Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Вазирлар Маҳкамасининг «2015 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва иқтисодиётни янада ислоҳ қилишни чуқурлаштириш, таркибий ўзгартиришлар ва модернизация қилиш бўйича 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари тўғрисида»ги йиллик маърузаси ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддаси ва «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган «2015 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва иқтисодиётни янада ислоҳ қилишни чуқурлаштириш, таркибий ўзгартиришлар ва модернизация қилиш бўйича 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари тўғрисида»ги маъруза материалларини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. 2015 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 15 январдаги кенгайтирилган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши аъзолари иштирокида кўриб чиқилганлиги, унда эришилган натижаларнинг танқидий таҳлили билан бир қаторда иқтисодиётни янада ислоҳ қилишни чуқурлаштириш, таркибий ўзгартиришлар ва модернизация қилиш бўйича 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримов томонидан белгилаб берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг 2016 йил 15 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги «Бош мақсадимиз – мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, олиб бораётган ислоҳотларни, иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни изчил давом эттириш, хусусий мулкчилик, кичик бизнес ва тадбиркорликка янада кенг йўл очиб бериш ҳисобидан олдинга юришдир» деб номланган маърузасида белгилаб берилган вазифалар амалда ва сўзсиз бажарилишини таъминласин.
3. Қонунчилик палатасининг депутатлар бирлашмалари ва қўмиталари ўз фаолиятида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2016 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишлари амалга оширилиши самарали назорат қилинишини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирларни кўрсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2016 йил 16 февраль,
377-III-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 й., 2-сон, 34-модда)