аҳолига меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, мустақил равишда ишга жойлашиш учун иш жойи танлаш бўйича бепул маслаҳатлар берилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига 2017 йилга аҳоли бандлиги дастури бажарилишининг бориши тўғрисида ҳар чоракда умумлаштирилган ахборот ва материалларни тақдим этсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
2017 йил учун аҳоли бандлиги дастури асосий йўналишлари ва параметрларининг тегишли ҳудудда бажарилишини таъминласин;
янги иш ўринларини яратиш ва илгари ташкил этилган иш ўринларининг барқарор фаолият кўрсатиши учун ҳудудларнинг ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг имкониятлари ва захираларини ишга солиш, иш билан таъминлашнинг турли шаклларини, айниқса, кичик бизнес, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсин;
манфаатдор давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари билан биргаликда янги ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш, амалдаги ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, қайта жиҳозлаш ва улардан янада тўлиқроқ фойдаланиш, фаолият кўрсатмаётган корхоналарни тиклаш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга оширсин;
вилоятлар марказларида, барча шаҳарлар ва туманларда потенциал иш берувчилар, бўш иш ўринларига эга бўлган корхоналар ва ташкилотлар иштирокида иш ўринларининг ихтисослаштирилган ярмаркаларини ташкил этсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатларининг ижросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратсин, бунда Қонунчилик палатаси депутатлари сайлов округларидаги учрашувлар чоғида 2017 йил учун аҳоли бандлиги дастури бажарилишига, хусусан таълим муассасаларининг, аввало, касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришга янада жиддийроқ эътибор қаратсин.
5. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилсин.
6. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2016 йил 28 октябрь,
619-III-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 й., 10-сон, 328-модда)