Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган 2017 йилги Бюджетномани муҳокама қилиб, шуни таъкидлайдики, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 96-моддаси қоидаларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва киритилган.
Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари лойиҳаси макроиқтисодий мувозанатни ва барқарор иқтисодий ўсишни сақлаб қолишга, давлат қарзининг асоссиз ўсишига йўл қўймасликка, аҳоли даромадлари ва турмуш даражаси янада юксалишини таъминлашга, чуқур таркибий ўзгартиришларга ва муҳандислик, йўл-транспорт ҳамда ижтимоий инфраструктурани ривожлантиришга қаратилган фаол инвестиция сиёсатини юритишга, шунингдек бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, ҳудудларнинг даромад базасини кўпайтириш ва маҳаллий бюджет харажатларини мақбуллаштириб субвенция олувчи ҳудудларни камайтиришга қаратилгандир.
Солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаси солиқ юкини янада камайтириш, солиқ тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш, шунингдек бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар миқдорини янада оширишни, бюджет маблағларини самарали режалаштиришга, улардан фойдаланишнинг натижадорлигини оширишга ҳамда бюджетлараро муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади.
Тақдим этилган Бюджетномани — Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджетини, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 97-моддасига мувофиқ ҳар томонлама кўриб чиқиб, сиёсий партиялар фракцияларининг, Экологик ҳаракат депутатлар гуруҳининг таклифлари ва фикрларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари Давлат бюджети тақчиллигининг энг юқори даражаси ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1,0 фоиз миқдорида белгиланган ҳолда қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқланган макроиқтисодий кўрсаткичларнинг прогнозлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари бажарилишини, 2017 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг параметрлари ижро этилишини таъминласин. Бунда энг муҳим иқтисодий ва ижтимоий давлат дастурларини амалга ошириш, шунингдек макроиқтисодий мутаносибликни, иқтисодиётининг ислоҳ этилишини ва таркибий ўзгартиришларни таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар кўрсин.
3. Сиёсий партиялар фракцияларига, Экологик ҳаракат депутатлар гуруҳига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси масалаларини кўриб чиқиш чоғида уларнинг ижро этилиши устидан парламент назоратини такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифлар киритиш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари макроиқтисодий кўрсаткичларнинг тасдиқланган прогнозлари ва Ўзбекистон Республикаси 2017 йилги Давлат бюджетининг, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг параметрлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари бажарилишига, аввало, ижтимоий соҳа ҳамда инфратузилмани ривожлантиришга ажратиладиган бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишига парламент назоратини амалга ошириш чоғида алоҳида эътибор қаратсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси 2017 йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси 2017 йилги Давлат бюджетининг, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг тегишли ҳисобот давридаги ижроси ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ижроси юзасидан мунтазам равишда назорат-таҳлил ишларини амалга оширсин.
6. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилсин.
7. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2016 йил 28 октябрь,
618-III-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 й., 10-сон, 327-модда)