Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади
[Кўчирма]
Наманган шаҳар давлат солиқ инспекцияси хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, «TAYFUN MOBILE» МЧЖга нисбатан:
Солиқ кодекси 114-моддасининг биринчи қисмига асосан 1 207 711 500 сўм;
Солиқ кодекси 114-моддасининг иккинчи қисмига асосан 191 920 600 сўм;
Солиқ кодекси 119-моддасининг биринчи қисмига асосан энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда молиявий жарима қўллашни сўраган (16-1501/10401-сонли иш).
«TAYFUN MOBILE» МЧЖ ҳам хўжалик судига даъво аризаси бериб, Наманган шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 2015 йил 6 июндаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган (16-1506/11737-сонли иш).
Суднинг 2015 йил 11 августдаги ажрими билан ишлар бирлаштирилган.
Биринчи инстанция судининг 2015 йил 20 августдаги ҳал қилув қарори билан «TAYFUN MOBILE» МЧЖнинг арз қилган талаби қаноатлантирилган, Наманган шаҳар давлат солиқ инспекциясининг арз қилган талабларини қаноатлантириш рад этилган. Шунингдек хусусий ажрим чиқарилиб, Наманган вилоят давлат солиқ бошқармасига юборилган.
Апелляция инстанцияси судининг 2015 йил 29 декабрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, Наманган шаҳар давлат солиқ инспекциясининг арз қилган талаблари кўрмасдан қолдирилган.
Суднинг 2016 йил 5 январдаги ажрими билан апелляция инстанцияси суди қарори ёзувидаги хато тузатилган.
Кассация протестида суд инстанциялари низолашилаётган ДСИнинг 2015 йил 6 июндаги қарори ДСИнинг 2015 йил 6 июндаги қарори билан бекор қилинганлиги ва низо бартараф этилганлигига эътибор бермаганлиги, бундай ҳолатда низоли қарор бекор бўлганлигини ҳисобга олиб даъвони қаноатлантириш рад этилиши лозимлиги баён этилиб, суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш сўралган.
Ишдаги ҳужжатларга кўра, қўзғатилган жиноят иши доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Наманган шаҳар бўлимининг 2015 йил 17 апрелдаги қарори, ушбу Департамент Наманган вилоят бошқармасининг 2015 йил 29 апрелдаги 78-сонли ва Наманган шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 2015 йил 24 апрелдаги 266-сонли буйруқларига асосан «TAYFUN MOBILE» МЧЖнинг молия-хўжалик фаолияти юзасидан ҳужжатли текшириш ўтказилган ҳамда унинг натижаси бўйича 2015 йил 21 майда далолатнома расмийлаштирилган.
Текширишда «TAYFUN MOBILE» МЧЖда 2013 — 2015 йилларда жами 2 941 501,4 минг сўмлик товарларни сотишдан тушган тушум назорат-касса машинасига кирим қилинмасдан, банкка топширилмаганлиги ва бошқа мақсадларга ишлатиб юборилганлиги аниқланган.
Текшириш материаллари Наманган шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи томонидан 2015 йил 1 июнда кўриб чиқилганидан кейин дастлаб 2015 йил 6 июнда «TAYFUN MOBILE» МЧЖга нисбатан Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 588 300,3 минг сўм, 119-моддасининг биринчи қисмига асосан энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача молиявий жарима ҳисоблаш ҳақида қарор қабул қилинган.
Сўнгра Наманган вилоят давлат солиқ бошқармаси Солиқ низоларини судгача кўриб чиқиш бўйича Ишчи гуруҳининг 2015 йил 17 июндаги хулосасига асосланиб, Наманган шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг 2015 йил 22 июлдаги қарори билан 2015 йил 6 июндаги қарор ўзгартирилиб, «TAYFUN MOBILE» МЧЖга нисбатан Солиқ кодекси 114-моддасининг биринчи қисмига асосан 1 207 711,5 минг сўм, омборда ёки реализация қилиш жойида мавжуд бўлмаган 959 603,1 минг сўмлик маҳсулотлар суммасига нисбатан 20 фоиз миқдорида 191 920,6 минг сўм, 119-моддасининг биринчи қисмига асосан энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача молиявий жарима ҳисобланган.
Кейинчалик Наманган вилоят давлат солиқ бошқармаси Солиқ низоларини судгача кўриб чиқиш бўйича Ишчи гуруҳининг 2015 йил 17 июндаги хулосасига асосланиб, Наманган шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг 2015 йил 5 августдаги қарори билан 2015 йил 6 июндаги қарор ўзгартирилиб, «TAYFUN MOBILE» МЧЖга нисбатан Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 588 300,3 минг сўм, 119-моддасининг биринчи қисмига асосан энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача молиявий жарима ҳисобланган.
