Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Жиноят иши бўйича умумий суднинг қонуний кучга кирган ҳукми муайян ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича хўжалик суди учун мажбурийдир
[Кўчирма]
Андижон шаҳар давлат солиқ инспекцияси хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, якка тартибдаги тадбиркор К. Юлдашевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 114-моддасининг учинчи қисмига асосан 48 155 740 сўм, 119-моддасининг биринчи қисмига асосан энг кам иш ҳақининг эллик баравари 6 512 000 сўм молиявий санкция қўллашни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаблар қаноатлантирилган. Якка тартибдаги тадбиркор К. Юлдашевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 114-моддасининг учинчи қисмига асосан 48 155 740 сўм, 119-моддасининг биринчи қисмига асосан энг кам иш ҳақининг эллик баравари 6 512 000 сўм молиявий жарима тайинланиб, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 108-моддасининг саккизинчи қисмига асосан унча оғир бўлмаган молиявий санкцияни оғирроқ жарима билан қамраб олиш орқали узил-кесил 48 155 740 сўм молиявий санкция қўлланилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Кассация шикоятида ишни кўришда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилганлиги, иш ҳужжатлари тўлиқ ўрганилмаганлиги баён қилиниб, ҳал қилув қарорини бекор қилиш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.
Ишдаги ҳужжатларга кўра, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг 2016 йил 22 февралдаги 06-3862-сонли рухсатига, Андижон шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 2016 йил 15 мартдаги 102-х/с-сонли, 2016 йил 31 мартдаги 126-хс-сонли буйруқларига асосан якка тартибдаги тадбиркор К. Юлдашевнинг 2011 — 2015 йиллардаги тадбиркорлик фаолияти юзасидан режадан ташқари текшириш ўтказилиб, текшириш натижалари юзасидан 2016 йил 31 мартда далолатнома расмийлаштирилган.
Текширишда якка тартибдаги тадбиркор К. Юлдашев савдо фаолияти билан шуғулланишда назорат-касса машинасини қўллаш тартибини бузганлиги, чеклардан фойдаланмасдан чакана савдони амалга оширганлиги, 240 778 700 сўмлик маҳсулотларни нақд пулга сотиб, сотувдан тушган пул маблағларини банкка топширмаганлиги каби солиққа оид ҳуқуқбузарликлар аниқланган.
Текшириш материаллари Андижон шаҳар давлат солиқ инспекциясида кўриб чиқилиб, унинг натижалари бўйича 2016 йил 26 апрелда қарор қабул қилинган.
Ҳисобланган жарима белгиланган муддатларда тўланмаганлиги натижасида мазкур низо келиб чиққан.
Ишдаги далиллар ҳақиқатан ҳам якка тартибдаги тадбиркор К. Юлдашев томонидан савдо фаолияти билан шуғулланишда назорат-касса машинасини қўллаш тартиби бузилганлиги, чеклардан фойдаланмасдан чакана савдо амалга оширилганлиги, 240 778 700 сўмлик маҳсулотлар нақд пулга сотиб, сотувдан тушган пул маблағлари банкка топширилмаганлиги, натижада Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 114-моддасининг учинчи қисми ҳамда 119-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар содир этилганлигидан далолат беради. Ушбу ҳолатларни инкор этиб бўлмайди.
Бир неча ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги учун молиявий санкцияларни қўллашда давлат солиқ хизмати органи томонидан аризада қўлланилиши сўралаётган жарималарнинг энг юқори миқдори оғирроқ жарима ҳисобланади. Унча оғир бўлмаган жарима оғирроқ жарима билан қамраб олинганда оғирроқ жарима қўлланилади. Бунда жариманинг узил-кесил миқдори жариманинг юқори миқдори назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун белгиланган жариманинг энг кўп миқдоридан ошмаслиги лозим. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2010 йил 18 июндаги «Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 210-сонли қарорининг 25.2-бандида таъкидланган.
Шунга кўра, биринчи инстанция суди моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, арз қилинган талабларни қаноатлантириб, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 108-моддасининг саккизинчи қисмига асосан унча оғир бўлмаган молиявий санкцияни оғирроқ жарима билан қамраб олиш орқали узил-кесил 48 155 740 сўм молиявий санкция қўллаш ҳақида тўғри хулосага келган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важлар билан келишмайди. Чунки К. Юлдашевнинг 240 778 700 сўмлик ёғ маҳсулотларини 2016 йил март ойи ҳолатига нақд пулга сотиб, савдодан тушган нақд пул маблағларини назорат-касса машинасига кирим қилмаганлик ҳолати жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг 2016 йил 14 июндаги ҳукми билан тўлиқ ўз исботини топган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 60-моддаси тўртинчи қисмининг мазмунига кўра солиқ тўловчининг раҳбари ёки ходимига нисбатан жиноят иши бўйича ҳукм муайян ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича хўжалик суди учун мажбурийдир. Бунда ваколатли орган текшириш тартиби ва қоидалари бузилмаган ҳолда ўтказилганлигини ҳамда солиқ тўловчининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлигини исботлашдан озод этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2010 йил 18 июндаги «Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 210-сонли қарори 20-бандининг иккинчи хатбошисида таъкидланган.
Жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларнинг мавжудлигини жавобгар далиллар асосида исботламаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2010 йил 18 июндаги «Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 210-сонли қарорининг 35.1-бандида таъкидланган. Шу сабабли биринчи инстанция суди ишни кўришда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, Солиқ кодекси 112-моддасининг тўртинчи қисмини қўлламаган.
Баён этилганларга асосан судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, шикоятни эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, тўланган 7 000 сўм почта харажатларини якка тартибдаги тадбиркор К. Юлдашев зиммасида қолдириб, ундан суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ 30 000 сўм суд харажатларини ундиришни лозим топади.
2016 йил 6 сентябрь.,
17-1606/11304-сон