Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун жавоб беради
[Кўчирма]
Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ (бундан буён матнда — даъвогар) манфаатини кўзлаб хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Қишлоқхўжаликимё» АЖ Зомин туман филиалидан (бундан буён матнда — жавобгар) 8 851 287 сўм асосий қарз, 159 644 627 сўм жарима, жами 168 495 914 сўм ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган. Жавобгардан даъвогар фойдасига 2 351 287 сўм асосий қарз, 6 364 167 сўм жарима ундирилган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Жавобгарнинг кассация шикоятида ишни кўришда биринчи инстанция суди моддий ҳуқуқ нормасини нотўғри қўллаб, «Ўзбекистон темир йўллари» Уставининг 132-моддасига кўра вагонларни белгиланган муддатлардан ортиқ бўш туриб қолганлиги учун ҳисобланган ва жавобгар томонидан тан олинган жарима суммасини асоссиз равишда камайтирганлиги баён қилиниб, ҳал қилув қарорини ўзгартириш ва жавобгардан даъвогар фойдасига 63 641 679 сўм жарима ундириш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, даъвогар томонидан берилган ишончномага асосан «Ўзтемирйўлҳисобмарказ» Жиззах юк ҳужжатларини қайта ишлаш маркази билан жавобгар ўртасида 2012 йил 25 октябрда 0329-сонли темир йўлда юкларни ташиганлик ва кўрсатилган хизматлар учун ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисида келишув тузилган.
Келишувнинг 2.3-бандида мижоз кўрсатилиши кутилаётган темир йўл ташувлари ва хизматлари учун олдиндан 100 фоизлик тўловларни амалга ошириши белгиланган.
Келишувнинг 3.1-бандида тарафлар ўртасида жавобгарлик «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, «Ўзбекистон темир йўллари» Устави ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланиши қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси транспорт прокуратураси томонидан даъвогар тизимидаги «Ўзтемирйўлҳисобмарказ» Жиззах юк ҳужжатларини қайта ишлаш технологик марказида ўтказилган текширишда жавобгар томонидан ўзаро тўлов интизомини мустаҳкамлашга оид қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилганлиги, яъни жавобгар «Ўзтемирйўлҳисобмарказ» Жиззах юк ҳужжатларини қайта ишлаш технологик марказидан 2016 йил 1 январь ҳолатига асосий қарз бўйича 8 851 287 сўм, вагонларни белгиланган муддатлардан ортиқ бўш туриб қолганлиги учун ҳисобланган жарима бўйича 159 644 627 сўм, жами 168 495 914 сўм қарздорликка йўл қўйганлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (кейинчалик матнда — ФК) 8 ва 234-моддаларига кўра, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ва ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
ФКнинг 236-моддасида, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса — иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши кераклиги назарда тутилган.
Ишни кўриш жараёнида жавобгарнинг даъвогар олдидаги 89 502 948 сўм қарзи Жиззах вилоят хўжалик судининг 13-1306/7182-сонли хўжалик иши бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори билан ундириб берилганлиги, жавобгарнинг 8 851 287 сўм асосий қарз, 70 141 679 сўм жарима бўйича қарзи мавжудлиги аниқланган бўлиб, ишни кўриш кунига қадар ушлаб қолинган пул маблағлари шартноманинг 2.7-банди талабларига мувофиқ пропорция шаклида тақсимлангач, жавобгарнинг даъвогар олдидаги мавжуд қарзи асосий қарз бўйича 2 351 287 сўмни, жарима бўйича 63 641 679 сўмни ташкил қилган.
ФКнинг 263-моддасига кўра, неустойка тўлаш тарафларнинг келишувида назарда тутилган ёки тутилмаганлигидан қатъи назар, кредитор қонунда белгиланган неустойка (қонуний неустойка)ни тўлашни талаб қилишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 23 октябрдаги 232-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон темир йўллари» Уставининг 132-моддасига кўра юкни жўнатувчи, юкни қабул қилувчи воситалари билан юкни тушириш ёки юклашга берилган вагонларни белгиланган муддатлардан ортиқ бўш туриб қолганлиги учун юкни жўнатувчи ёки юкни қабул қилувчидан жарима ундирилади.