Ва, ниҳоят, текшириш материалларига асосланиб Наманган шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг 2015 йил 6 августдаги қарори билан «TAYFUN MOBILE» МЧЖга нисбатан Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 588 300,3 минг сўм, 119-моддасининг биринчи қисмига асосан энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача молиявий жарима такроран ҳисобланган.
Наманган шаҳар давлат солиқ инспекцияси «TAYFUN MOBILE» МЧЖга нисбатан Солиқ кодекси 114-моддасининг биринчи қисмига асосан 1 207 711 500 сўм, 114-моддасининг иккинчи қисмига асосан 191 920 600 сўм, 119-моддасининг биринчи қисмига асосан энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда молиявий жарима қўллаш, «TAYFUN MOBILE» МЧЖ эса Наманган шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 2015 йил 6 июндаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида хўжалик судига ариза берган.
Апелляция инстанцияси суди Наманган шаҳар давлат солиқ инспекциясининг арз қилган талабларини кўрмасдан қолдирган.
Суд мажлисида аниқланишича, 16-1604/178-сонли иш бўйича 2016 йил 13 апрелдаги ҳал қилув қарори билан Наманган шаҳар давлат солиқ инспекциясининг айнан шу текшириш материаллари бўйича арз қилган талаблари қаноатлантирилиб, «TAYFUN MOBILE» МЧЖга нисбатан Солиқ кодекси 114-моддасининг биринчи қисмига асосан кирим қилинмаган 1 207 711 500 сўмлик товарлар қийматининг 20 фоизи миқдорида 241 542 300 сўм, 114-моддасининг учинчи қисмига асосан жамият омборида ёки реализация қилиш жойида мавжуд бўлмаган 959 603 100 сўмлик маҳсулот қийматининг 20 фоизи миқдорида 191 920 600 сўм, 119-моддасининг биринчи қисмига асосан энг кам иш ҳақининг 30 баравари, яъни 3 907 200 сўм миқдорида молиявий жарима тайинланиб, Солиқ кодекси 108-моддасининг саккизинчи қисмига мувофиқ тайинланган унча оғир бўлмаган молиявий санкцияни оғирроқ молиявий санкция билан қамраб олиш бўйича ҳисоблаш орқали узил-кесил 241 542 300 сўм молиявий жарима қўлланилган.
Аммо биринчи инстанция судининг «TAYFUN MOBILE» МЧЖнинг арз қилган талабини қаноатлантириш, апелляция инстанцияси судининг ҳал қилув қарорининг ушбу қисмини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисидаги хулосалари билан келишиб бўлмайди. Чунки, суд мажлисида аниқланишича, низолашилаётган Наманган шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 2015 йил 6 июндаги қарори 2015 йил 21 июлдаги қарор билан бекор қилинган.
Ваҳоланки, иш бўйича суднинг ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар низолашилаётган ҳужжат уни қабул қилган орган томонидан бекор қилинган бўлса, низо бартараф этилганлиги муносабати билан ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабни қаноатлантириш рад этилади. Ушбу масала юзасидан Олий хўжалик суди Пленумининг «Давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг шундай ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида» 2016 йил 17 июндаги 298-сонли қарори 18-бандининг биринчи хатбошисида ҳам таъкидланган.
Шундай экан кассация протестида бу ҳақда келтирилган важ асослидир. Лекин кассация протестида суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш тўғрисида қўйилган масала билан келишиб бўлмайди.
Чунки, кассация инстанцияси суди Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 188-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган ҳоллардагина ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳамда ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишга ҳақли. Бу ҳақда Олий хўжалик суди Пленумининг «Кассация инстанциясида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида» 2005 йил 23 декабрдаги 136-сонли қарорининг 15.1-бандида таъкидланган.
Баён этилганларга асосан судлов ҳайъати хўжалик судининг 2015 йил 20 августдаги ҳал қилув қарори ва 2015 йил 29 декабрдаги қарорини ўзгартиришни, ҳал қилув қарорининг ««Тайфун мобиль» МЧЖнинг даъвоси қаноатлантирилсин, Наманган шаҳар ДСИнинг 06.06.2015 йилдаги «Солиққа оид ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш тўғрисида» қарори ҳақиқий эмас деб топилсин» деган қисмини ҳамда апелляция инстанцияси суди қарорининг ҳал қилув қарорининг ўзгаришсиз қолдирилган шу қисмини бекор қилишни, «TAYFUN MOBILE» МЧЖнинг Наманган шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 2015 йил 6 июндаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабини рад этишни лозим деб топади.
2016 йил 12 июль,
16-1506/10737-сон