Оддий вагонларни бўш туриб қолганлиги (ёпиқ вагонлар, ярим вагонлар, платформалар) жарималар қуйидаги миқдорларда ундирилади:
1 соатдан 6 соатгача бўш туриб қолган бир вагон/соат учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 0,05 фоизи миқдорида;
7 соатдан 12 соатгача бўш туриб қолган бир вагон/соат учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 0,1 фоизи миқдорида;
13 соатдан 18 соатгача бўш туриб қолган бир вагон/соат учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 0,15 фоизи миқдорида;
18 соатдан ортиқ бўш туриб қолган бир вагон/соат учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 0,25 фоизи миқдорида.
Станцияларда, оралиқ ва қўшни темир йўл станцияларида юкни тушириш ёки юклашни кутиб турган ва юкни қабул қилувчига боғлиқ сабаблар билан бўш туриб қолган вагонларга ҳам юқоридаги миқдорларда жарималар ундирилади.
Вагонларни бўш туриб қолиши учун жарима юкларни ташиш режаси бажарилмаганлиги учун ундириладиган жаримадан қатъи назар, ундирилади.
2015 йил декабрь ойи учун 0702133 рақамли вагон бўш туриб қолганлиги учун даъвогар томонидан 63 641 679 сўм жарима ҳисобланган.
Даъвонинг 2 351 287 сўм асосий қарз ва 63 641 679 сўм жарима ундириш талаблари жавобгар томонидан эътирозсиз имзоланган вагонларни тақдим қилиш ва тозалаш ведомостлари ва қўшимча йиғимлар учун жамғариб бориладиган карточкалар билан, шунингдек 2016 йил 1 январдаги ўзаро солиштирма далолатнома билан тўлиқ тасдиқланади.
ФКнинг 333-моддасида қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун жавоб беришлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 163-сонли қарорининг 4-бандида агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд қарздор томонидан мажбуриятларнинг бажарилиш даражасини, мажбуриятда иштирок этувчи тарафларнинг мулкий аҳволини, шунингдек кредиторнинг манфаатларини эътиборга олиб, неустойка миқдорини камайтиришга ҳақлилиги, бироқ нестойканинг энг кам миқдори ФКнинг 327-моддасида кўрсатилган фоизлар миқдоридан кам бўлмаслиги лозимлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида» 2007 йил 15 июндаги 161-сонли қарорининг 1-бандига кўра суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак.
Биринчи инстанция суди ушбу Пленум қарори талабларига риоя қилган ҳолда ишдаги мавжуд далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, даъво талабларини қисман қаноатлантириш, даъвонинг жарима ундириш қисмини ФКнинг 326-моддаси талабларига асосан камайтириш ҳақида қонуний тўхтамга келган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 188-моддасининг биринчи қисмида моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлиши назарда тутилган.
Ушбу ҳолатда, ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асослар мавжуд эмас.
Агар апелляция ва кассация шикоятлари берилганда суд ҳужжатининг фақат ундириш ёки ундиришни рад этиш қисми шикоят қилинаётган бўлса, давлат божи низолашилаётган суммадан келиб чиқиб ҳисобланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик суди Пленумининг «Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 2008 йил 18 апрелдаги 180-сонли қарорининг 4.6-бандида батафсил тушунтириш берилган.
Бундай ҳолатда, судлов ҳайъати, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ тўланган 318 208 сўм давлат божи ва 7 000 сўм почта харажатини даъвогар зиммасида қолдиришни ва ундан суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ 30 000 сўм суд харажатини ундиришни лозим топади.
2016 йил 18 июль,
13-1602/3971-сон